Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЯкуний битимсиз Кавказда тинчлик бўлмайди

Якуний битимсиз Кавказда тинчлик бўлмайди

Озарбайжон ва Арманиcтон чегарасидаги отишмада бир неча аскар қурбон бўлди, полициячилар ва ҳарбийлар жароҳатланди. Ҳалок бўлган тўрт киши Озарбайжон кучлари, шунингдек, бу давлатнинг беш фуқароси оғир аҳволда. Арманистоннинг беш зобити яраланган. Отишмада томонлар бир-бирини айбламоқда.

Воқеа икки давлат орасидаги асосий можаро ҳудуди Тоғли Қорабоғда эмас, ундан 300 километрча нарида, Арманистоннинг Тавуш вилоятида рўй берган. Отишма 12-июлда бошланган ва бир кун давом этган. Аммо 14 июл куни эрталаб ҳодиса яна такрорланди. Қарши тараф орадаги сулҳни бузиб, қурол ишлатган, деган даъво ҳар икки томондан янграмоқда. Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев фикрича, Арманистон ҳукумати провокацияга берилмоқда. Еревандан Бош вазир Никол Пашинян баёнот беришича, Боку қадамини ўйлаб босмаса, минтақавий хавфсизликка рахна солади ва вазият издан чиқади. Муаммони ечиш учун тузилган ЕХҲТ Минск гуруҳи 25 йилдан бери томонларни муросага келтиришга уриниб келади. Гуруҳ ҳамраисларидан бири АҚШ зўравонликни қоралаб, томонлар тил топишиши учун ёрдамлашиб, шу пайтгача қилинган ҳаракатлар самара бериши уларнинг иродасига боғлиқ эканини эслатмоқда. Россия ҳам томонларни босиқликка чақирди.

Тоғли Қорабоғ расман Озарбайжон ҳудуди, лекин уни арманлар бошқаради. Мустақиллик эълон қилган, лекин Боку бунга йўл қўймаган. 1988-1994 йиллар оралиғида қонли уруш бўлиб ўтган. 1994 йилда сулҳга эришилган, бироқ Боку Ереванни бу минтақа аҳолисини унга қарши қайраётганликда айбласа, Арманистон Озарбайжонни арманларга зулмда айблайди. Тоғли Қорабоғ – стратегик ҳудуд, чунки халқаро нефт ва газ қувурлари ўтади. Аҳолиси тахминан 140 минг, аксарияти арманлар. Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ учун бир неча бор қуролли низолар келиб чиққан. Мазкур вилоят Кавказорти минтақасида, Арманистоннинг шарқий қисмида жойлашган. Аҳолининг асосий қисмини этник арманлар ташкил этувчи Тоғли Қорабоғ учун дастлабки урушлар ХХ асрнинг бошларига тўғри келади. 1905-1907 ва 1918-1920 йилларда икки марта арманлар ва озарлар ўртасида бу ҳудуд учун қонли тўқнашувлар юз берган.

1921 йилда Коммунистик партиянинг Кавказ бюроси Тоғли Қорабоғнинг келгуси тақдири ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра вилоятга автоном мақоми берилиб, Озарбайжон ССР таркибида қолдирилади. Вилоят расман 1937 йилдан бери Тоғли Қорабоғ автоном вилояти (ТҚАВ) деб атаб келинади.
1930 йиллар охирида Озарбайжон ССР ҳудудида маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар натижасида Арманистон ва Тоғли Қорабоғни ажратиб турувчи Лочин коридори тузилади.

Собиқ Иттифоқ даврида бир неча бор арман ҳукумати Тоғли Қорабоғни Арманистонга бериш ҳақидаги масалани кўтариб чиққан, лекин марказ буни рад этган. 1960 йилларда ўлкадаги кескин ижтимоий-иқтисодий вазият оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган. ХХ асрнинг 80-йилларига келиб Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаролар яна фаоллашди. Ереванда ўтказилган оммавий намойишларда арманлар Тоғли Қорабоғни Арманистонга берилишини талаб қилдилар.

1988 йил феврал ойидан эътиборан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида можаролар бошланиб кетди. Ўша кундан бошлаб Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги учун кураш олиб боради. Арманистон эса мустақиллиги тан олинмаган республика манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Арманистон нафақат Тоғли Қорабоғни, балки унинг атрофидаги Озарбайжонга тегишли еттита туманни, яъни Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизини оккупация қилган. Бунинг оқибатида 1 миллиондан ортиқ озарбайжонлик ўзларининг киндик қони тўкилган маконларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Энг даҳшатлиси, Озарбайжоннинг Хўжали шаҳрига уюштирилган ҳужумда кўплаб инсонлар геноцидга учради. 7 минг аҳолига эга бўлган Хўжали шаҳрида Арманистон ҳарбийлари томонидан тинч аҳоли қирғин қилинган. Бу Озарбайжон-Арманистон тўқнашувларидаги энг шафқатсиз қон тўкилишидир.

Озарбайжон ҳукуматининг маълумотларига кўра, Хўжали геноциди даврида 613 киши ўлдирилган, турли ёшдаги 1000 нафар тинч аҳоли яраланиб ногирон бўлиб қолган. Ўлдирилганлар орасида 106 нафар аёллар, 63 нафар кичик ёшдаги болалар ва 70 нафар кекса ёшдаги одамлар бўлган. Мазкур фожиа содир бўлган кечада 1275 нафар тинч аҳоли асирга олинган, улардан 150 кишининг тақдири ҳалигача номаълум. Бошқа манбаларда айтилишича, 1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон ҳарбийлари томонидан шаҳарга ҳужум уюштирилиб, тинч аҳоли ўққа тутилади ва бунинг натижасида 161 нафар этник озарбайжонлик ҳалок бўлади.

Ўтган йиллар давомида можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш борасида қатор музокаралар ўтказилди. ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ташкил этилди. 1992 йилда бошланган гуруҳ воситачилигидаги мулоқотлар шу кунгача қуруқ декларация ва ниятлардан нарига ўтолмади. Экспертлар фикрича, Минск гуруҳи ҳамраислари Россия, АҚШ, Франциянинг зиддиятда тўла бетарафликни сақлаб қололмагани муаммонинг чўзилиши сабабларидандир.

Яна айрим кузатувчилар муаммо калити Москва қўлида эканлигини айтишади. Негаки, Кремль Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам, Тоғли Қорабоғга ҳам бевосита таъсир кўрсата оладиган томондир. Можародаги томонлардан бирининг Москва иҳтиёрига зид сиёсати юз берган тақдирда Тоғли Қорабоғ сценарийси ўйналади. Бу билан Россия Кавказдаги таъсир доирасини сақлаб туриш имкониятини кучайтиради. Бу кўринишдаги сиёсат Жанубий Осетия, Абхазия, Днестрбўйи, Украина шарқидаги ҳодисаларда ҳам кўзга ташланади.
Тан олиш керак, бугун Кавказнинг энг фаровон ўлкаси саналган Озарбайжон тинчликсевар давлат. Ҳудудининг 20 фоизи оккупация қилинганига қарамай, расмий Боку Тоғли Қорабоғ муаммосини БМТнинг қатор резолюциялари асосида тинч йўллар билан ечилиши тарафдори. Демак, халқаро ҳамжамият қарорлари ва талабларига сўзсиз риоя қилинишигина минтақада узоқ кутилган тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилишига олиб келади.

Бундан 26 йил муқаддам Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида оралиқ келишув имзоланган бўлса ҳам Тоғли Қорабоғ муаммоси ҳамон ечилмай қолаяпти. Арманистон учун бу келишув – ўз босқинини қонунийлаштириш воситаси, Озарбайжон учун ўз ерларини босқиндан озод қилиш учун қулай фурсатни кутиш имконияти бўлиб хизмат қилади. Ушбу оралиқ келишув имзоланган пайтда кўпчилик яқин пайтларда якуний тинчлик келишуви имзоланади ва Қорабоғ муаммоси ечимининг туб илдизи топилади, деб ишонганди. Бироқ бу орзулигача қолди. Ечим нафақат топилди, балки келишув амал қилиб турган пайтда ҳам яшарув шартларини бузиш давом этди. Боз устига, ўт очишни тўхтатиш режимининг тез-тез бузилиши вақти-вақти билан янги уруш ҳидини анқитиб юборди.

Фақат Арманистон томонидан Озарбайжон ҳудудларининг босиб олиниши ва БМТ ХК нинг Арманистон оккупациясини қораловчи 822-,853-, 874- ва 884-резолюцияларининг қабул қилиниши билан ёдда қолди. 1994 йилнинг январидан мартигача бўлган оралиқ майда миқёсдаги ҳужумлар ҳамда Россия ва ЕХҲТ воситачилигидаги ташаббуслар билан кечди. Ўша йилнинг 31 мартидан 3 апрелигача Боку ва Ереванга МДҲ парламентлараро ассамблеяси вакили сифатида Қирғизистон Олий Кенгаши раиси ва Россия Президентининг махсус вакили ташриф буюрди. 15 апрел куни Россия, Озарбайжон ва Арманистон Президентлари Москвадаги МДҲ давлат раҳбарлари саммитида учрашиб муаммони муҳокама қилишди.

1994 йилнинг 4-5 май кунлари Бишкекда МДҲ Парламентлараро ассамблеяси доирасида Қирғизистон парламенти ва Россия ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Арманистон ва Озарбайжон парламенти раислари учрашишди. Қатор мулоқотлар сериясидан кейин Бишкек протоколи имзоланди. Ушбу хужжат асосида Озарбайжон ва Арманистон мудофаа вазирлари ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар. 1994 йилнинг 12 майида келишув кучга кирди.

1994 йилдан бери ўт очишни тўхтатиш режими деярли хар куни бузилади, шу муносабат билан савол туғилади. Битим қанчалик ишлаяпти? Тан олиш керак, томонлар бир бирини тинчлик режимини бузишда ҳафтасига тахминан юз марталаб айблайди. Натижада ҳар икки томондан катта миқдорда ҳарбийлар ва бегуноҳ фуқаролар ҳалок бўлди, жароҳатланди. Айрим даврларда кузатиладиган келишув бузилишлари уруш бошлангани эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш учун баҳона бўлиб хизмат қилди. Масалан, 2009 йилнинг сентябри, 2010 йилнинг ёзи, 2017 йилнинг февралидаги воқеаларни ёдга олсак, ўт очишни тўхтатиш келишувининг бузилиши майда тўқнашувларга олиб келди, 2016 йилнинг апрелида эса тўрт кунлик урушни келтириб чиқарди. Натижада Озарбайжон Жужан Маржонли қишлоғини босқинчилардан озод қилди.

Кўриб турганимиздек, келишувга қарамай можаро барҳам топмади. Келишув Арманистон оккупациясини қонунийлаштириш учун хизмат қилаётган бўлса, Озарбайжон учун ўзининг ерларини озод қилиш йўлидаги қулай фурсатни кутиш имкониятидир. Ҳар ҳолда бу омонат келишув уруш таҳдидидан ҳимояланишга кафолат бермайди. БМТ ХК ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Арманистон зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз Озарбайжон ҳудудларини тарк этиши кераклиги хусусидаги резолюциялари бажарилмаяпти. Арманистон Тоғли Қорабоғ ва унга туташ Озарбайжоннинг еттита туманини босқин остида ушлаб туришда давом этиб, ҳатто вақти-вақти билан иғвогарликларни содир этмоқда.

Боз устига 2008 йилдаги Россия ва Грузия ўртасидаги беш кунлик уруш тажрибаси минтақа ҳар қандай лаҳзада уруш ва глобал инқироз гирдобига гирифтор бўлиши мумкинлигини кўрсатаяпти. Бундай шароитда воситачилар чинакамига тинчлик ва барқарорликка интилаётган бўлсалар, босқинга чек қўйиш учун бирмунча қатъий ва дадил қадамларни ташлашлари керак. Бироқ воситачилар бу хавфни ё кўрмаяптилар ёки тинчлик ўрнатилса воситачилик ролидан маҳрум бўлиш хавотири туфайли бепарволар.
Абдували САЙБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img