Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркия ва Саудия муносабатларида илиқлик

Туркия ва Саудия муносабатларида илиқлик

Сиёсат доим ўзгарувчан. Манфаатларга қараб давлатлар ё яқинлашади ёки узоқлашади. Узоқ йиллик минтақавий низолар ортидан Туркия ва Саудия муносабатларида илиқлик кузатилмоқда. Ҳар икки мамлакат лидерлари ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш тараддудида. Экспертларга кўра, воқеаларнинг бундай ривожига иқтисодий муаммолар ҳамда АҚШда Жо Байден президентлигининг бошланиш арафасида экани туртки бўлган. “Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва муаммоларни ҳал этиш мақсадида диалог каналларини очиқ сақлашга келишиб олди”, дейилади икки лидернинг ноябр ойидаги телефон мулоқотига доир Анқара баёнотида. Ана шу мулоқот ортидан Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Нигер Республикасида ўтган учрашувида Туркия ва Саудия ташқи ишлар вазирлари ҳам илиқ баёнотлар билан чиқди. “Туркия ва Саудия ўртасидаги мустаҳкам ришталардан нафақат бизнинг давлатларимиз, балки минтақадаги барча мамлакатлар ҳам бирдай манфаатдор”, деб ёзди Туркия бош дипломати Мевлут Чавушўғли “Твиттер”да.

Минтақада етакчилик учун интилар экан, Эрдоған ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон манфаатлари кўп бор тўқнаш келган. Томонлар ашаддий рақибга айланган эди. Саудия, хусусан, Муҳаммад бин Салмон араб дунёсининг лидерига айланиш учун курашиб келади. Доналд Трамп АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлган Саудияга ҳеч қандай шартларсиз эркин ҳаракатланиш имкониятини яратиб берди. Мазкур минтақа ва араб дунёсида етакчилик учун даъвогарлик қилар экан, Туркиянинг йўлида Саудия ҳамиша ғов бўлиб келган. Таҳлилчилар наздида, икки томоннинг рақобати Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги низоларнинг кучайишига олиб келган. Бироқ Байденнинг Трамп устидан ғалабаси ҳар икки томонни муносабатларни қайта кўриб чиқишга ундамоқда. АҚШда ҳокимиятга Байден келаётгани Саудия-Туркия муносабатларининг илиши учун сабаб бўлган муҳим факторлардан. Саудия Байден маъмуриятидан янгича сиёсат юритилишига тайёр туриши керак. Ҳар икки мамлакат ўзаро низолардан наф чиқмаслигини англаб етган.

Таҳлилчилар Анқара ва Риёд ўртасида илиб бораётган алоқаларни иқтисодий омиллар билан ҳам боғлайди. Хусусан, Туркияда айни дамда иқтисодий инқироз кузатилмоқда. Саудия эса ҳамиша муҳим иқтисодий ҳамкор бўлган. Мамлакатга муҳим сармоя киритган. Шунинг учун ҳам Анқара айрим масалаларга кўзини юммоқда. Баъзи манбаларга кўра, Риёд Туркия маҳсулотларига норасмий эмбарго жорий этган. Туркия Экспортёрлар ассамблеясининг маълум қилишича, Саудияга экспорт ҳажми 16 фоизга тушиб қолган. Таҳлилчиларга кўра, ана шундай қалтис вазиятдан келиб чиқиб, Анқара Туркияда журналист Жамол Ҳашоқжининг ўлдирилишига доир эътирозларини ҳам бир четга суриб қўймоқда.
Туркия президенти Ражаб Эрдўғон 2015 йили Саудияга келган ва ўшанда “ИД” террорчиларига қарши коалиция ташкил қилган давлат — Саудия Арабистони билан яқинлашишгна интилган. Ар-Риёд  тузган альянс замирида Россияга қарши сиёсат ётганини илғаб олиш қийинмас. Коалиция Сурия президенти Башар Асад ҳукуматини йўқ қилишни бош мақсад қилиб олган эди. Туркия ҳукумати учун эса бу айни муддао. Бундан ташқари, Саудия Арабистони ва Туркия стратегик ҳамкорлик бўйича Кенгаш ташкил қилиш ниятида. Бу Анқара ва Ар-Риёд ўртасидаги иккиёқлама муносабатларда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

Саудия Арабистони Россия ва Туркия муносабатларидаги зиддиятдан фойдаланяпти. Саудия Арабистони иттифоқдошга муҳтож. Араб Амирлиги, Баҳрайн ёки Қатар сингари майда давлатлар бу ролга тўғри келмайди. Саудия Арабистонига катта ҳарбий куч керак. Сабаби, мамлакат қуролли кучлари ҳарбий муаммоларни ечишга қодир эмас. Шу боис, Саудия Арабистони Туркия билан дўстлашиб, ўз кўнглини ҳотиржам қилиб олмоқчи. Туркия бу борада ўзига иттифоқдош эканини у аллақачон фаҳмлаган. Саудия Арабистони раҳбарияти ва Туркия давлати раҳбарлари қўрқув исканжасида, уларнинг хаёлича ҳар бурчакда “русча таҳдид” яширинган. Бундан ташқари, бу мамлакатларнинг ички сиёсатида зиддиятли муаммолар жуда кўп. Давлат раҳбарлари ўз режими келажагидан ҳавотирдалиги шубҳасиз. Россия-Туркия муносабатларидаги зиддиятдан Эрдўғон таҳликага тушиб қолгани кафтдек намоён. Туркия президенти Россия ўч олишидан қўрқяпти. Шу боис ҳам, бу икки давлат стратегик яқинлашишга қарор қилди.

Россия Сурияда олиб борган террорчиларга қарши кампаниясида самарадорлигини намоён қилди. Шу боис, бу урушда Россия етакчи ролга чиқиб олиши уларни ҳавотирга соляпти. Аммо Туркия ва Саудия Арабистони ҳеч қандай ҳарбий иттифоқ туза олмайдилар.  Туркия — НАТО аъзоси. Альянс таркибига кирувчи мамлакатлар эса НАТОга қўшилмаган давлат билан ҳарбий иттифоқ тузишга ҳақли эмас. Бордию Туркия қуролланган можарога аралашиб қолса, ўртага НАТО тушиши керак бўлади. Бу европаликларга зарил эмас. Туркия ўзига истаганча иттифоқдош топиши мумкин, лекин улар орасида ҳарбий иттифоқдош бўлмайди.

Аммо Яқин Шарқ оламининг икки қудратли давлати яқинлашмоқчи. Ваҳоланки, сўнгги йилларда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср ўз мамлакатларида, Яқин Шарқ ва араб дунёсида антитурк сиёсатини олиб бораётган эди. Бунинг сабабини тарихдан изламоқ зарур.

1916-1918 йиллардаги араб қўзғолони натижасида араб ерлари Усмонли империясидан ажралиб чиққач, қардош мусулмон халқлари – турклар ва араблар ўртасида келишмовчиликлар бошланди. Англия протекторати остида шаклланган араб мамлакатларида туркларга қарши курашда арабпарастлик тарғиботи олиб борилди. Илгари Усмонли халифалиги таркибига кирган араблар бир неча йил давомида дунёвий республикалар, қиролликлар, амирликлар, Буюк Британия ва бошқа Европа кучлари томонидан бошқариладиган мустамлакаларга бўлиб ташланди. Шу билан бирга, 1924 йилдан бери янги ташкил этилган Туркия Республикаси сиёсатда дунёвийлик йўлини тутиб, араблардан узоқлашиш учун ҳар томонлама ҳаракат қилди. Арабларга қарши вазиятдан фойдаланган ҳолда, Туркия ҳукумати уларнинг исм-шарифлар ёзилиши, алифбо, маданият ва ҳатто диндаги арконларга ҳужум қилди: азон турк тилида янгради. Туркия мамлакатни барча йўналишларда европалаштиришга интила бошлади.

Усмонли империяси халифалик сифатида Ислом динидаги ҳанафий мазҳабини қабул қилган эди. Ўз навбатида, саудияликлар Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ат-Тамимийнинг XVIII асрда шаклланган ваҳҳобийлик (салафизм) диний ва сиёсий ҳаракатини танлади. Ҳаракат Усмонли империясига қарши урушда катта рол ўйнади. Турклар салафийлар ҳаракатини умматга қарши исён кўтариш ва Усмонли халифалигини парчалашда айблашади. Бундан ташқари, турклар араблар халифаликдан чиқиб, фақат расмий равишда мустақил бўлиб қолишди, лекин аслида уларни Буюк Британия, АҚШ, СССР ва бошқа нуфузли кучлар бошқарган, деган фикрда қолишган.

Эрдоған ҳокимият тепасига келиши билан Туркия қардош мусулмон мамлакатларига яқинлаша бошлади. Анқаранинг Қатар, Сомали, Фаластин, Ливия, Эрон ва бошқа Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан муносабатларини мустаҳкамланиши, Эрдоғаннинг Исроилга қарши сиёсати ва қочқин мусулмонларни қўллаб-қувватлаши Туркияни араб жамияти эътиборида оммалаштирди.

2011 йил “Араб баҳори” бошланиши билан араб мамлакатларида режимлар қулади ёки уларнинг баъзиларида қаттиқ қонунлар юмшатилди. Минтақанинг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган республикаси Мисрда Ҳусни Муборак тахтдан ағдарилганидан сўнг Мурсий мамлакат президенти этиб сайланди. Мисрдаги биринчи демократик сайловларда Муҳаммад Мурсийнинг, шунингдек, руҳи жуда яқин бўлган сиёсий партияларининг ғалабаси Эрдоған учун мафкуравий ютуқ эди. 2013 йил июл ойида Мисрда Мудофаа вазири – Абдулфаттоҳ ас-Сисий бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан тўнтариш амалга оширилди. Тўнтариш натижасида қонуний президент Мурсийнинг минглаб тарафдорлари ўлдирилди ва қамоққа олинди, Сисий эса мамлакатнинг янги президенти сифатида “сайланди”. Туркия тўнтаришни қаттиқ қоралади ва президент сайловлари натижаларини тан олмади. Ўшандан бери Миср ва Туркия халқаро миқёсда бир-бири билан тўқнашиб келмоқда. 2019 йил 17 июнда Муҳаммад Мурсий Миср қамоқхонасида вафот этди ва Эрдоған Мурсийнинг ўлимини қотиллик ва мамлакатда демократиянинг тугаши деб атади.

2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошлангани Саудия Арабистони, БАА ва Туркия манфаатларини айро қилди. 2017 йил август ойида БАА Туркияни мустамлакачилик ва рақобатчилик хатти-ҳаракатларда, шунингдек, “Фурот қалқони” операцияси бошланганидан кейин Суриянинг суверенитетини бузишда айблади. БАА Суриянинг шимолий қисмида турк кучларига қарши курашаётган аксарият этник курдлар бўлган Суриянинг Демократик Кучларига ёрдам берди. Туркия БААни Туркия ҳукумати билан зиддиятда Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашда айблади. 2020 йил март ойида БАА Башар Асад режимига Туркия билан сулҳ битимини (охирги Сочидаги Россия-Туркия келишуви) бекор қилиш ва Суриядаги турк кучларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиши учун 3 миллиард доллар ажратишини ваъда қилгани маълум бўлди. Бу қадамларнинг барчаси Саудия Арабистонидан фарқли ўлароқ, Суриядаги муҳим ҳудудларни назорат қилувчи ва назорат қиладиган Туркияни тўхтата олмади.

БАА расмийлари дипломатик инқироз даврида Туркиянинг Қатарни қўллаб-қувватлашини танқид қилган. 2017 йил 5 июнда бир қатор араб мамлакатлари – Баҳрайн, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Яман (Ҳодий тарафдорлари), Ливия (муваққат ҳукумат), Малдив ороллари, кейинчалик Мавритания ва Комор ороллари билан бирлашган – Қатар билан дипломатик алоқалар узилганлигини эълон қилишди. Улар буни амирлик терроризм ва экстремистик мафкуранинг қўллаб-қувватлаши, унинг душманлик сиёсати ва араб давлатларининг ишларига аралашиши билан изоҳлади. Иордания ва Жибути дипломатик ваколатхоналар даражасини пасайтирди. Бир қатор давлатлар денгиз ва ҳаво қатновини тўхтатиш, банк операцияларини чеклаш, дипломатлар ва Қатар фуқароларини ҳайдаб чиқариш каби қатор кескин чоралар кўрилганини эълон қилишди. Бироқ Туркия нафақат бойкотда иштирок этган давлатларга қўшилди, балки уларни қоралади.

2013 йилдан бери БАА томонидан бошқариладиган оммавий ахборот воситалари Туркияни доимий равишда таъқиб қилишмоқда ва араб дунёси учун антитурк сериаллари намойиш қилинмоқда. 2019 йил охирида Саудия Арабистонининг MBC телеканали “Ёнғин қироллиги” (“Мамлакат ал-Нар”) сериалини намойиш этди. Араб сериалида туркларнинг “Муҳташам аср” ва “Эртуғрул” сериалларига қарши Усмонийлар золим, қонли босқинчилар ва араб ерларининг мустамлакачилари сифатида тасвирланган.

Сўнгги 10 йил ичида Исроил ва АҚШнинг кўмаги билан араб учлиги томонидан қандай қаршиликлар бўлса ҳам Туркия зарбаларга қарши турди ва ўз мақсадларига эришди:

– Сурия, Ливия, Шимолий Кипрда ўз манфаатларини ҳимоя қилди;
– Ҳамкори Қатарни давлат тўнтаришидан ҳимоя қилди;
– Шайхларининг қаршилигига қарамай, Турк тарихий сериаллари туфайли араб ёшлари Эрдоғанни яхши кўришади, Усмонийларнинг тарихига қизиқишмоқда;
– Истанбулда ва бошқа сайёҳлик шаҳарларида араб тили рус ва инглиз тилларини енгиб, турк тилидан кейин иккинчи тилга айланди;
– Туркия ҳарбий саноат мажмуасини ишлаб чиқди ва ҳозирда Қатар, Покистон ва Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга қурол етказиб бермоқда;
– Туркия Форс кўрфази ва Африкада (Қатар ва Сомали) иккита ҳарбий база қурди;
– Араб мамлакатларидаги туркларга қарши қадамлар тескари натижага олиб келди ва энди эзилган мусулмонлар Шарқ шоҳлари ва амирларига эмас, балки Ражаб Тоййиб Эрдоғанга умид боғлашмоқда.
– Туркия Фаластинга ёрдам беришдан тўхтамади.
А. Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img