Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонВазирнинг боғида гуллар гугаб, ҳоким ғафлатда қолдими?

Вазирнинг боғида гуллар гугаб, ҳоким ғафлатда қолдими?

Айримлардан президент кечаги йиғилишда “Энг яхши кўрган ҳокимларидан бири Ортиқхўжаевни ҳам аяб ўтирмади-я”, деган гапларни эшитдим.

Йўқ, президент уларни, хусусан, пойтахт ҳокимига “ҳайфсан” бериб, уларни аяди. Аслида иккаласи ҳам қаттиқ чора кўришга муносиб эди. Ахир, ўйлаб кўринг, Тошкентда шошилинч тиббий ёрдам хизмати ўз вақтида етиб бормагани учун уч кун ичида 43 киши бевақт ҳаётдан кўз юмди. Тез тиббий ёрдамга мурожаат қилганларнинг 40-50 фоизи қўнғироқ қилиб туша олмаяпти.

Бундай ҳолатлар, карантинга қарши кураш чораларини расвоси чиқиб кетгани ҳақида ижтимоий тармоқлар икки-уч ҳафтадан буён тинимсиз бонг уриб келмоқда. Афсуски, бу дод-войлар мутасаддиларнинг қулоғига етиб бормади. Аскинча, нотўғри маълумот тарқатганлар, ваҳима кўтараётганлар қонун олдида жавоб беришлари хусусида бот-бот огоҳлантирилди.

Куни кеча АОКада ССВ иштирокидаги брифингда ҳам коронавирусга қарши курашда ҳаммаси жойида – осмонимиз мусаффо, Боғдодда тинчлик экан айтилди. Шахсан, муаммолар очиқ гапирлмагани учун мен брифингни ғижиниб кузатдим.

Кечга бориб – президент ўтказган видеоселектор йиғилишида бу ёлғонлар чок-чокидан сўкилиб кетди, ижтимоий тармоқларда айтилаётган муаммолар расман тан олинди (Очиғини айтиш керак, бизда қачонки муаммо президент томонидан кўтарилмаса, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа раҳбарлар шундай муаммо борлигини инкор этади). Ижтимоий тармоқларда билдирилган кўп муаммолар давлат раҳбари тилидан айтилди.

Энди фикр юритайлик, ўз вақтида тегишли тибиий ёрдам ололмай ҳаётдан кўзлари очиқ кетганларнинг оиласидагилар, қариндошлари ССВ вазири ёки пойтахт ҳокимининг фаолиятидан розими? Асло рози эмас. Очиғини айтиш керак, бу раҳбарларнинг иккаласи ҳам пандемия қандай оқибатларга олиб келишини етарлича тасаввур етмаган. Тасаввур етганларида, коронавирус пандемияси тиббиёт соҳасида биздан 100 йил илгарилаб кетган Европа мамлакатлари тиббиётини қандай издан чиқариб юборганидан тўғри хулоса чиқариб, вақтида этакларини йиғиштириб олган, шунга қараб чора-тадбирлар кўрган бўлардилар.

Бошидаги қатъий карантин чоралари туфайли коронавирус кенг тарқалиб кетмаганидан вазир жаноблари буни тиббиётимиз мўъжизаси сифатида қабул қилган, коронавирус дардидан тузалганларни гул бериб уйга кузатиш билан эди. Кейин эса вазирни боғида гуллар тугаб қолди!!!

Қадим Шарқ ҳукмдорларидан бири шаҳрим фуқароларидан биронтасининг оёғига тикон кирса, бу тикон менинг юрагимга кирган бўлади. Ҳар бир фуқаромнинг жонию мулки учун мен жавобгарман, деган экан. Уч кун ичида тез ёрдамга илҳақ бўлиб жон берган 43 киши учун ким жавобгар? Жаноб ҳокимнинг бундан жилла қурса жони оғридимикин?

PS. Кеча президент ўтказган ведеоселектор йиғилиши интернет сайтларимизда, ижтимоий тармоқларда, ТВ каналларида кенг ёритилди. Фақат… ССВ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг телеграм каналларидан ташқари. Афтидан, йиғилишда вазир ва ҳокимнинг пўстаги қоқилгани учун улар йиғилиш мазмуни ҳақида чурқ этиб оғиз очмасликни маъқул кўришган. Гўёки, халқ бундан бехабар қолгандек…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img