Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркияга ижодий саёҳат

Туркияга ижодий саёҳат

(БИРИНЧИ МАҚОЛА)

Инсонни сайёҳатга интилиши азалдан бор туйғу. Ота-боболаримиз ҳам тоғу тош ошиб, денгизларни кемаларда кесиб ўтиб, юрт кезишган. Ҳозирда сайёҳлик учун шароитлар яхши. Исталган манзилга замонавий автобуслар, тезюрар поездлар ҳамда самолётларда етиб олиш мумкин.

Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан 2020 йилдан бошлаб “Хавфсиз туризм” лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этиб келинаётган пресс-турлар Туркиядаги сайёҳлик масканларини пандемия шароитида қандай хавфсиз фаолият кўрсатаётганини ўрганишни мақсад қилиб олган. Айни пайтгача Туркия Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида бундай пресс-турлардан 6 марта ташкил этилиб, унда 75 нафар ўзбекистонлик медиа ходимлари қатнашди. Навбатдаги пресс-турда мен ҳам иштирок этишимни билганимдаёқ кўнглимда ажиб ҳислар уйғонди.
Йўл олдидан кароновирусга тест топширдим. 20 июнь куни тунда Тошкент халқаро аэропортига бордим. Кутиб олувчилар ва учиб кетувчилар жойи бироз торлик қилаётгани кўриниб турибди. Чунки 20-30 нафар йўловчилар юклари устига ёки бетон устига ўтириб олган. Рўйхатдан ўтиш олдидан пресс-турга борувчилар билан танишиб олдик. Шу ерда Туркия элчихонаси ходими Камронбек элчихона Маданият ва туризм бўлими бошлиғи Алпарслон Акинчи имзолаган таклиф қоғози ҳамда сафар дастурини тақдим этди.

Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларни рўйхатга олиш, юкларни қабул қилиш ва самолёт бортига чиқариш хизматлари сифатли йўлга қўйилганини эътироф этиш жоиз. Бироз учиш олдидан савдо шахобчалари ва овқатланиш масканларини томоша қилдик. Хусусан, савдо шахобчаларида миллий кийим кечакларни кўплиги хорижлик йўловчиларни бу турдаги маҳсулотларга бўлган талаби юқори эканини кўрсатади.
Рейсимиз эълон қилингач Туркия ҳаво йўлларининг Боинг русумидаги самолётига чиқишни бошладик. Самолёт эшигидан киришдаёқ тиббий ниқоб ва антисептик воситалар тақдим этилди. Креслолардаги монитор орқали самолётни учиш йўлагидаги барча ҳаракатлари, хусусан, учиш ва қўниш ҳолатларини кўриш мумкинлиги йўловчиларни қизиқтиради. Истанбулгача қарийб 4 соат учдик. Бу даврда стюард ва стюардессалар йўловчиларга ичимлик, махсус таомлар тақдим этиб, уларнинг пандемия қоидаларига қай даражада амал қилишларини кузатиб борди. Истанбул янги аэропортини фазодан кўрар эканмиз ажойиб архитектурага эга эканлигига тан бердик. Аэропортга кирар эканмиз ушбу маскан дунёдаги энг йирик аэропортлардан бири эканлигини ҳис қилдик.

Интернетга яъни вай-фай хизматига уланишга беш дақиқа кетди. Махсус мосламага паспортни қайд эттирсангиз, бепул интернетга уланиш учун махсус код келади. Интернетга улангач, гуглдан Истанбулнинг янги аэропорти бўйича маълумотлар қидирдим. Унга кўра, 2019 йилнинг апрель ойида Истанбулда дунёнинг энг улкан ва замонавий аэропорти иш бошлади. У ўзининг ҳайбати, бежирим дизайни ва кенглиги билан биринчи дақиқаларданоқ ҳайратга сола бошлади.

Туркия ҳукумати 2013 йилда янги аэропорт қурилишига тендер эълон қилган бўлиб, уни IGA концерни амалга оширди. Лойиҳа қурилиши тўрт босқичдан иборат бўлиб, у 2023 йилда тўлиқ битиши кутилмоқда. Инвесторлар ва ҳамкорлар мазкур лойиҳага 11 млрд. евро ажратишгани ҳақида хабар мавжуд. Қурилиш якунига қадар инвестиция қиймати 22 млрд. еврога етиши мумкин. Янги аэропорт дизайнини британиялик Скотт Браунинг яратди. Бино интерьерида ислом ва турк санъатига хос нақш ва орнаментлардан фойдаланилган.

Истанбул аэропортининг маҳаллий рейсларини бажарувчи қисмига ўтдик. У ердан Анталияга учиш йўлагига бориб, чипталарни рўйхатдан ўтказдик. Анталияга учувчи Боинг 777 самолёти Тошкентдан Истанбулга келган самолётдан ҳам баҳайбат эди. Шунга кўра, ўриндиқлар сони анча ортиқ. Бундан билса бўладики, Анталияга борувчи йўловчилар сони анча кўп. Анталия аэропорти халқаро мақомда бўлиб, кўплаб мамлакатлар билан тўғридан-тўғри авиарейсларни амалга оширади. Бу аэропорт 2019 йилда 4 миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатган. Пандемия шароитида ҳам аэропорт ходимлари йўловчиларга хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича юқори натижаларга эришмоқда. Аэропортдан чиқар эканмиз бизни Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ходимлари кутиб олишди…

Шу ўринда йирик туристик салоҳиятга эга ушбу мамлакат ҳақида маълумотларга назар ташласак. Туркияда 81 та провинция мавжуд. Аҳоли сони айни пайтда 81 миллион нафар. Нуфуси кўплиги бўйича Истанбул (16 миллионга яқин), Анқара (5 миллион 445 мингдан зиёд), Измир (қарийб 4 миллион 300 минг), Бурса (3 миллион атрофида), Анталия (2 миллион 400 минг нафардан ортиқ) шаҳарлари олдинги ўринларда туради. Иқтисодий салоҳиятига кўра, Туркия дунёдаги катта йигирматаликка кирувчи давлатлардан бири саналади.

Абдувоҳид АЧИЛОВ
(Давоми бор)

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img