Янги йил табриги

Мехмет Сурайё, Туркия Эр Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

Отаюртимиз Ўзбекистондаги азиз қардошларим,
Хонимлар ва жаноблар!

Бир йил олдин 2020 йил учун янги йил табрикларимни изҳор этаётганимда бу йилнинг тарихда қоладиган бир йил бўлиши ҳеч биримизнинг ҳаёлимизга ҳам келмаган эди. 2020 йил мамлакатларимиз учун ҳам, жаҳон давлатлари учун ҳам аввал бошда Covid-19 пандемияси ва бошқа жиддий мушкулотлар билан кечган оғир йил бўлди.

Азиз биродарларим, биз қадимий бир заминда асрлардан бери бор бўлган ва ўзлигини асраб-авайлаб сақлаб келаётган қардош икки халқ сифатида тарихда инсоният бошига тушган қанчадан-қанча мусибатларни бирдамлик руҳида ва ғайрат-шижоат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг авлодларимиз. Бугунги қийинчиликларни ҳам бир-биримизга елкадош бўлиб, донолик билан, илму-ирфон билан ва Қодир Оллоҳнинг ёрдами билан ортда қолдиришимизга, бу йил биз унчалик ҳам ҳис қилмаган бахт, соғлик-омонлик ва тинчлик-хотиржамлик тўла кунларга янги йилда муяссар бўлишимизга ишонаман ва бу ниятларимни мамлакатларимиз учун, бутун башарият учун қалбимнинг тўридан чиққан энг кучли ҳисларим билан тилаб қоламан.

Декабр ойи охирлаб бораётган мана шу кунларда 2020 йил билан видолашишга ҳозирланмоқдамиз. Барча салбий нарсаларнинг эски йил билан бирга ҳаётимизни тарк этишини ва 2021 йилнинг аввало мамлакатларимизга, қолаверса бутун дунёга соғлик-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик олиб келишини чин қалбимдан тилайман. 2021 йил ва ундан кейинги ҳар бир йил мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклик даражасидаги алоқаларимизнинг янада ривожланишига ҳисса қўшишини, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларининг абадий бўлишини ният қилиб қоламан.

Биз яшаётган бу қадим заминнинг муштарак қадрияти бўлган Ҳазрати Мавлоно ўзларининг юз йилларга зиё таратган “Маснавий” асарида келтирганлари, бу қоронғу кунларни қуёшдек ёритувчи мана бу ўлмас байтларини ҳам ғарб, ҳам шарқ адабиётининг энг буюк асарларини ўзбек тилига бирдек катта маҳорат билан ўгирган улуғ шоир ва таржимон, Турк дунёсининг ифтихори, Ўзбекистон халқ шоири, устоз Жамол Камол таржимаси билан яна бир бор эслайлик:
Келса маюслик, кейин уммид келур,
Кеча кечгай, ортидин хуршид келур.

2021 йилнинг бизга ва бутун башариятга гўзал кунлар келтиришидан умидвор бўлиб, барчангизни янги йил билан энг самимий туйғуларим ила чин юракдан табриклайман.

Янги йилингиз муборак бўлсин!.. Туркчасига айтганда: Yeni yılınız kutlu olsun!..

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img