Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркиялик эксперт маҳорат дарси ўтди

Туркиялик эксперт маҳорат дарси ўтди

Мамлакатимизнинг Анкарадаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) талабалари учун Туркия Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг матбуот бўйича эксперти Давут Гази Бенли томонидан маҳорат дарси ташкил этилди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган маҳорат дарси «Оммавий ахборот воситалари ва янги медиа замонавий сиёсий қарама-қаршиликларда» мавзусига бағишланди. Дарс аввалида ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжаев мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, шу жумладан, журналист кадрлар тайёрлаш бўйича қилинаётган ишлар хусусида маълумот берди. Бу борада халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва маҳорат дарслари муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Давут Гази Бенли Туркияда матбуот соҳаси бўйича етакчи экспертлардан бири ҳисобланади. Мутахассис инглиз, немис, араб ва ўзбек тилларини мукаммал билади. У икки йил давомида Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида Алоқа ва матбуот маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган. Туркиялик мутахассис XXI аср бошларида Яқин Шарқда юз берган можаролар мисолида оммавий ахборот воситалари ва уларнинг сиёсий парокандаликка бўлган муносабати ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Давут Гази Бенли нима учун Яқин Шарқ доимо кун тартибида бўлиши ва можароларнинг асосий сабаби ҳақида эксперт сифатида шарҳ берди. У бу борада олиб борган тадқиқот натижалари ҳақида айтиб ўтди. Онлайн-дарсда, шунингдек, янги медиалар ва журналистикада рўй бераётган сўнгги тенденциялар, Шарқ мамлакатлари оммавий ахборот воситалари фаолияти, Ғарб давлатларининг ахборот сиёсати таҳлил этилди.

Тадбир сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Маҳорат дарси якунида университет ва элчихона ўртасида ушбу шаклдаги тажрибани мунтазам давом эттириш ва уларга тажрибали халқаро экспертларни таклиф этиш ҳақида келишиб олинди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img