Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЁш авлод тарбияси умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа

Ёш авлод тарбияси умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа

 Кўҳна тарих тажрибаси эл-юртига, ватанига садоқатли, иймон-эътиқоди бутун, мард ва жасур, маънавияти юксак фарзандлар жамиятнинг чинакам бойлиги эканлигидан далолат беради. Ана шундай ноёб фазилатларга эга авлодни тарбиялаб, вояга етказаётган халқ келажаги порлоқ бўлишига шубҳа йўқ.

Айниқса, глобаллашув деб аталмиш шиддатли жараён­лар кечаётган, коронавирус пандемияси туфайли поёни кўринмаётган иқтисодий ва молиявий инқироз давом этаётган, атрофимизда хавфли можаролар рўй бериб, «ёт маданиятлар экспансия»си бўй кўрсатиб турган бир пайтда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш масаласи умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб қолаётганини яна бир марта таъкидлаб ўтиш ўринли бўларди.

Баркамол авлод тарбиясига кеча ёки бугун эътибор қаратилаётгани йўқ. Айни масала Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маъно-мазмунига айланди.  Ўзбекистонда ёш авлод тарбиясига бунчалик улкан аҳамият ва эътибор берилаётгани, Президентимизнинг ҳар бир ­нутқи, ҳар бир маърузасида ёшлар мавзуси тилга олинаёт­ганининг сабаби нимада, деган саволлар жавоби албатта, эртанги кун эгаларини қизиқтириши табиий.

Жавоб оддий. Ватанимиз олдида турган энг эзгу мақсадлар — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекис­тоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган  ёшларнинг қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

 Бугун кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳодисаларнинг ўзи ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, катта давлатлар ўртасида дунёни, улкан табиий ресурс­ларга бой ўлкаларни тақсимлаш «ўйин»лари тинганича йўқ. Ҳар бир тўнтариш, ҳар бир низо ва можаро ортида у ёки бу давлатни мутеликка қайтариш интилиши ётганини мутахассислар бежиз таъкидламаяптилар. Энг ёмони, ёш мустақил давлатларни танлаб олган тараққиёт йўлидан, орзу-мақсадларига эришиш,  янги жамият қуриш йўлидан қайтармоқчи бўлса, аввало, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларнинг қалби ва онгининг мўртлигидан фойдаланишга, уларнинг маънавиятини бузиш, муайян халқларнинг табиатига, урф-одатлари, қадриятларига бегона ғоялар билан чалғитиб, ўзининг ғаразли ниятларини амалга ошириш йўлида қурол қилиб олишга уринаётганини сезиш учун катта сиёсатчи бўлиш шарт эмас. Ривожланган мамлакатларда ирқчи ва миллатчи ёшлар ҳаракатининг урчиб бораётгани, улар дастидан катта ёшлиларнинг кўчаларга чиқишга қўрқиб қолгани, Шарқ мамлакатлари ёшлари ҳаётига фахш, зўравонлик, номуссизлик, андишасизлик каби ёт қусурларнинг кириб келаётгани эртанги авлод тарбиясига эътиборни ҳар қачонгидан кўра кучайтиришни талаб этади.

Ўзбекистонда шахс эркинлиги, инсон ҳуқуқларининг муҳофазаси ва кафолати, эътиқод, меҳнат ва касбни эркин танлаш ҳуқуқи, таълим олиш, ижтимоий муҳофаза ва бошқа имкониятлар қонунлар билан кафолатланган. Бугунги қийин ва зиддиятли бир пайтда, мамлакатимиз сар­ҳадига яқин жойларда урушлар рўй бериб, қон тўкилиб турган бир вазиятда Ўзбе­кистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиб, инсон учун энг олий неъмат — яшаш ва осойишта ҳаёт кечириш ҳуқуқи тўла кафолатланган. 

Давлатимиз хавфсизлигини таъминлашнинг асоси — мамлакатимиз ёшлари. Ёшлар — бизнинг таянчимиз, эртанги кундан умидимиз, савоб ишларимизнинг давомчилари деб кўп гапирамиз. Нафақат хавфсизлигимиз, шу билан бирга юрт тинчлиги, ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги ғоясининг амалга ошиши, давлатимизнинг келажакда барқарор бўлиши ҳам ёшларимиз қандай шаклланишига бевосита боғлиқ. Иморатнинг мустаҳкамлиги уйнинг пойдеворига боғлиқ. Пойдевор қанчалик бақувват бўлса, иморат ҳам шунчалик умрбоқий туради. Заиф пойдевор устига қурилган ҳар қандай муҳташам бино ҳам бир марта бўрон турса бас, ўша заҳоти қулаб тушади.

Мамлакатимиз пойдевори эса шубҳасиз, аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этган ёшлардир. Яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам ёшлар тарбияси, маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Шу нуқтаи назардан, миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етиш, бу борадаги ишларни такомиллаштириш устувор вазифа. Шу боис Президент мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясига яна бир бор тўхталиб ўтди. Яъни,  яратилаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. “Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, – деди давлатимиз раҳбари.

Сайёрамизда манфаат ва бойлик илинжида олиб борилаётган маҳаллий ва ички урушлар, этник қирғинлар, очарчилик ҳамда молиявий ва иқтисодий инқирозлар сабаб юзага келган қийинчиликлар оқибатида ҳалок бўлаётган болалар сонининг ортиб бораётгани, 2006 йилдан бошлаб йилига дунёда 10 миллионга яқин бола ҳаётдан бевақт кўз юмаётгани барча балолар ортида қашшоқлик, очлик, тўйиб овқат емаслик, санитария ва тиббий хизмат сифатининг пастлиги, ижтимоий тенгсизлик сабаб эканига гувоҳ бўламиз. 

Ваҳоланки, «қизил им­пе­р­ия»дан мустақил Ўзбекистонга ҳам улкан ва оғир муаммолар мерос бўлиб ўтганини бир дақиқа бўлсин ёддан чиқармаслик керак. Бизга эски тузумдан пахта яккаҳокимлиги, заҳарли дорилар билан қопланган далалар, қишлоқлардаги ачинарли аҳвол, мураккаб демографик вазият, уюшган жиноятчилик, Орол муаммоси каби экологик офатлар оғир мерос бўлиб қолган эди. Айниқса, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, ички сиёсий вазиятни барқарор ушлаб туриш, ташқи сиёсат ишларини ташкил этиш сингари ҳаёт-мамотимизни ҳал қиладиган масалалар ғоят катта куч, маблағ, энг муҳими, вақт сарфлаганини таъкидламаса бўлмайди.

Шукурки, олиб борилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат, мамлакатни демократлаштириш бўйича танлаб олинган моделнинг ҳаётийлиги туфайли ана шу оғир машаққатларни ижтимоий ларзаларсиз енгиб ўтишга эришдик. Бугун тараққиётнинг «Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш» деган ҳақиқатини кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият эътироф этмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Британия бош вазири Уинстон Черчиллга танишиб чиқиш учун мамлакат бюджетини келтиришган экан. Ҳужжатга екўз югуртириб, у сўраган: – Маданият ва маънавият масалаларига ҳаражатлар қани? – Ахир уруш кетаяпти, қандай маданият?! – Агар маданият ва маънавият йўқ бўлса, унда нима учун урушаяпмиз? – дея ҳайратланган экан Черчилл. Ҳозир дунёда кўринмас ёв – коронавирус ҳуружига қарши кураш кетаяпти. Шундай бир оғир шароитда, мураккаб ва кескин муаммоларга тўқнаш келаётганимизга қарамасдан, миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилгани, бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланиши кўзда тутилаётгани қаҳраҳмонлик ва матонатнинг намунаси деб айтгимиз келади.  Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, коронавирус Инқирозига қарши чоралар дастурларининг изчил ижроси туфайли ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконияти беқиёс кенгайди. 

Ниёхон Тошпўлатова,
Денов туманидаги 79-ўрта мактаб ўқитувчиси,
Термиз давлат университетининг 1-курс магистри

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img