Бош саҳифаЯнгиликларЯнги Ўзбекистон: таълим соҳасида қандай ўзгаришларни амалга оширилади?

Янги Ўзбекистон: таълим соҳасида қандай ўзгаришларни амалга оширилади?

Замонавий шароитда мамлакатнинг иқтисодий муваффақиятини белгилайдиган энг муҳим омиллар сифатида халқнинг турмуш тарзини яхшилаш ва аҳолини даромадини кўпайтириш йўлидаги ҳаракатларни белгилаш мумкин. Бунинг учун эса, ўз олдида турган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ечимини топа оладиган келажак авлодни тарбиялаш зарур. Таълим сифатини ошириш, замонавий таълим тизимларини амалиётга жорий этиш, энг яхши ва қобилиятли мутахассисларни таълимга жалб қилиш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтинги юқори рўйхатига кирган таълим муассасаларининг амалиётларини миллий тизимга киритиш кутилган натижага эришишга олиб келиши мумкин.

Таълим тизимида қатор ўзгаришларни амалга оширишни белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси учун мўлжалланган regulation.gov.uz порталида эълон қилинди.

Фармон лойиҳаси таълимнинг барча турларида катта ўзгаришларни белгиламоқда. Ушбу ҳужжат билан биргина олий таълим тизими қатор янгилик кўтилаётганлиги алоҳида эътиборга молиқ. Мазкур Фармон лойиҳасида олий таълим муасассалари кадрлар тайёрлаш борасида етук даражага етиши учун дуал таълим тизимини жорий этиш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўрнидаги олий таълим ташкилотлари рўйхатига кириши учун уларга академик ва молиявий мустақиллик бериш, илмий унвонларни мустақил бериш, ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш тартибини босқичма-босқич жорий қилиш масалаларига урғу берилган.

Дуал таълим тизими нима?
Ривожланган хорижий давлатларнинг таълим тажрибасининг босқичма-босқич интеграциялашуви олий таълим тизимини ўзгаришини талаб қилади. Фармонда назарда тутилган ана шундай ўзгаришлардан бири бу дуал таълим тизими бўлиб, бу бир вақтнинг ўзида назарий ва амалий билимларни олишни белгиловчи ўқув тури. Оддийроқ қилиб айтганда, бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имкониятига эга бўлиш ҳамда бунинг учун ҳақ ҳам олиш мумкин дегани. Таълимдаги “дуаллик” шундан иборатки, бутун ўқув жараёни амалий ва назарий қисмларга бўлиб, ўқиш давомида алмаштириб турилади. Олий таълим муасассаларида анъанавий тарзда олиб бориладиган назарий машғулотлар, яъни маърузалар, семинарлар, лойиҳа ишлари, семестр охирида имтиҳонлар ўртача 3 ой давом этади. Амалиётни эса, ўқиш учун шартнома тузилган корхонада ўтказилади ва бу жараён ҳам ўртача 3 ой давом этади, кейин у назария билан алмаштирилади ва бутун ўқув жараёни шу тарзда давом этади. Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, талабага ташкилотдаги иш жараёнлари тўғрисида бевосита тасаввурга эга бўлиши, ҳақиқий тажриба орттириши ва ички лойиҳаларда иштирок этиш учун яхши имконият берилади ҳамда бу учун маош ҳам олади.

Дуал таълим тизими баъзи мамлакатларда, хусусан Германия, Aвстрия, Швейцария, Дания, Голландия ва Францияда қўлланилади. Бир неча йиллардан бери ушбу тизим Хитой ва бошқа Осиё мамлакатларида амалиётга тадбиқ этилмоқда.

Мазкур тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, таълим муасассасини битирган шахс бир вақтнинг ўзида меҳнат дафтарчасига муҳрланган иш тажрибаси ва дипломга эга бўлади, сўнг битирувчи табиийки шартнома тузган ва ўқиш харажатларини қоплаган корхонага ишга киради ҳамда иш қидириш юкидан ҳам озод бўлади.

Янгиликларни кейингиси ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш тартиби жорий этилмоқда.
Бугунги кунда бутун дунёда олий ва ўрта касб-ҳунар таълими соҳасидаги мутахассисларни касбий малакасини баҳолашда таълим тизимидаги янгиликлардан бири WorldSkills стандарти оммалашиб бормоқда. Мамалакатимизда жорий этилиши кўзда тутилаётган ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш – олий ва ўрта махсус дипломга эга бўлган мутахассисларни малакаси ва маҳоратини янги профессионал стандартларга мувофиқлигини баҳолашни назарда тутади. Бунда кўргазмали имтиҳондан фойдаланилади, яъни талабага ишлаб чиқаришга яқин шароитларда ўзлаштирган касбий малакаларини мустақил экспертларга намойиш этиш имконияти берилади. Кўргазмали имтиҳон талабалар ва битирувчиларнинг маълум бир соҳада касбий фаолиятни амалга оширишга ва (ёки) маълум бир касб ёки мутахассислик бўйича ишларни бажаришга қаратилган билимлари, кўникмалари ва қобилиятларини WorldSkills стандартларига мувофиқлигини аниқлаш учун ўтказилади.

Кўргазмали имтиҳонни якуний давлат аттестацияси сифатида жорий этилиши битирувчиларнинг шубҳасиз рақобатдош устунлигига айланади. Бу эса, талабаларни ўқиш давридаёқ потенциал иш берувчиларни топишга имкон беради.

Таълим муассасаси учун кўргазмали имтиҳонни жорий этиш кадрлар тайёрлаш сифати бўйича таълим ташкилотлари рейтингида қатнашиш имкониятини ҳам яратади.

Олий таълим муасассаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш қай даражада мухим ва бу бизга нима беради?
Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, таълим муасассаларини рақобатбардошлигини ошириш, таълим тизимини замонавий талабларига жавоб берадиган даражага етказишнинг энг мақбул йўлларидан бири – бу уларга академик мустақилликни бериш ва таълим жараёнига давлат аралашувини камайтириш ҳисобланади.

Aкадемик мустақиллик таълим муассасасининг бошқарув сиёсатини белгилашда, таълим жараёнини амалга оширишда, кадрларни танлаш ва жойлаштиришда, шунингдек илмий, молиявий ва бошқа тадбирларида унинг мутлоқ мустақиллигини англатади. Академик ва молиявий мустақилликка эришган олий таълим муасассаси мустақил бошқарув кенгаши тузиш, унинг таркибига ходимлар, раҳбарият ва талабалар вакилларини киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Академик ва молиявий мустақиллик мазмунига кўра ташкилий, молиявий, ишга қабул қилиш (кадрлар) масаласидаги мустақиллик турларига бўлиниши мумкин. Бунда таълим муасассалари ўқув йилидаги квоталар сонини, ўқиш учун тўлов пулларини ҳам мустақил белгилаш имкониятига эга бўладилар.

Замонавий шароитда, тобора ортиб бораётган бозор талаблари туфайли иш берувчилар мутахассисларнинг юқори малакаси, касбий билимлари, ривожланишга интилиши ва замон талабларига жавоб бериш каби фазилатларига алоҳида аҳамият беришади. Бу эса, замон талабига мос келадиган мутахассисларни тайёрлаш кўп жиҳатдан таълим жараёнларининг сифатига боғлиқ.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бозор иқтисодиёти, таълимдаги рақобат муҳити ва жамоатчилик томонидан тан олиниши ўз-ўзидан таълим сифатини ошириш, университетларнинг масъулияти ва ўзини ўзи ривожлантириш учун етарли рағбат бўлиб хизмат қилади. Бундай шароитда академик мустақиллик, университетнинг ижро органларининг ортиқча аралашувидан мустақиллиги унинг муваффақиятли ишлаши ва рақобатбардошлигининг кафолатлайди. Битирувчиларининг рақобатбардошлигини ошириш учун эса, таълимда илғор тажрибалар асосида баҳолашнинг янгиланган тизимни жорий этилиши касбий тайёргарлик ва малаканинг мақоми ошишига олиб келади.

Юқорида келтирилган янгиликларни мамлакатимизда жорий этилиши, таълим тизимнинг мослашувчанлиги ва очиқлигини таъминлаш, хорижий моделлар билан миллий олий таълим анъаналарини уйғунлаштириш, таълим муасассасининг масъулиятини кескин ўсишига ҳамда халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингига киришга замин бўлиб хизмат қилади.
Анвар Раҳматов,
Тошкент давлат юридик университети
Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img