Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЯқин Шарқ “портлайдиган бомба”

Яқин Шарқ “портлайдиган бомба”

Яқин Шарқда пандемиягача бир неча ой давом этган норозилик намойишлари карантин натижасида тўхтаб қолди. Аммо энди Ироқ ва Ливанда намойишчилар яна кўчага қайтмоқда. Пандемия жамиятдаги мавжуд муаммоларни янада чуқурлаштирди. Одамлар омонатларимизнинг барчасини йўқотди. Халқ муаммоларга сиёсий элита орасида чуқур ўрнашган коррупция айбдор, дейди. “Транспаренcи Интернешинэл” ташкилотига кўра, Ливанда порахўрлар сиёсий тизим ҳимоясида бўлиб, фуқароларнинг салкам 90 фоизи назарида, ҳукумат бунга қарши курашмаяпти.

Муаммо тез ҳал қилинмаса, дейди таҳлилчилар, мамлакат янада беқарорлашади. Сўнгги олти ойдан бери кузатилаётган барча зўравонликлар миллий валюта қийматининг кескин тушиб кетишидан бошланган. Ироқда эса кўп ойлик намойишлар ўтган йил октябрда бошланиб, юзлаб одам ўлимига сабаб бўлди. Намойишчиларнинг бир қисми ҳозир пандемия сабаб уйда, бошқалари эса шаҳарлар марказига қайтган. Янги Бош вазир Мустафо Қадимий намойишчиларнинг баъзи талабларини бажаришга рози, хусусан қамоқдаги фаолларни озод қилиш, коррупцияга қарши курашиш, янги сайловларни белгилаш, мамлакатни қамраб олган молиявий ва хавфсизлик билан боғлиқ инқирозга ечим топишга.

Бироқ фаоллар 17 йилда адолатли демократия ўрнатишга қаратилган ҳаракатлар самара бермаганини айтиб, бош вазир ваъдаларига шубҳа билан қарамоқда ва ваъда қилинган ишлар амалга оширилмагунча намойишларни бас қилмасликка қарор қилди. Иқтисодий адолатни ёлғиз намойишчилар талаб қилаётгани йўқ, дейди таҳлилчилар. Тушкунлик ва умидсизлик ҳисси ғазабга айланмоқда. Нафақат намойишчиларда, балки кўчага чиқмаган бошқа одамларда ҳам. 2003-йилдан бери Ироққа демократия ва самарали бошқарув ваъда қилиб ҳокимиятга келаётган раҳбарлар бу ишнинг уддасидан чиқа олгани йўқ, деган фикр мавжуд жамиятда.

БМТ башоратига кўра, нефтга бой Ироқда қашшоқлик жорий йилда 40 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда. Мамлакат нефт нархининг кескин тушиб кетгани ва “Исломий давлат” жангари тўдаси таҳдидларининг ошгани билан олишмоқда. Ироқ ва Ливандаги фаоллар пандемия сусайса, курашни тўлиқ давом эттиришга умид қилмоқда. Афтидан инқилоб тўхтамайди. Одамлар кўчаларга яна чиқиб, ҳуқуқларини талаб қилмоқчи. Мутахассисларнинг хулосаси шуки, бу мамлакатларда ҳукуматлар чуқур ислоҳотларга қўл урмаса, таназзул янада кучаяди. Боз устига, коронавирус секин-аста Яқин Шарқни чулғаб олмоқда. Бу ерда унинг гуманитар оқибатлари қақшатқич бўлиши мумкин. Ҳатто Яқин Шарқдаги ривожланган тиббиёт тизими ва захираларга эга Исроил ҳам пандемия оқибатлари қаршисида қийналиб қолмоқда. Исроил худди Ғарбий Европа ва АҚШ юз тутган муаммоларга рўбару келмоқда. Эронда эса аҳвол янада оғирроқ: ўлим ҳоллари тез ошмоқда. Саудия Арабистони ва Россия ўртасидаги нефть нархи уруши ҳам минтақа иқтисодий аҳволини ёмонлаштирди.

Яқин Шарқдаги аксар ҳукуматлар одамларга маошларини тўлаб туриш ёки бизнесларни қўллаш учун зарур захираларга эга эмас. Аммо минтақадаги энг улкан муаммо – у ердаги урушлар ва бу урушлар туфайли қочқинларга айланган жуда катта сондаги инсонлар тақдири. Сурия, Ливия ва Яман – инқироздаги давлатлар. Уларда захиралар кам, тиббий жиҳозлар етмайди. Ёрдам ташкилотлари минтақа учун зудлик билан халқаро кўмак зарурлигини айтишмоқда. Ҳатто ҳозир жанг кечмаётган жойларда ҳам хатарли ва заиф нуқталар бор. Масалан, Исроил ишғол қилган Ғарбий Соҳил ва Ғазо сектори. Ғарбий Соҳилнинг 40% қисмини назорат қилувчи Фаластин Маъмурияти коронавирус тарқаб кетиши олдини олиш учун чора кўришга қийналмоқда.

Исроил ва Ғарбий Соҳил ўртасида ишчиларнинг қатнаши вирус ёйилишига сабаб бўлиши мумкин. Ўта аҳоли зич Ғазо Сектори эса янада каттароқ хавотирларни уйғотади. Ғазо аҳли қуршов ичида: Бир тарафдан Исроил, бошқа тарафдан Миср хавфсизлик баҳонасида Ғазони амалда қамал ичида қолдирмоқда. Бу ҳудуд учун масъулият кимнинг зиммасида бўлади, деган масалада халқаро ҳамжамият ва Исроил ўртасида узоқ вақт баҳслар тинмади. Исроил қўшинлари ҳудуддан чиқиб кетди ва у ердаги аҳвол учун масъулият энди Хамас елкасига тушади. Аммо Ғазога коронавирус тарқалса, бу жуда ҳам қийин ва мураккаб вазиятни юзага келтиради. Шу сабабли ҳам халқаро ёрдам ташкилотлари ва фаластинлик таҳлилчилар Исроил ўз қамалини бекор қилсин, деб чақиришмоқда.

Хуллас, Яқин Шарқ бўйлаб коронавирус янада кенг ёйилса, унинг оқибатлари қандай бўлади, деган савол кескин турибди. Нега деганда, аввало, минтақадаги кўп ҳукуматларнинг легитимлиги савол остида. Ёш авлоднинг орзулари чилпарчин бўлган. “Араб баҳори” кўп нарсани ўзгартирмади, аксинча, уни келтириб чиқарган муаммолар ҳамон долзарб. Урушлар ва касалликлар асрлар бўйи тарихнинг қора саҳифаларини белгилаб келган. Афсуски, ҳозир дунё коронавирус инқирозининг қайси босқичида тургани номаълум. Уруш ва низолар қаъридаги бу минтақа эса коронавирус офатидан кейин ҳозиргидан ҳам баттар аҳволга тушиши мумкин.

Бугун Ироқ ва Ливандаги ўз норозилигини билдираётган одамларнинг аксарияти мавжуд иқтисодий тенгсизликдан ғазабга минган. Айрим ҳолларда, ҳаёт учун муҳим хизматлар нархининг ошиши уларнинг сабр косасини тўлдирган. Солиқлар жорий этилиши юзасидан ҳукумат режалари туфайли намойишларни бошлаб юборган одамлар иқтисодий муаммолар, тенгсизлик ва коррупцияни ҳам тилга ола бошлади. Қарзлар миқдори шиддат билан ошиб бораётган бир вақтда Ливан ҳукумати халқаро донорлар кўнглини овлаш илинжида иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга уриниб келмоқда. Бироқ оддий одамлар ҳукуматнинг иқтисодий сиёсати сабаб қийинчиликка юз тутаётганини таъкидлайди. Ёнилғи, озиқ-овқат, нон – ҳамма нарса нархи ошгани ливанликларнинг сабр косасини тўлдирди.

Ливанлик намойишчилар оддий халқ иқтисодий инқироз оқибатларидан боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда, мамлакат раҳбарлари ўзларини бойитишдан ўзга нарса ўйламаслигини таъкидлайди. Натижада Ливан ҳукумати намойишчиларни тинчлантириш йўлида сиёсатчиларнинг маошини кескин камайтириш каби қатор ислоҳотлар режасини маъқуллади. Ироқликлар эса давлат лавозимларига салоҳият эмас, балки секта ва этник келиб чиқишга қараб номзод танловчи тизимдан норози. Намойишчилар бундай тизим оқибатида амалдорлар халқ пулини ўзи ва атрофидагиларни мукофотлаш учун сарф юбораётганини айтади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ироқда ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси 25 фоизга етган, ҳолбуки сўнгги ўн беш йил давомида уруш ва диний низолар гирдобида қолганига қарамасдан мамлакат нефть экспорти бўйича ОПЕКда иккинчи ўринга чиққан.

Шу ўринда минтақага оид яна бир манзара. Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, охирги ойларда Сурияда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ҳаддан ташқари ошиб кетган. Миллионлаб сурияликлар эса қашшоқликда кун кечиряпти, уларнинг кўпчилиги очликка йўлиқиши мумкин. Айни пайтда 9,3 миллион суриялик озиқ-овқат танқислигидан қийналяпти, охирги олти ойда 1,4 миллион киши ана шундай аҳволга тушиб қолган. Озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашишига жанговар ҳаракатларнинг кучайиши, мамлакатдаги молиявий қийинчиликлар, коронавирус пандемияси ва қўшни Ливандаги иқтисодий танглик сингари омиллар таъсир кўрсатган. Сўнгги бир йил ичида Сурияда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 200 фоизга ошиб кетган. Ҳозир нон, сут ва бошқа асосий маҳсулотлар урушдан олдингига қараганда 20 баравар қимматроқ сотиляпти. Кўпгина сурияликлар озиқ-овқатдан қисишга мажбур бўлмоқда, қарз бўлиб қоляпти ва мол-мулкини сотяпти. Айни пайтда сурияликларнинг ташқи ёрдамсиз яшаши қийин.

Яқин Шарқда муаммоларнинг бош сабабчиси капитализмга асосланган тузум дейишади. Капиталистик тузумнинг хусусияти шуки, у зиқналик, очкўзлик, худбинлик, моддий манфаат учун беллашиш, бошқалар устидан ҳукмронлик қилишни яхши кўриш каби фикрларни зеҳнга ўрнаштириб, сўнг уларни янада ривожлантиради… Бу нафақат шахсларга ҳамда банк ва ширкатлардаги капиталистларга хос… Балки у қулаётган моддий капиталистик тузум фикрларига асосланган ҳар қандай давлатда илдиз отган… Иқтисод бўйича муфаккир олим Адам Смит (Халқ бойлиги) номли китобида шундай дейди: «Шахсдаги очкўзлик ахлоқнинг энг юқори чўққисидир, шахс қанча очкўз бўлса, шунчалик ихтирочи бўлади. Инсониятни эгалик қилиш ва ҳукмронлик ўрнатиш учун низолашишга, урушларга етаклаган нарса ҳам шудир… Шунинг учун бойликни совуриш ва бунинг йўлида беллашиш бугунги тараққиётнинг энг муҳим жиҳатидир…».

Билли Гару ўзининг (“Капитализмнинг қора китоби”) номли асарида шундай дейди: «Капитализм ўзининг қонли жиноятлари ва ножўя ишларини оқлаш учун демократия, озодлик, диктаторликка қарши кураш ва Ғарб қийматларини ҳимоя қилиш каби олий намуналарни қурол қилиб олган. Айни пайтда у бошқа халқлар ресурслари ва бойликларини эгаллашни, улар устидан ўз васийлигини ўрнатишни хоҳлайдиган мулк эгалари манфаатини ҳимоя қилад…» Қулаб бораётган бундай нотўғри қараш ёвузлик, уруш, қон тўкиш, вайронагарчилик, бошқаларни мустамлака қилиш ва қонини сўриш каби иллатларни келтириб чиқарди. Шунингдек якка ҳоким бўлиш ва рақобатчисиз кураш майдонида қолиш учун рақибини кураш майдонидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилиш каби иллатни келтириб чиқарди… Яқин Шарқдаги “портлаши кутилаётган бомба”нинг асл замини ҳам ана шу тузум қусурларига бориб тақалади.
Абдували САЙБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img