Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонУкраина: манфаатлар кураши давом этмоқда

Украина: манфаатлар кураши давом этмоқда

Мувозанатли ташқи сиёсат юрита олмаслик, бир давлат билан яқинлашиш ҳисобига иккинчисидан узоқлашиш, иғвогарлик ўйинларига мезбонлик қилиш давлатни парчаланиш ёқасига келтириб қўйганига Украина мисолида гувоҳ бўлдик. Мамлакат шарқида руспараст кучлар фаоллашаётган бўлса, ғарбида венгерлар айирмачилиги бўй кўрсатмоқда.  

Аввало, Ураинада авж олаётган навбатдаги сиёсий инқироз — Владимир Зеленский президентлигидаги энг миқёслиси ҳақида. Яқинда бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда унинг “Халқ хизматкори” партияси тарафдорлари имкониятни бой берди. Ана шундай омадсизлик саҳнида Конституциявий суд кутилмаганда антикоррупциявий қонунчиликдаги қатор қоидаларни бекор қилди ва энди Киев олдида Европа Иттифоқи билан визасиз режимини йўқотиш ва Халқаро валюта жамғармаси қўлловининг қисқариши таҳдиди пайдо бўлди. Натижада Зеленский суд билан жанжаллашишгача борди, муҳолифат эса уни сал бўлмаса давлат тўнтариши уринишида айблади.  Инқироз мавжуд Украина сиёсий тизимини йўққа чиқарадими ёки президент ҳокимиятини мустаҳкамлайдими, бу саволлар кун тартибида. 

Украинадаги ҳозирги ва ўтган тангликларнинг асосий сабаби сиёсий элитанинг турли гуруҳлари ўртасидаги кураш бўлган. Гап шундаки, Конституциявий суднинг жорий таркиби тўлалигича Зеленский ўтмишдошлари пайтида тайинланган. Судда кадрлар ротацияси жараёни ўта мураккаб. Уларни президент, парламент ва судьялар бутунукраин қурултойи қарори билан тўққиз йилга тайинлашади. Масалан, КСнинг амалдаги раҳбари Александр Тупицкий инстанция таркибига Виктор Янукович даврида кириб қолган, қолганлари номзодини Пётр Порошенко илгари сурган. Шунинг учун КС Зеленский ҳокимиятга келиши билан ҳокимиятдан четлатилган Украина элитаси гуруҳлари учун асосий таъсир воситаси бўлиб қолмоқда. Даставвал Зеленскийнинг КС билан муносабатлари танг аҳволда бўлмаган. 2019 йилнинг майида президент Олий Рада тарқатилиши ва муддатидан илгари парламент сайловлари ўтказилишини тан олганда инстанция давлат раҳбарини қўллаб-қувватлади, аммо шу билан дўстлик тугади.  Зеленский таклиф этган қонунларга судьялар реакцияси салбий бўлди. Айниқса, коррупцияга қарши кураш кучайтирилган қонунлар масаласида. Судьяларнинг янги ҳокимият драйверига тўсиқ қўйишининг шахсий сабаблари бор, албатта. Масалан, КС раиси Тупицкий ихтиёрида Қримда декларация қилинмаган ер участкаси борлиги маълум бўлиб қолди.

Зеленскийнинг ўзи коррупция ва суистеъмолчилик мавзусини тўхтата олмайди. Биринчидан, бу унинг бош сайловолди ваъдаларидан бўлган ва кўп жиҳатдан ушбу нозик масала Пётр Порошенконинг коррупциявий режим устидан сайловларда ғалаба қозонишини таъминлади. Иккинчидан, тўлақонли аксилкоррупциявий қонунчилигини яратиш Европа Иттифоқи билан визасиз режимнинг жорий этилиши учун бош омил бўлган, қолаверса, Украина иқтисодиёти жон сақлаб турган ХВЖдан молиявий ёрдам олишда “аванс” вазифасини ўтаган. Шу йилнинг июнида ХВЖ Украинага коррупцияга қарши курашни давом эттириш ва ер сотишга қўйилган мораторийни бекор қилиш шарти асосида уч йилга 5 миллиард доллар кредит ажратишни маъқуллади. Киевга яна бир шарт, Коломойскийга Приватбанкни қайтаришга йўл қўймаслик шартини қўйишган. Киев буларнинг барчасини бажарди.

Мана энди Украина икки ўт орасида қолди. Биринчиси — икки ўта ҳаётий муҳим қонунларни қабул қилиш. Иккинчи йўл — ушбу қонунларнинг барбод бўлиши. Бу иқтисодиётнинг барбод бўлиши ва дефолт таҳдиди. 

Зеленский ва суд ўртасидаги зиддият тўпланиб 27 октябр куни юқори нуқтага етди. Ўша куни инстанция 2015-2016 йилларда Порошенко даврида қабул қилинган аксилкоррупциявий қонунчиликнинг бир неча муҳим моддаларини конституцияга номувофиқ деб топди. Бу қарор билан амалдорларнинг, шу жумладан, КС судьяларининг электрон мулк декларациялари очиқлигига йўл ёпилди, мол-мулкни нотўғри декларация қилингани учун жиноий жазо, шунингдек, амалдорлар даромади ва турмуш тарзи мониторинги бўйича Миллий комиссиянинг ваколатлари бекор қилинди. Бу ҳукм Евроииттифоқ ва ХВЖнинг барча талабларига зид бўлиб, ўз навбатида молиявий дастакнинг камайишига ҳамда мамлакатни дефолт остонасига етаклайди. Зеленский реакцияси кескин бўлди. У эски элитани Украинада “аксилинқилоб” уюштириш уринишида айблади. Давлат раҳбарининг фикрича, “россияликларнинг малайлари ва олигарҳлар коалицияси” аксилкоррупциявий қонунчиликдан ўзига таҳдид сезган. 

Ушбу фитнанинг раҳбарлари орасида президент олигарх Игор Коломойский ва россияпараст деб кўриладиган “Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун” партияси етакчиси, Россия президенти билан яқин дўстона муносабатларга эгалиги айтиладиган Виктор Медведчук номларини тилга олди. Бу баёнотлар учун асос бор. Конституциявий суднинг жанжалли қарори айнан “Муҳолифат платформаси” ва олигарх томонидан молиялаштириладиган “Келажак учун” партияси депутатларининг даъвоси асосида чиқарилган. Даъво муаллифлари ўз ҳаракатларини Украинани ташқи таъсир воситаларидан ҳалос қилиш зарурати билан изоҳлашган, аксилкоррупциявий органларни улар шундай восита деб билишмоқда. Қолаверса, маҳаллий сайловларда президентнинг “Халқ хизматкори” партияси ўта бўш қатнашди. Зеленскийнинг КС билан можаросини авж олдириш орқали муҳолифлар навбатдан ташқари парламент сайловларини ўтказишга эришмоқчи, бу сафар хизматкорларнинг Радада яна аксарият ўринларни ишғол қилиши имконсизлиги аён бўлиб бораяпти. Шунда Зеленский тарафдорлари бошқа сиёсий кучлар билан коалицияга киришишига, демакки, ҳисоблашишига тўғри келади.

Ҳозир давлат раҳбари ўзини атрофида порахўрлик ботқоғига ботган эски элита жипслашган ислоҳотчи сифатида намойиш этмоқда. Шундай қиёфа ҳам мамлакат ичкариси, ҳам Ғарб кредиторлари олдида манфаатлироқ. Зеленский таваккалга қўл уриб, КСнинг бутун аъзоларини бирданига истеъфога жўнатиш мақсадида парламентга қонун лойиҳасини олиб чиқди. Аммо шошилинчда қонун лойиҳаси хом хатала бўлиб чиқди — унинг Украина Конституциясига зидлиги аён бўлди. КС таркибини  ўзгартириш учун судьяларнинг учдан икки қисми розилигини олиш керак, ҳозирги шароитда бунинг имкони йўқ. Бундан ташқари, президент КС қарорини юридик кучга эга эмас деб топишга ваколатлари йўл бермайди. Айнан шу нарса мухолифатнинг Украина раҳбарини давлат тўнтаришига уринишида айблаши учун асос бўлди. Натижада Зеленский боши берк кўчага кириб қолди. Судьялар ихтиёрий истеъфога кетмоқчи эмас. Инстанцияни тарқатиб юбориш талаби унинг партиясида ҳам дастакланмади. Аммо президент ҳам ортга чекинолмайди. Бу унинг барча – мухолифлари, Ғарб ва украин жамиятида кучсизлигини намойиш этган бўларди. Бироқ президентнинг парламентни тарқатиб юбориш борасидаги таҳдидларига қарамай, КСни тарқатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси етарли овоз тўплолмади.

Рақибининг заифлигини ҳис қилган КС Зеленский президентлиги даврида ўтказилган бошқа муҳим ислоҳотларнинг, масалан, ХВЖдан ёрдам олишга имкон берган ер бозори тўғрисидаги қонуннинг қонунийлигини ҳам текшириши ҳақида эълон қилди.   Ҳозир Украина лидери қаршисида ҳақиқатда давлат тўнтаришини амалга ошириш зарурати пайдо бўлган ва жорий конституциявий тизимга қарамай, президент-парламент республикасини тўлалигича президентлик тизимига ўтказиш вазифаси кўндаланг. Бусиз ислоҳотларни давом эттириш имконсиз. Боз устига, президентни жамоатчилик дастакламоқда. Сўровларга кўра, Зеленскийни КСни тарқатиб юбориш уринишини украинларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган.     

Қарор қабул қилиш Зеленскийнинг ўзида қолган, Олий Рада ундан узоқлашган. Тезроқ бир тўхтамга келинмаса, инқироз Ғарб билан муносабатларга даҳл қилади. 

Мана энди Украинанинг минтақаларидаги парокандаликка тўхталсак. Мамлакат ғарбидаги венгерлар ҳокимиятдан норози. Гап шундаки, тобора Венгрия билан яқинлашишни истаётган Закарпатьедаги венгерлар ташкилотларида Украина хавфсизлик хизмати тинтув ўтказди. Энди НАТО Венгрия ва Украина ўртасидаги муносабатларни изга солишда воситачилик қилмоқчи эмас.  Аммо Будапешт НАТОнинг қарорига вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланиб, Киевнинг альянс билан интеграциясига ҳалал бермоқчи. Айни пайтда Украина мудофаа вазири Андрей Таран мамлакат 2021 йилда НАТО аъзолигини олиш бўйича ҳаракатлар Режасини имзолаши мумкинлигини айтди. Унинг қайд этишича, украина томони Конституция ва миллий хавфсизлик Стратегиясида НАТО ва ЕИга аъзолик курсини мустаҳкамлаган. Тўғри, НАТО Украина билан Қора денгизда ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи. Аммо Венгриянинг кам сонли этник венгерларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани мавзуси ҳам эътиборда. Гап шундаки, ўтган ҳафта венгерларнинг Закарпатьедаги ҳайрия фондида тинтув ўтказилди, натижада Украина хавфсизлик хизмати айирмачиликка чақирилган материалларни топган. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто мазкур муаммони НАТОнинг вазирлик видеоконференцияси доирасида муҳокама этишни таклиф этган.

Йенс Столтенберг альняс вазиятга аралашмаслигини айтди. Муаммо ечимини ўзларига қўйиб берди. Баҳс ЕИ тузилмаларида давом этадиган кўринади. Европарламентнинг Венгриядан сайланган депутатлари Закарпатьедаги вазиятни миллий ўзанда – украинларнинг венгерларга қарши можароси сифатида баҳолашди. Улар фикрича, минтақада “фуқаролик уруши” бошланмоқда. «Биз буни шармандали деб ҳисоблаймиз ва украин расмийларининг Закарпатьедаги венгер жамоаси лидерлари ва ташкилотларига қарши куч қўллашини чуқур қоралаймиз», – дейилади улар тарқатган баёнотда. Яқинда Будапешт бу масалани Европарламент кун тартибига олиб чиқмоқчи. 

Хуллас, Украина НАТОга қўшилиш учун жуда кўп иш қилди, унинг интилиши НАТОдаги шериклар томонидан жиддий қабул қилинди ҳам. Аммо аъзоликка қабул қилиш борасидаги ҳаракатлар режаси тақдим этилиши йўлида анча қовун пишиғи борга ўхшайди. Венгриянинг тил сиёсати ва миллий озчиликлар ҳуқуқлари юзасидан Киевга эътирозидан ташқари, Германия ва Украина ҳам режа имзоланишига қарши чиқиши мумкин. Чунки Европанинг локомотив давлатлари Россия билан муносабатларни кескинлаштиришни истамайди. Чунки Кремл Украинанинг Россия ва НАТО ўртасида буфер зона бўлиб қолишини хоҳлайди. АҚШ ҳам Киев НАТОга қабул қилинганидан кейин Украина билан биргаликда Қримни қайтариш учун Россия билан урушга кириш орзусида ёниб яшаётгани йўқ.

Биргина тўғри йўл, барча билан келишиб яшаш, мустақил ташқи сиёсат юритиш. Ҳамманинг манфаатларини ҳурмат қилиш. Бусиз ҳеч қайси бир давлат узоққа боролмайди.  

Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img