Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонУммон Ўзбекистон билан ҳамкорликка талпинади

Уммон Ўзбекистон билан ҳамкорликка талпинади

18 ноябрь – Уммон мустақиллиги куни

Арабистон оролининг жануби-шарқий қисмида жойлашган давлат – Уммон Султонлиги ўз мустақиллик байрамининг 50 йиллигини кенг нишонламоқда. Ушбу Миллий байрамда уммонликлар мамлакат тараққиётининг сабабчиси бўлган марҳум Султон Қобус бин Саид бин Таймурни ёд этадилар. У турли соҳаларда ривожланган замонавий давлатга асос солган. Султон Қобус бин Саид 2020 йилнинг 11 январида вафот этди. Бу куни подшоҳлик оиласи кенгаши марҳум Султонга бўлган ҳурмат ва миннатдорчилик  ифодаси сифатида Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳазрати олийларини тасдиқлаш қарорини қабул қилди. Шу тариқа Уммонда ҳокимият алмашинуви ҳеч қандай муаммоларсиз силлиқ ўтди.

Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳокимиятни эгаллаганидан кейинги дастлабки ўн ой ичида, “Уммон нигоҳи- 2040” билан ҳамқадам бўлиш мақсадида, давлатнинг бошқарув аппаратини қайта қуриб, турли соҳаларни қатъий ирода ва тинимсиз қатъият билан янгилашга эришди. 

Уммон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар тарих каби қадимийдир. Бу борада буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ўзининг “Мезон ул-авзон” асарида уммонлик олим, аруз илми асосчиси Халил бин Аҳмад ал-Фараҳидийни мақтаб, у ҳақида илиқ фикрлар билдиради. Ўзбекистон Республикасининг тарихий, географик ва диний алоқалари, Султонлик билан муносабатларда янада ишончлиликни таъминлайди.Ўзбекистон Султонлик билан ўзига хос алоқаларга эга давлатлардан. Ўзбекистон Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм каби машҳур шаҳарларининг номлари, Ислом тарихида ўзининг илмий ишлари билан ёрқин из қолдирган Бухорий, Хоразмий, Беруний, Нисоий, Ибн Сино, Замахшарий, Термизий ва бошқа олимлари билан ҳам ҳар бир мусулмон, шу жумладан, уммонликлар жой эгаллаган.

Янги даврга келсак, Уммон Султонлиги Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини 1991 йил декабрида тан олди ва икки мамлакат ўртасида 1992 йилнинг 22 апрелида дипломатик алоқалар ўрнатилди. Ўзбек-Уммон муносабатлари доимий ўсиши ва ривожланиши билан ажралиб туради. Уларнинг пойдеворларига марҳум Султон Қобус бин Саид ва марҳум Президент Ислом Каримов асос солган. Бунга Президент Ислом Каримовнинг 2009 йилнинг октябр ойида Султонликга амалга оширган расмий ташрифи чоғида эришилган.

Уммон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч тамойилларига асосланади. Хусусан, икки давлатнинг терроризм, экстремизм, қурол ва гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва бошқа халқаро масалалар бўйича ўзаро қарашлар бир-бирига мос келади. Икки давлат турли соҳаларда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Уммон Султонлигининг 2010 йил апрель ойида Ўзбекистондаги элчихонаси очилгандан кейин бу ҳаракатлар янада жадаллашди.

Уммон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси низоларни тинч йўл билан ҳал қилишда ва минтақавий ҳамкорликга йўналтирилган тамойилга таянадилар. Мамлакат сўнгги ўн йилликлар давомида Яқин Шарқ ва дунёда хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, зўравонлик, можаролар ва урушларга қарши, ривожланиш ва тинчлик маданиятини тарғиб этувчи тамойилни шакллантирди. Султонлик низо чиқарувчи томонлар билан яҳши муносабатлари туфайли, кўпгина низо ва можароларни тинчлик йўли билан ҳал этди.

Бундан ташқари, Султонлик уруш, қотиллик ва вайронагарчиликларга олиб келадиган ва ривожланишга тўсқинлик қиладиган кўплаб низоларни ҳал қилишда муваффақиятга эришди. Шунингдек, Уммон Султонлиги бошқалар фикрини қабул қилиш маданияти, турли миллатларни тинч-тотув яшаши ва низолашган томонлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун муносиб шароит яратиш, низоларни тугатиш ва тинчликка эришишнинг энг самарали усули, деб ҳисоблайди.

Шу нуқтаи назардан, Уммон Султонлиги Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясида 2019 йил 21 октябрида муштарак қадриятларни ёйиш, мамлакатлар, маданиятлар, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва тинч-тотув яшашни тарғиб қилиш, нафрат ва муросасизликни рад этиш мақсадида “Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик: Уммон Ислом рисоласи” номли кўргазмасини ўтказди.

Ўмон Султонлигининг ташқи сиёсати объективлик, нейтраллик, халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳурмат қилиш, бошқаларнинг ишларига аралашмаслик, давлатларнинг яҳлитлиги, суверенитети ва барқарорлигини сақлаб қолиш, бир томон манфаати эвазига бошқа томонга нохолислик қилмаслик билан ажралиб туради.

Ўзбекистон  Республикаси ҳам худи шундай ўринни(позицияни) эгаллаган. У ҳам низолашган томонларни яраштириш учун ҳакамлик(воситачилик) қилиб, холис ва самимий ҳаракатларни амалга оширади. Бундан мақсад, минтақада тинчлик ўрнатиш ва қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишдир. 2016 йил Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати дунёнинг барча давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, унинг Афғонистондаги низолашган томонлар ўртасида мулоқот ва музокаралар дипломатиясини қўллаб-қувватлаши, ҳамда афғон халқининг ўнлаб йиллар давомида бошдан кечирган азоб-уқубатларнинг барча турларини тугатиш ва бу юртда тинчлик қарор топиши борасидаги муҳим роли барча томонидан эътироф этилди.

2009 йил Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биносини қуришда ўз ҳиссасини қўшиш учун марҳум Султон Қобус бин Саид ҳазратларининг буйруқлари чиқди. Бу Ҳазрати олийларининг дин, фиқҳ, тарих, астрономия, математика ва бошқа илмларнинг ривожига хизмат қилган ва муҳим рол ўйнаган, шу юртдан етишиб чиққан олимларга ҳурмат ва эътибори рамзи эди. Бу илмий даргоҳ қадимий қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлардан иборат маданий ҳазинага эгадир. Марҳум Султон Ўзбекистон Республикаси билан мавжуд маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бу лойиҳани амалга оширишга қарор қилди. 2018 йилнинг март ойида ушбу институтнинг янги биносининг очилиш маросимида иштирок этган Уммон делегациясига Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Ҳазрати Олийлари раҳбарлик қилди.

2009 йилда ўзбек-уммон инвестиция фондини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Қўшма инвестицион компания Ўзбекистоннни ривожлантириш ишига ҳисса қўшмоқда, хусусан компания 2016 йилда 100 миллион доллар сармоя киритди ва 2017 йилда яна 100 миллион долларлик қўшимча маблағ орқали сармоясини оширди. 2019 йилга келиб, кўчмас мулк, инвестициялар, консалтинг ва капитал бозорлари бўлимлари очилди. Маълумот учун, компания 2020 йили инвестицион компаниялар орасида активларни бошқариш бўйича энг илғор компания сифатида тан олинди.

Компания ёрдами билан мамлакатимизда энг йирик босмахона ва қадоқлаш корхоналаридан бири ташкил этилди. Ўрта Осиёда йирик металл конструкциялар учун биринчи ва ягона иссиқ галванизациялаш заводи ташкилэтилди. Ўзбекистондаги энг йирик темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш заводи қурилди. Юқори сифатли мева ва сабзавотларни тайёрлайдиган ва қайта ишлаб чиқарадиган фабрика ташкил этилди. Тошкентда аэропортининг янги биноси қурилиши ва бутун мамлакатнинг темир йўллари учун мўлжалланган майда тошлар(шағал)ни ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги етакчи заводлардан бири қурила бошланди.

Ўзбекистонда биринчи молия ва лизинг компанияси ташкил этилди, у орқали “UzOman”компанияси кичик битимларни молиялаштирмоқда.  

ЎмУммон Султонлиги улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Султонлик кўплаб қадимий обидалар, сайёҳлик қадам жойларга эга бўлганлиги билан ўзига хос бўлиб, ўзининг сайёҳлик йўналишлари билан дунёда ажралиб туради. Пойтахт Масқат Султонликнинг энг муҳим шаҳарларидан бири ҳисобланади. Шаҳар кўплаб туристик жойлар, жумладан, тарихий ёдгорликлар, археологик бинолар, тарихий дарвозалар, қадимий бозорлар ва бошқа обидаларни ўз ичига олган бўлиб, бу Уммон туризмининг ёрқин намунасидир.

Мамлакатнинг жанубий қирғоғида жойлашган Султонликнинг “Сайёҳлик келинчаги” бўлмиш Салалани ёддан кўтармаслигимиз керак. Салала Уммоннинг энг гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. У мафтункор сайёҳлик жойлари ва табиий минтақаларининг кўплиги билан ажралиб туради. Буларга Дарбат водийси, Мағсил соҳили ва бир қатор тарихий ёдгорликларни мисол қилиб келтира оламиз.

Қум тепаликларида чодир тикишни ва юлдузлар тўла осмон остида тунни ўтказишни севадиганлар учун, Султонликдаги олтин қумли саҳролар, айниқса, шарқий минтақадаги Ваҳиба чўли айни муддаодир. Шулар билан биргаликда, Дохилия минтақасида қалъалар, боғлар, қадимий бозорлар ва бошқа аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган тарихий жойларга эга бўлган, гўзал ва қадимий шаҳарлардан бўлмиш Низва ва Баҳла жойлашган. Буларга қўшимча равишда, Уммон Султонлигидаal-Jabal al-Axdar” (“Яшил тоғ”) деб номланувчи бетакрор об-ҳавога эга ва доимо ям-яшил касб этган тоғ жойлашган. Бу тоғ, яшил зинапоялари билан бирга, Араб кўрфазининг бошқа ҳеч қайси минтақасида ўсмайдиган анор, шафтоли, ўрик, ёнғоқ ва атиргул каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг хилма-хиллиги билан ҳам машҳурдир. Тоғнинг баландлиги 3000 метр (10 минг фут) бўлиб, пойтахтдан тахминан 170 километр узоқликда жойлашган. Тоғ ўзига хос иқлим шароити сабабли Араб кўрфазида ягона ҳисобланади. У ердаги иқлимни бошқа Араб кўрфазидаги мамлакатларда учратиб бўлмайди. У ёзда мўътадил ҳарорати, қишда эса қаттиқ совуқ об-ҳавоси билан ажралиб туради.

Бир сўз билан айтганда, ҳамкорлик учун йўналишлар бисёр.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img