Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркияга ижодий саёҳат

Туркияга ижодий саёҳат

IV MAҚОЛА

(4-кун. Анталиядаги Дюдан шаршараси ва Эски шаҳарча билан танишув)

Анталияга қизиқишимиз кундан кунга ортиб бораяпти. Меҳмонхонада нонушта қилиб, яна автобусга ўтириб йўлга тушдик. Автобусда ҳар куни бўлгани каби Туркия маданият ва туризм вазирлиги ходимлари Ҳасан оға ва Шабада хоним навбатма-навбат Анталияга борадиган жойларимизни тарихини айта бошлашди.

Дюдан шаршараси иккита жойда бўлиб биз шаҳарни ичидаги шаршарага бордик. Эрталабданоқ сайёҳлар ушбу масканга кела бошлаган. Турк хонандаси томоша жойида жонли ижрода қўшиқ айтарди. Барчамиз шаршарани кўриш ва унинг фонида расмга тушишга киришдик.

Бир соатча шаршарани томоша қилгач, Анталиянинг эски шаҳар қисмига йўл олдик. Эски шаҳарда кўчалар тор, атрофдаги уйлар қайси даврда қурилган бўлса ўша ҳолатича сақланиб қолган. Кўча бўйлаб дўконлар ва овқатланиш масканлари жойлашган бўлиб, сайёҳлар эсдалик совғалари харид қилишмоқда. Бироз кафеларда тўхтаб турк чойида ва музқаймоғидан баҳраманд бўлишаяпти.

Эски шаҳар айланиб, у ердаги тарихий қалъага дуч келдик. Миллий байроқ илинган мазкур маскан қадимийлиги билан сайёҳларни ўзига жалб этади.
Қалъани томоша қилиб, Оқ денгиз бўйидаги яна бир порт ва чўмилиш ҳавзасига тор кўчалар оралаб тушиб бордик. Шу жойда бизни ўзбекча гапираётганимизни эшитган икки нафар эркак киши биз билан сўраша кетди. Улар қашқадарёлик эканликларини, бу ерда бизнес қилишларини айтишди. Кичик суҳбатдан сўнг уларга омад тилаган ҳолда йўлдан давом этдик.

Денгиз портидаги ресторанда овқатландик. Овқатланиш масканларида бепул вайфай интернетлари тақдим этилиши туфайли шу ерни ўзида кўпчилик пресс тур иштирокчилари ижтимоий тармоқларга тўғридан-тўғри репортажлар ташкил этишди. Мен ҳам Эски шаҳардан олган таассуротларим ва денгиз порти бўйича феесбукда чиқиш қилдим. Овқатланиб бўлгач, ўйинчоқлар музейи, гуллар музейи ва тарихий буюмлар расталаридан ўтиб автобуслар жамланадиган масканга бордик.

Икки соат бўш вақт берилди. Кимдир савдо учун кимдир яна томоша учун йўл олди. Биз Жасур Ҳамроев, Хуршид Далиев ва Мурод Асроровлар биргаликда 1323 йилларда бунёд этилган масжидга кирдик. Намозни адо этгач, унинг тарихига қизиқдик. Ундан сўнг бир кафега кириб, анор шарбати ичиб, интернетга шўнғидик. Шу ўринда айтиш керакки, Туркияда масжидлар жуда кўп. Ҳатто узоқ йўлларнинг ҳар 30-40 километрида махсус кичик масжидлар бунёд этилган.

Ҳамма тўплангач автобусда меҳмонхона томон йўл олдик. Кўчалардаги биноларга боқаман. Томларида қуёш батареялари ва сув бидонлари ўрнатилган. Демак, Анталия бўйича биноларни иситиш, ёритиш ва иссиқ сув билан таъминлаш қуёш батареялари орқали амалга оширилар экан. Ажойиб, Анталияда 300 кун қуёшли бўлишини ҳисобга олсак, бу саъй-ҳаракатлар эътирофга сазовор.

Анталиянинг қайси кўчасидан юрманг, дарахтлар гуллар ва ажойиб дизайндаги уйларга кўз тушади. Бир-бирига ўхшамаслиги одамни ўзига жалб этади. Айниқса йирик меҳмонхоналарнинг кўриниши диққатга сазовардир.

Томошалардан кўнгил тўлган ҳолда меҳмонхонага қайтдик. Бу ерда бизни коронавирусга тест олувчи шифокорлар ўз ускуналари билан кутиб турарди. Бирин-кетин ҳар биримиз тестга томоқ ва бурундан тўқималар топширдик. Кечки нонуштадан сўнг яна кимдир чўмилишга, яна кимдир уйқуга яна кимдир ижод уммонига йўл олди.
Абдувоҳид Ачилов

(Давоми бор).

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img