Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркияга ижодий саёҳат

Туркияга ижодий саёҳат

(VI-MAQOLA. Сўнгги кун Анталия ва Истанбул билан хайрлашув)

Анталиядаги ижодий сафаримизнинг сўнгги тунида кўпчиликни уйқуси келмади. Бир кун аввал Туркия туризм вазирлиги ходими Шабадахон Озарбайжон делегацияси тонгги соат 6.00 да, Ўзбекистон делегацияси соат 9.30 да йўлга чиқишини айтгани боис ҳамма кетиш тараддудини кўрди.

Тонг отмасдан Жасур Ҳамроев билан яқинимиздаги масжидга бордик. Одам кўп эмас. Лекин ҳаммага маска ва саждагоҳи учун оппоқ қоғоз берилди. У ердан мехмонхонага келсак, Озарбайжон делегацияси автобусларга чиқа бошлашибди. Шуерда барча қардошлар билан бирга озарбайжонлик журналист Руфиз Ҳафиз ўғли билан хайрлашдик. Бу журналист билан мен уч йил аввал, Жасур эса икки йил аввал Туркияга сафаримизда ҳамроҳ бўлганлиги туфайли бу галги сайёҳатимизда хам кўплаб фикрлар алмашдик.

Озарбайжонлик дўстларни кузатгач, меҳмонхона қаршисидаги дўконга ўтиб ширинлик харид қилдик. Умуман, Туркия лукум ширинликлари севиб истеъмол қилинадиган маҳсулотдир. Шу боис хорижлик сайёҳлар совға тариқасида албатта шу ширинликдан харид қилишга интилади.
Умуман, бу сафардаги хамроҳларимиз жуда кучли журналист, соҳа назариётчилари ва амалиётчиларидан таркиб топганлиги ижодий маҳсулдорликка хизмат қилди, дейиш мумкин. Хусусан, Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби директори, таниқли шоир Мухаммад Исмоилни гуруҳимиз таркибида борлиги у кишининг журналистик тажрибаси ва ижодий маҳоратларидан баҳра олишга ёрдам берди.

Қатор таниқли сайтлар ва агентликлар вакиллари Муҳайё Тошқораева, Миролим Исажонов, Мурод Асроров, Хуршид Далиевлар билан пресс тур борасидаги фикрлашувларимизда Туркияда Хавфсиз туризм лойиҳаси изчил ҳаётга тадбиқ этилаётганини эътироф этишди. Чунки ушбу давлат сайёҳлик салоҳиятини ошира бориб, 2023 йилда 70 миллион туристни жалб этиш имконини яратмоқчи. Бунда мамлакат аҳолисини тўла вакцина қилиш, сайёҳлик масканларида пандемия қоидаларини тўлақонли жорий этиш кўзда тутилган. Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати ходими Аҳмад Тўра сафаримизда барчага сифатли расм ва видеолар олишда амалий кўмак берди. Шунингдек, гуруҳимиздаги Бухоро вилояти туризм бошқармасининг икки вакили ҳам сайёҳлик масканларидаги жахон стандартларини жорий этилишига баҳоларини бериб боришди. Уларга кўра, Туркия туристик объектларидаги тажрибалар эьтирофга сазовардир.

Жаҳонгашта халқаро журналистимиз Жасур Ҳамроев ҳар бир сайёҳлик масканидан ютуб ва инстаграм тармоқлари орқали тўғридан-тўғри репортажлар тайёрлаб, уларда гуруҳ иштирокчиларининг фикрларини хам кенг жамоатчиликка етказиб турганини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, шоир Муҳаммад Исмоил билан Туркиядаги Хавфсиз туризм борасидаги бир дақиқалик интервьюси бир кунни ичида ўн икки минг киши томонидан кўриб чиқилгани қувончлидир.

Анталиядаги аэропортда Туркия маданият ва туризм вазирлиги вакиллари билан қадрдонлардек хайрлашдик. Анталия ва Истанбул аэропортларидаги шароитлар ҳақида олдинги мақолаларда сўз юритган эдик. Яна улкан самолётларда она юрт томон йўл олдик. Тошкент халқаро аэропортига келгач, пандемия карантин қоидалари яна кучайтирилгани, хориждан келган фуқоролар 14 кунлик уй карантинига олиниши бўйича мажбуриятнома тўлдириш лозимлигини билдик.

Нима бўлганда ҳам инсоният каронавирус балосидан қутилсин. Шундагина дунё туризми жадал ривожланади. Бу борада Туркия хукумати олиб бораётган Хавфсиз туризм лойиҳаси ўзининг ижобий натижалари билан тажриба мактабини ўтайди.
Абдувоҳид Ачилов
Туркия 20-26 июнь 2021йил

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img