Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонВакцина – коронавирусга қарши курашда энг ишончли восита!

Вакцина – коронавирусга қарши курашда энг ишончли восита!

Ўзим шифокорман, COVID-19 балосининг маҳобатини, кулфатини, тушунаман ва мутахассис сифатида унга қарши кураш олиб боришнинг энг ишончли воситаси вакцина деб биламан. Асримизнинг энг мудҳиш, энг баттол балоси не-не инсонларнинг бошига етди, қанчалаб оилаларни жудоликка, кулфатга, қайғуга гирифтор қилди. Коронавирус балоси қуролсиз юз минглаб одамларнинг бошига етди, етмоқда, майиб-мажруҳ қилмоқда.

Бундай шароитда кўзга кўринмас балони даф қилишнинг энг самарали усули – вакцина ва у билан эмланишдир. Мен ўзим маънавий-маърифий тадбирларда иштирок эитиш, талабаларга дарс бериш учун муттасил одамлар орасида бўламан. Шунинг учун мен эмланишга қарор қилдим. Дарвоқе, мен хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини танладим. Чунки олиб борилган тадқиқотлар айнан шу вакцина коронавируснинг янги штаммларига ҳам қарши самарали таъсир кўрсатишини тасдиқлади. Мен энди ҳар қандай учрашувга бемалол, хотиржам бора оламан, чунки кўнглимда “Касаллик ташувчисига айланиб қолмайманми?” деган хавотир йўқ. Ўзим билмай касаллансаму, ногаҳон касаллик ташувчисига айланиб қолсам, бундан ортиқ виждон азоби бўлмаса керак. Бундай бепарволик, совуққонлик эртага оилам ва фарзандларим, яқинларим учун қимматга тушиши эҳтимолдан ҳоли эмасди. Ваҳоланки, одамларимиз орасида “ниқоб тақиб нима қиласан”, “ҳаммаси ўйин”, “вакцинани ўтказиш учун беморлар сони оширилиб кўтрсатилаяпти”, қабилидаги бўлмағур сафсаталар кўпайиб кетди. Ҳаттоки, хорижда ва мамлакатимизда кўзга кўринган кишининг вакцина олаётгани акс этган видеолавҳалар ва фотосуратлар пайдо бўлганда, ҳукуматнинг “буюртмаси”ни бажараяпти, қабилидаги иддаоларга гувоҳ бўлаяпмиз. Шундай “эй инсон, кўзингни оч”, дегинг келади. Ижтимоий тармоқларда одамлар вакцина олишга қўрқаётган экан, шу сабаб сунъий карантин кучайтирилмоқда, шу сабаб вакцинация кўрсаткичи паст, қабилидаги ташвиқотлар ҳам йўқ эмас.

Ваҳоланки, дунёнинг қудратли давлатларида ҳам одамларга вакцина етишмаяпти. Кўзни очайлик. АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Франция каби давлатларда кунлик коронавирус ўсиши кўрсаткичлари осмонга қараб ўраламоқда, ўлим ҳолатлари сони ошган. Бу ҳазил эмас. Ҳиндистонда кунлик кўрсаткич 210 мингдан, Туркияда 70 мингдан ортган. Шундай шароитда ҳукуматимиз касаллик ўсишини тўхтатишга, камайтиришга уриниб, аҳолини вакцина олишга даъват этаяпти. Биз эса яна ҳукуматга қарши “тош отиш”, бемаза гапларни тарқатиш билан оворамиз. Келинг, яхшиси ўзингизнинг, яқинларингизнинг соғлиғини ўйланг. Зурриётларимизнинг эртанги куни албатта, сизу бизнинг босган қадамларимизга боғлиқлигини унутмайлик.

Сўзим якунида бир нарсани таъкидламоқчиман. Шифокор бўлганим, жараёнлар ичида юрганим учун буни айтаяпман, “оқ ҳалатлилар”га осон тутманг. Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.

Яқинда телевидениеда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда иштирок этаётган шифокорнинг интервью бераётганига кўзим тушди. Унинг нима ҳақда сўзлаётганидан кўра қандай ҳолатда эканлиги эътиборни тортди. Чунки кўзида, юзида ҳорғинлик, чарчоқ бор, сўзлари титраб чиқяпти. Бу билан шифокорнинг кўринишидан нолимоқчи эмасман. Аксинча, туну кун беморлар, карантинга олинган фуқаролар соғлиғи ҳақида қайғураётган шу ва шу каби шифокорларимиз ҳолини тасаввур қилдим ва ич-ичимдан уларга таҳсин айтдим. Бир сония тиним билмай меҳнат қилаётган докторлар матонати ва сабрига, қасамёдига содиқлигига тасаннолар ўқидим. Шифокорлар – чиндан ҳамма замоннинг қаҳрамонлари. Улар нафақат олган билимлари ва тажрибасини, балки виждонини ҳам ишга солган ҳолда машаққатли вазифасини адо этади. Халқимизда «Танаси бошқа дард билмас», деган нақл бор. Халқимиз донолиги, ақлу закосига шубҳа қилмаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, бу ҳикматли сўзга йўғрилган маънодан шифокорлар мустасно. Бунга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиб турибмиз. Агар шубҳангиз бўлса, беморларга ғамхўрлик қилаётган шифокорларимизни кўз олдингизга келтиринг. Бу жараёнда жонбозлик кўрсатаётган шифокорларимиз меҳнатини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айнан вакцинани биринчилар қатори тиббиёт ходимлари олгани бежиз эмас.

Мен яна бир бор халқимизни қўрқмасдан, беҳуда миш-мишларга ишонмасдан, вакцина олишга чорлаб қоламан. Тўрт фарзанднинг отаси сифатида айтмоқчиман, вакцинанининг ҳеч қандай асорати, зарари йўқ.
Тошпўлат МАТИБОЕВ,
“Сиҳатгоҳ” санаторий профилакторий бош шифокори,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img