Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЁшларимиз учун инқилобий имтиёзлар жорий этилмоқда

Ёшларимиз учун инқилобий имтиёзлар жорий этилмоқда

Мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этилади. Жумладан, 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. 1 июндан бошлаб, “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади.

Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади. “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Шунингдек, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.

 “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади.Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img