Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЯнги Ўзбекистон раҳбарининг янги ташаббуслари

Янги Ўзбекистон раҳбарининг янги ташаббуслари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги чиқиши, юксак минбарда туриб она тилимизда маъруза қилиши барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди. Маърузани ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали миллиардлаб инсонлар томоша қилди, тинглади. Бу тарихий воқеа она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, миллийлигимизни, ўзлигимизни қадрлашга бўлган юксак эҳтиром белгисидир. Бунақаси ҳали на эски ва на янги тарихимизда кузатилган.

Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтмоқда. Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Уларнинг биринчиси коронавирус билан боғлиқ. Бундай глобал ҳалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган. Қисқа муддатда дунёни чирмовуқдек ўраб олгани, кўплаб давлатлар соғлиқни сақлаш хизматларини фалажоаб қўйгани, касалликка йўлиққанлар сони 32 миллионга яқинлашиб, вафот этганлар сони 1 миллионли кўрсаткичга етаётгани ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, муаммони мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликдагина ечиш мумкинлигини кўрсатаяпти. Шу сабабли мамлакатимиз Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Маърузадаги яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Президентимиз БМТ Бош котиб Антониу Гутерришнинг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади. Нега? Чунки БМТнинг башоратига кўра, йил охиригача глобал очарчиликнинг ўсиши кутилмоқда. Ҳозирги вақтнинг ўзидаёқ 820 миллион киши, яъни сайёранинг ҳар 9 кишиси етарли миқдорда егуликка эга эмас. Бу йили COVID-19 инқирози туфайли яна 49 миллион киши ўта қашшоқлик домига тушиши мумкин.

Бундан уч йил муқаддам Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистоннинг туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қарори қатъий эканини таъкидлаган ва бу халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлган эди. Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди. Аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошди. Гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ошди. Янги Парламентда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Олдингидек, ўқитувчи ва шифокорларни кўча тозалашга чиқариш, болаларни пахта теримига сафарбар этиш қонунан таъқиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди.

Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги йилларда Ўзбекистонни қатор мамлакатлар, ташкилотлар, нуфузли ОАВ йил мамлакати деб эътироф этаяпти. Узоққа бормайлик. The Economist дунёнинг икки юзга яқин давлати орасидан Ўзбекистонни “Йилнинг мамлакати”, деб топиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди. Ҳафталик Ўзбекистонни 2019 йили дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб топган. Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган. Янгилик Ўзбекистонгача қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу каби эътирофга лойиқ кўрилмагани билан ҳам хос аҳамият касб этганди. Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Европадаги қатор нашрлар ҳам Ўзбекистоннинг ютуқларини эътироф этди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон яқин-яқингача, аксарият таҳлилчилар эътирофида, дунёнинг “энг ёпиқ”, “энг мустабид” давлатларидан бирига қиёс бериб келинган. Худди шу боис ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ кутилмаган бу янгилик халқаро миқёсда акс-садо берди. Президент Мирзиёев ўзининг ички ва ташқи сиёсати билан бор-йўғи тўрт йилнинг ўзида дунёни тан олдирди.

Янги Ўзбекистоннинг қандай қилиб замонавий қулдорлик – мажбурий меҳнатга барҳам бергани, йилларки, халқаро миқёсда жиддий танқид, хавотир ва ташвишларга сабаб бўлиб келаётган “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпгани, айримлари билан ҳатто сув устидан уруш ёқасига бориб қолган минтақа давлатлари билан алоқаларини қисқа вақтнинг ичида буткул ўнглаб олганини халқаро жамоатчилик тан олаяпти. Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, яхши қўшничиликка асосланган минтақавий ташқи сиёсати – Шавкат Мирзиёев президентлигининг халқаро миқёсда эътироф этилган, хоссатан диққат-эътиборга сазовор энг муҳим жиҳатларидан бири бўлади. Бу каби ўзгаришлар аксарият минтақавий таҳлилчилар эътирофида “мисли кўрилмаган”, дея баҳо топиш билан бирга, Ўзбекистон президентининг қатъий сиёсий истак ва иродасига ҳам йўйилди.

Аҳолиси минтақада энг йириги бўлган мамлакати иқтисодини либераллаштириш, асосларини турфалаштириш ва четдан кўпроқ сармоя жалб этиш саъй-ҳаракатларига зўр берилмоқда. Бу каби ўзгариш ва янгиланишлар, асрларки, иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик ҳануз долзарб муаммолигича қолаётган бир манзарада кузатилди. Неча ўн йилларки тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтаётган миллионлаб фуқароларини ишли қилиш – мамлакатнинг ўзида янгидан янги иш ўринлари яратиш ҳаракатлари ҳам эътиборга лойиқ.

Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш масаласига президент даражасида эътибор қаратилди. Бошқарувининг учинчи йилига келиб, ўзи эълон қилган кенг қамровли ислоҳотлар ижросидаги сусткашликлар шахсан Президентимиз Мирзиёевнинг ўзи томонидан бир эмас, бир неча бор эътироф этилди. Худди шу манзарада ислоҳотлар масаласи янги Ўзбекистон Президентининг, айниқса, сўнгги ойлардаги чиқишларининг яна ажралмас қисмига айланди.

Камбағалликни аритишга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиши, ҳали-ҳануз мустақил Ўзбекистоннинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлган коррупцияга қарши курашувчи махсус идорани ташкил этишга ҳам улгурилди. Айнан ўзининг мамлакат парламентига сўнгги мурожаатида давлатимиз раҳбари мамлакат аҳолиси орасида камбағаллари ҳам борлигини расман ва ошкора эътироф этди.

Айнан коррупция Ўзбекистон иқтисодини тараққий топтириш, мамлакатга йирик миқдордаги чет эл сармояларини жалб қилиш ва уларни ҳаракатга солиш йўлидаги энг асосий тўсиқлардан бири сифатида кўрилади. У туфайли ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистондаги бизнес юритиш муҳити издан чиқиб бўлган. Президентимиз раҳбарлиги остида янги Ўзбекистон мавжуд вазиятни ўзгартириш ҳаракатларига зўр берган. Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда. Биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик.Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришмоқдамиз.

Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда. Август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди. Шу боис Юртбошимиз ўз маърузасида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бундан ташқари, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан муносабатларда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Жумладан, 2017 йилда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни белгилаш, назорат-ўтиш пунктларини очиш, транспорт қатновини тиклаш ва кенгайтириш каби кўплаб нозик масалалар бўйича муҳим келишувларга эришилди ва бу жараён давом этмоқда. Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасида одамларнинг борди-келди қилишига йўл очилди, минтақалараро ва чегараолди ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси минтақа давлатлари ўртасида дўстлик ва ишончни мустаҳкамламоқда, ҳамкорликка янги суръат бағишламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари улкан марра бўлди. Бунинг исботи ўлароқ, охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсди. Аммо Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа кун тартибида. У ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига оид чуқур интеграцияси таъминлашдир.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф этилди. Боз устига, Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш режалаштирилмоқда. Режа амалга ошса, бу минтақа давлатларини янада жипслаштиради.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, хавфсиз ва барқарор минтақага эга бўлиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Президентимиз таъкидлаганидек, Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз. 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлди. Ушбу конференция Афғонистон масаласида турлича қараш ва позицияга эга бўлган йирик ва қўшни давлатлар мавқеларини яқинлаштиришга хизмат қилди. Энг қувонарлиси, ниҳоят Афғонистон ҳукумати ва Толибон Қатар пойтахтида тинчлик музокараларини бошлади. Мамлакатмиз раҳбари Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлади. Бу музокаралар жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга хизмат қилишига умид билдирилди. Аммо тинчлик ўрнатишнинг йўли олис ва мураккаб. Аҳолининг ижтимоий муаммолари қалашиб ётибди. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Замонамизнинг ўткир муаммоларидан яна бири – глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда. 2017 йилда БМТнинг 72-сессиясида тилга олингани каби Президентимиз халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди. Мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширилди. Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Бунга ҳамоҳанг тарзда Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаши глобал миқёсда экология муаммоларига эътибор қаратишни кучайтиришга хизмат қилади.

Хуллас, Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр.

Президентимизнинг маърузасида илгари сурилган ташаббуслар, ғоя ва таклифлар амалий жиҳати билан ажралиб туради. Инсон манфаатларига, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига, халқаро майдонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш ишига хизмат қилади. Экспертлар ва халқаро жамоатчилик орасида Ўзбекистон раҳбариятининг биринчи марта ўзбек тилида баён этилган эзгу ташаббуслари ҳали қизғин муҳокамаларга сабаб бўлади.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img