Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркманистонда нейтралитет куни нишонланди

Туркманистонда нейтралитет куни нишонланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти чоғида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчиси ва қардош туркман халқини ушбу мамлакат Бетарафлигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, фаровонлик, тараққиёт ва равнақ тилади.

Бугунги кунда жаҳондаги 8 та мамлакат – Австрия, Ирландия, Коста-Рика, Лихтенштейн, Мальта, Швейцария, Швеция ва Туркманистон бетарафлик мақомига эга. Улардан фақат Туркманистонгина БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясига биноан бу мақомга эришган. Туркманистоннинг мазкур нияти 1995 йил 20 октябрь куни 114 мамлакат вакиллари иштирок этган Қўшилмаслик ҳаракати анжуманида қўллаб-қувватланди. Ашхабоднинг бу борадаги мавқеи кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан илиқ кутиб олинди. БМТ Бош ассамблеяси 1995 йил 12 декабрь куни Туркманистоннинг доимий бетарафлиги тўғрисида 50/80 рақамли резолюция қабул қилди. Унда таъкидланганидек, Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу каби ҳужжат халқаро ҳамжамият фаолиятида биринчи марта қабул қилинди. Бош Ассамблея сессиясида бу қарорни БМТга аъзо 185 давлат вакили қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг Туркманистон ташқи сиёсатида янги давр бошланди.

Туркманистоннинг бетарафлик мақоми халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакат янги тарихида туб бурилиш қилган, давлат қурилишининг асосий босқичлари ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим воқеалардан биридир. Бетарафлик мақоми нафақат Туркманистон халқининг узоқ муддатли манфаатларига, балки минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини исботлашнинг зарурати йўқ. Туркманистонни бетараф давлат сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қарор СССР парчалангандан сўнг, собиқ иттифоқнинг деярли барча республикалари ривожланишнинг мақбул йўлларини топиш, ўз мамлакати келажагини таъминлашнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бўйича изланаётган бир пайтда қабул қилинди. Собиқ иттифоқ республикалари ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мустақил тараққиёт йўлини танлади. Ёш ва мустақил Туркманистон учун бетарафлик мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ўзида мужассам этган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг ўзига хос шакли ва мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилди.

Туркманистоннинг доимий ижобий бетарафлик мақомига эга давлат сифатида замонавий ривожланиш даври бевосита Гурбангули Бердимуҳамедов номи билан боғлиқдир. У Президент лавозимида фаолиятини бошлагач, Туркманистоннинг бетарафлик мақоми сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиди. Гурбангули Бердимуҳамедов 2007 йил БМТ минбаридан  Туркманистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлиги, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини баён қилиб, бетарафлик ўз қобиғига ўралиб қолиш,  халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик алоқаларидан ўзини тийиш деган тушунчаларга чек қўйди. Бу билан Туркманистоннинг янги ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берди. Ўтган давр мобайнида Туркманистон Президенти халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, транспорт-коммуникация, энергетика соҳалари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Оролни қутқариш бўйича ҳамкорликка оид долзарб масалалар юзасидан кўплаб амалий таклиф ва ғояларни илгари сурди. Ашхободда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказини ташкил этиш ҳақидаги ташаббуси шулар жумласидандир.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Каспий денгизида транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича битим ишлаб чиқиш, БМТнинг Транспортни ривожлантиришга доир минтақалараро махсус дастурини қабул қилиш, Туркманистонда БМТ Бош Ассамблеясининг Транспорт коридорлари тўғрисидаги резолюциясини амалга оширишга бағишланган минтақавий симпозиумни ўтказиш ҳақидаги таклифлари алоҳида эътиборга лойиқдир. 

Йирик транзит-транспорт салоҳиятига эга Туркманистон айни пайтда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда темир йўл, автомобиль, денгиз ва ҳаво йўллари орқали қатновни ўз ичига олган кенг тармоқли мультимодаль инфратузилмани шакллантирмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг транспорт йўллари минтақадаги барча давлатларнинг Эрон, Форс кўрфази ва Қора денгиз бўйида жойлашган мамлакатлар бандаргоҳларига, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига чиқишини таъминлайдиган ягона тизимнинг интеграциялашган бўғинига айланишига шубҳа йўқ.

Бутун дунё бугун кескин ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, халқаро хавфсизлик архитектураси ўзгариб бормоқда. Табиатда вакуум, яъни бўшлиқ бўлмайди. Бўшлиқ пайдо бўлган жойда уни, биринчи галда, ҳеч қандай чегара ва чекловларни билмайдиган турли бузғунчи ва босқинчи кучлар эгаллаб олади. Шу жиҳатдан Туркманистон ҳам  Ўзбекистон каби қўшни Афғонистондаги муаммонинг тезроқ ечим топишидан манфаатдор. АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан олиб чиқиш режаси, шунингдек, ушбу мамлакатни ташқи молиявий қўллаб-қувватлаш камайиши вазиятни мураккаблаштиради. Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатъи назар, шуни ишонч билан айтиш мумкинки,  муаммони фақат бир йўл, яъни ўзаро курашаётган томонлар ўртасида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш орқали ҳал этишдан бошқа йўл йўқ. Ҳеч бир вазият ёки масала музокараларга тўсиқ эмас, балки муросага эришиш воситаси бўлиши даркор. Бунинг учун қатъий сиёсий иродага эга бўлиш, ўзаро муроса қилиш, бир-бирига ён босиш зарур. Муроса, яна бир бор муроса, курашаётган томонларнинг ўзаро бир-бирига ён бериши — Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли мана шу.

Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласи бўйича позицияси очиқ ва равшан. Биз Афғонистонга қўшни мамлакат сифатида барқарор ва дўстона муносабатларни миллий манфаатларимиз, ички ишларга аралашмаслик сиёсати асосида йўлга қўйганмиз ва шундай бўлиб қолади. Кучларнинг глобал ва минтақавий жойлашувидаги мураккаб ўзгаришларга нисбатан Туркманистон билан ёндашувларимиз ўхшашлиги, замонамизнинг бошқа долзарб муаммоларини ошкора муҳокама этишга тайёрлигимиз  давлатларимизнинг ҳамфикр эканини кўрсатади.

Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги бўйича вазмин ташқи сиёсат стратегиясини, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақамиз мамлакатларининг иқтисодий интеграциялашуви ва барқарор ривожланишига қаратилган ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Туркманистоннинг амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини эълон қилган бетарафлик концепцияси бундан кейин ҳам мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, унинг миллий манфаатларини халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилишига ишонамиз.

Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв давлат раҳбари этиб сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифини Туркманистондан бошлади. Гурбангули Бердимуҳамедов «Ўзбекистон Туркманистоннинг ишончли дўсти, муҳим ва фаол шеригидир. Биз Ўзбекистон билан азалий дўстлик ва маънавий яқинликка асосланган самимий муносабатларни юксак қадрлаймиз», деб таъкидлади. Олий даражадаги ташрифлар сони кўпайди.

Халқимиз туркман халқи билан ҳам азалдан ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган, бир дарёдан сув ичган. Савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган. Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилинмоқда. Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Шу жиҳатдан  Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим геостратегик аҳамиятга эгадир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ашхабодга амалга оширган ташрифи доирасида очилган Амударё устида қурилган автомобиль ва темир йўл кўприклари мазкур транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир. Трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам юксалмоқда. Икки мамлакат олимлари қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва бошқа соҳаларда биргаликда изланишлар олиб бормоқда.

Давлатларимиз ўртасида қарор топган дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстона қўшничилик ва ҳар томонлама яқин ҳамкорлик муносабатлари келгусида ҳам мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари, шунингдек, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ривожланиб бораверишига шубҳа йўқ.

Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img