Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШАЁТГАН “МУШТУМ”

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШАЁТГАН “МУШТУМ”

Кулгисевар халқимизга қарийб бир асрдан буён ҳамроҳ бўлиб келаётган “Муштум” журнали сўнги пайтларда кўринмай қолганди. Биз матбуот дўконидаги газета-журналлар орасидан уни қидириб, чоп этилмаётганидан хуноб бўла бошлагандик. Сабаби “Муштум” ўз номи билан муштум-да, жамиятдаги иллатларга қарши муросасиз бўлишни ҳам, одамларга табассум улашишни ҳам билади. Шу  боисдан унинг ўрни алоҳида эди. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ягона ҳажв (сатира) журнали, дея эътироф этиладиган “Муштум” айрим сабабларга кўра бир муддат танаффус қилишга мажбур бўлди. Хайрият, танаффус узоққа чўзилмади.  Ташаббускорлар кўмаги билан журналнинг янги сони чоп этилди. Бу хайрли ишга, яъни “Муштум”нинг яна сафга қайтишига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ҳам муносиб ҳассаси бор.

Бугун Миллий матбуот марказида қайта чоп этила бошланган “Муштум” журналининг янги сони тақдимот маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари, устоз журналистлар, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари, талабалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, “Муштум” журнали бош муҳаррири Носир Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрстаган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети босма нашрлар кафедраси мудири Назира Тошпўлатова ва бошқалар  мавзу юзасидан ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Маълумки,  барчамиз учун суюкли бўлган “Муштум” журнали 1923 йили ташкил топган. Журналга буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий ва унинг маслакдошлари асос солишган. Унинг биринчи бош муҳаррири Ғози Юнус, биринчи бош рассоми Иштван Тула ҳисобланади. Қодирий бобомиз 1923 йилнинг 18 февраль сонида чоп этилган журналнинг илк сонида нашрга оқ йўл тилаб ёзган мухтасаргина мақоласи эълон қилинган.

Журнал қарийб бир асрлик фаолияти давомида ўзбек нашрлари ичида энг мураккаб ва энг оғир йўлни босиб ўтган десак, муболаға бўлмайди. Аммо  ҳар қандай даврда ҳам ўз олдига қўйилган вазифани бажаришдан чалғимади. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар учун ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш журналнинг бош мезони бўлиб қолаверди. Ҳар битта ўзбек хонадонига кулги-қаҳқаҳа, ҳазил-мутойиба олиб кирди. Саҳифаларида чоп этилган танқидий мақолалар, фельетонлар орқали жамиятни турли иллатлардан тозалашга кўп ҳисса қўшди. “Муштум”да чиққан кўпгина ҳажвий асарлар адабиётимизнинг бебаҳо дурдоналарига айланди. Тараққийпарвар, халқпарвар маърифатпарвар зиёлиларимиз – Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон бошлаб берган анъанани Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Анвар Обиджон, Саъдулла Сиёев, Турсунбой Адашбоевлар давом эттиришди.

Журналга элимизнинг таниқли адиблари – Мумтоз Муҳамедов, Акмал Пўлат, Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Мақсуд Қориев, Жўра Саъдулла, Неъмат Аминов, Ашурали Жўраевлар бош муҳаррирлик қилишган.  “Муштум”нинг оммалашига карикатурачи рассомларидан Леушин, Борис Жуков, Владимир Думкин, Дмитрий Синицский, Вячеслав Муромцев, Лутфулла Абдуллаев, Черкаускас, Наримон Иброҳимов, Тельман Муҳамедов, Алижон Ҳолиқов ва Фаррух Кагаров катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Юз билан юзлашаётган “Муштум” оммабоплиги жиҳатидан рекорд ўрнатган дейишга ҳам асосимиз бор. Журнал энг гуллаган даврида ойига бир миллион етти юз минг, ҳар ўн беш кунда 850 минг ададда нашр қилинган.

 “Муштум” олдига қўйилган мақсад-вазифалардан, йўналишидан келиб чиқиб, бугунги кунда ҳам жамиятдаги турли иллатларга, кундалик ҳаётда учраётган зарарли одатларга қарши курашишда муҳим маънавий восита вазифасини ўтайди.

 “Муштум” журналининг тақдимот маросими кўтаринки руҳда ўтди. Оммавий ахборот воситаси ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Журналнинг келгусидаги фаолиятига доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 Нодира Нормуродова

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img