Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркия Озарбайжонни ёлғизлатиб қўймайди

Туркия Озарбайжонни ёлғизлатиб қўймайди

Яқинда Озарбайжон-Арманистон муносабатларида юзага келган кескинлик туфайли дунё нигоҳи Жанубий Кавказга кўчди. Минтақада ҳарбий машқлар ўтказилди. Бир томондан Озарбайжон ва Туркия, иккинчи томондан Арманистон ва Россия қуролли кучлари иштирокида қўшма ҳарбий машқлар ўтказилди. Демакки, ўртадаги муаммога расмий Анқара аралашмоқчи. Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калин 14-август куни Озарбайжон давлат телевидениесига берган интервюсида Тоғли Қорабоғ можаросига тўхталар экан, Анқара мазкур муаммо тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини айтди.

Айни пайтда, Озарбайжонга ҳужум уюштирилгудек бўлса, Туркия жим қараб турмаслигини ва бор имкониятини ишга солишини таъкидлади. Шунингдек, Иброҳим Калин Туркия ва Озарбайжон ҳамкорлигида ўтказилган сўнгги ҳарбий машғулотлар ҳақида ҳам гапирди. “Бу қайсидир учинчи давлатга қаратилган эмас, балки икки давлатнинг имконияти ва қобилиятини орттиришни кўзлаган, муштарак стратегик мақсадлар доирасида амалга оширилган машғулотлардир. Охирги вақтдаги Арманистоннинг тажовузкор ҳаракатларига жавобан Озарбайжоннинг табиий ва халқаро қонунлардан келиб чиққан фундаментал ҳуқуқидир”. Бироқ, таҳлилчиларнинг фикрича, Туркия ва Озарбайжоннинг қўшма ҳарбий машғулотлари, биринчи навбатда, Арманистонга ва билвосита Россияга сигнал эканига шубҳа йўқ. Анқаранинг Тоғли Қорабоғ бўйича охирги бир ҳафтадаги кетма-кет баёнотларини Боку учун умид, Ереван ва Москва учун эса огоҳлантириш деб тушуниш мумкин.

Минск гуруҳидан фойда йўқми?
Тоғли Қорабоғ нафақат Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги, балки минтақавий аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Бу можарода Туркия Озарбайжонни, Россия эса Арманистонни қўллаб-қувватлаб келади. Сурия ва Ливияда бўлгани каби бу ҳудудда ҳам Анқара ва Москванинг манфаатлари бир-бирига қарама-қарши, яъни Тоғли Қорабоғ масаласи ушбу икки давлат ўртасидаги таранглик омилларидан биридир.

Совет Иттифоқи даврида Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида эди. Бироқ 1980-йилларнинг охирида аҳолисининг аксарини арманлар ташкил этувчи мазкур ҳудудда айирмачилик кайфияти кучайди ва буни Ереван қўллаб-қувватлади. Ўша пайтда Арманистонда Тоғли Қорабоғ Арманистонга қайтарилиши кераклиги ҳақида чақириқлар янграй бошлади. 1991-йилнинг 10-декабрида Тоғли Қорабоғда ўтказилган ва озари аҳоли томонидан бойкот қилинган референдумда ҳудуднинг Озарбайжондан ажралиб чиқиши ва мустақил бўлиши учун овоз берилди. Воқеалар ривожи Озарбайжон ва Арманистон ўртасида уруш бошланишига олиб келди. 1994-йилда томонлар сулҳ имзолади. Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизидан ажралди. Ереваннинг даъвосига кўра, Тоғли Қорабоғда азалдан арманлар яшаб келган ва у Арманистоннинг тарихий ҳудудидир. Ереваннинг қўллови билан тузилган ва Арцах деб ҳам аталадиган Тоғли Қорабоғ Республикасини халқаро ҳамжамият тан олмайди ҳамда ҳудудни Озарбайжоннинг бир парчаси деб ҳисоблайди.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарода томонлар ўртасида воситачилик қилиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг таркиби 11 давлатдан иборат Минск гуруҳи ташкил этилган. Туркия бу гуруҳнинг самарасиз эканини айтмоқда. 11-август куни Анқарада озарбайжонлик ҳамкасби Жайҳун Байрамовни қабул қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Тоғли Қорабоғ можароси шу пайтгача ҳал бўлмагаётганига Минск гуруҳи раислари – Россия, Франция ва АҚШнинг сусткашлигини асосий сабаб сифатида кўрсатди. Вазирнинг таъкидлашича, раис давлатлар шунчаки баёнотлар билан чекланиб қолмай, амалий қадамлар ҳам ташлаши зарур. Тоғли Қорабоғ можароси туфайли Озарбайжон ва Арманистон ўртасида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар юз беради.

Бироқ охирги – жорий йилнинг 12 июлида бошланган тўқнашув бевосита Тоғли Қорабоғда эмас, ундан қарийб 300 километр наридаги Товуз туманида кузатилди. Туман Озарбайжон учун жуда муҳим Жанубий Кавказ газ қувури яқинида жойлашган. Мазкур қувур орқали Озарбайжон гази “ТАНАП”га (Трансанатолия газ қувури линияси) етказилади, “ТАНАП” эса Анқаранинг Россия газига бўлган қарамлигини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Туркия Россиядан харидларни камайтирмоқчи. “ТАНАП” орқали келадиган газ Туркия учун Россия газидан арзонроққа тушади. Бу миллий хавфсизлик масаласидир.

“Озарбайжон ёлғиз эмас”
Товуз чегара ҳудудидаги тўқнашувлардан кейин, 29-июлда Туркия ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокида кенг қамровли ўқув-тактик машғулотлар бошланиб кетди. Озарбайжоннинг “Аг‘” (“Оқ”) партияси етакчиси Турал Аббосли бу машғулотларнинг аҳамиятига урғу берар экан, Туркия Озарбайжонда ҳарбий база очиши керак деган фикрни билдирди. “Бу аввало Россия ва яна айрим давлатларга ёқмаслиги аниқ. Лекин ҳозирга қадар Россия каби стратегик ҳамкордан ажралиб қолмайлик деганлар қандай ўтнинг ичига тушиб қолганимизни кўришлари зарур. Россияга ёқиш-ёқмаслигига қараб ўтирмай, Туркия билан ҳарбий ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришимиз керак”, – дейди сиёсатчи.

Ҳарбий машғулотларнинг якуний қисмини кузатгани Озарбайжонга борган Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар Анқара Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини ва Тоғли Қорабоғни қайтариб олиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. “Хўжалида бутун дунёнинг кўз ўнгида геноцид ўтказган, ҳеч бир ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ҳолда Тоғли Қорабоғни босиб олган Арманистонга қарши Озарбайжон билан биргамиз. Озарбайжон ёлғиз эмас”, – деди вазир 13 август куни ҳарбийлар билан учрашувда.

Тоғли Қорабоғ масаласига фақатгина Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муаммо деб қараш ўта юзакилик бўларди. Албатта, бу ўринда Россия омили жуда муҳим. Худди Грузиядаги Абхазия ва Жанубий Осетия ёки Украинадаги Қрим масаласида бўлганидек. Бутун дунё – БМТ ҳам, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ҳам Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди деб тан олган. Бироқ Москва “Ҳа, Тоғли Қорабоғ Озарбайжонга тегишли, Арманистон у ерни зудлик билан тарк этиши керак”, демаяпти. Турган гапки, Арманистон Россиянинг ёрдамига ишонади. Озарбайжон эса Москванинг Кавказдаги таъсири туфайли ўз ерларини қайтариб ололмаяпти. Аммо Ереваннинг тутумидан кўриниб турибдики, Тоғли Қорабоғ масаласи урушсиз ҳал бўладиганга ўхшамаяпти. Қолаверса, Арманистон Озарбайжон билан қарама-қаршиликка бутун бир ОДКБ (Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти)ни қарши қўйишга уринди. Бу назария бежизга эмас, ОДКБ ҳапр доим арман-озар можаросида пассив бўлган ва унинг аралашувига умид қилишга ҳеч қандай асослар йўқ. Гарчи тўқнашув бевосита Арманистон чегараси яқинида юз бераётган бўлса ҳам.

Яна бир тахминга кўра, вазиятнинг кескинлашишидан ташқи ўйинчилар – Россия ва Туркия манфаатдор. Шундай тахминлардан бирига кўра, Москва гўёки мустақил Никола Пашинянни ўз жойига қўйиб қўймоқчи. Бошқасига кўра, – у гўёки Бокуга босим кўрсатмоқчи: Озарбайжоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши ташкилот имижига ижобий таъсир кўрсатади ва бир вақтнинг ўзида иттифоққа янги куч бахш этади. Туркия манфаатларига келадиган бўлсак, бу қизиқишлар озарбайжон-арман можаросидан у Россия билан бу Сурия ва Ливия масаласида савдолашишда фойдаланмоқчи.

Яна бир тахминга кўра, Россия ва Туркия ўртасида газ масаласида қарама-қаршилик мавжуд. Гап шундаки, Россиянинг Туркияга газ етказмаси 40 фоизга пасайиб кетган, тез орада Озарбайжоннинг Туркия ва Европага газ етказмалари Боку-Тбилиси-Эрзурум қувури орқали кўпайиши керак, бу қувур Озарбайжоннинг Товуз туманидан, Арманистон билан чегарадош Тавуш вилояти яқинидан ўтган. Айнан ўша ерда тўқнашув юз берди, Туркия вазиятдан фойдаланиб, Озарбайжонда газ қувурини Россия провокациясидан ҳимоялаш учун ўз ҳарбийларини қувурни қўриқлаш учун фойдаланиши мумкин.

Бошқа томондан, Эрдағон Қатардан тортиб Ироққача, Суриядан Ливиягача бўлган маконда стратегик қадамлар ташламоқда. Кавказ-Каспий геосиёсий маконида, шунингдек, Болқонда ҳам Туркия ўз таъсирини кучли экишга уринаётгани бор гап. Буларнинг бари Туркиянинг ғарб сиёсий ва бшқа таъсиридан тўлиқ воз кечаётганини ва Яқин Шарқда ўз иштирокисиз бирор-бир муаммо ечилмайдиган мустақил геосиёсий ўйинчи сифатида намоён этишга уринаётганидан далолат беради. Кимгадир ёқадими ёки йўқ, бу ҳозир сиёсий реалликка айланган. Аё София музейининг масжидга айлантирилишида қандайдир рамзий маъно бор. Бу Эрдағон учун у мамлакатни қайси йўлдан олиб бораётганининг тасдиғи сифатида муҳим. Энди Туркияни Эрдағондан кейин ким ҳокимият тепасига келишидан қатъий назар яна АҚШ ва Европа қарамлигига қайтариш жуда мушкул бўлади.

Бу сиёсий қадамлари билан Эрдағон Европа Иттифоқига бу бирлашмага аъзолик Туркияни бошқа қизиқтирмаслиги ҳақида аниқ сиёсий сигнал юборди, ваҳоланки, Анқара салкам ярим аср Европа оиласи эшиклари олдида кириш учун пайт пойлаб турганди. Ўтган вақт оралиғида Туркияга босим кўрсатишди, гоғ у ёки бу ислоҳотни ўтказиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозор иқтисодиётига оид қонунлар қабул қилиш каби кўплаб талабларни қўй ишди. Буларнинг ҳаммаси Туркияни ҳиқилдоғига келтирди. Келажакда Туркия ғарб мамлакатлари билан ўзаро манфаатли шартларда икки томонлама келишувлар тузиб қўя қолади. Ўтган ҳафта Туркия ташқи ишлар вазирининг Туркия ва Буюк Британия ўртасида эркин савдо тўғрисида келишув имзолашга кўп вақт қолмагани ҳақидаги баёноти ҳам буни тасдиқлайди. Аё Софиянинг масжидга айлантирилиши Анқаранинг ислом оламидаги умумий жараёнларга аралашувдан воз кечмаслигини кўрсатади. Фаластин масаласида эгаллаган позицияси шундан далолат.

Хуллас, Туркиянинг қатор масалаларда тутган мавқеи унинг ислом дунёсидаги нуфузини мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Туркия жуда кучли армияга эга, Ғарб билан келишмовчиликларга қарамай, у НАТО аъзоси бўлиб қолаверади. Умумий иқтисодий қизиқишлари туфайли Россиянинг Туркия билан мураккаб бўлсада, “умумий рақси” давом этаверади. Манфаатлар тўқнашганда эса ўзаро ён бериб, муроса йўлини танлашлари муқаррар.
Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img