Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТуркия элчисининг Ўзбекистондаги муваффақиятлари

Туркия элчисининг Ўзбекистондаги муваффақиятлари

Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр жаноблари бирданига Ўзбекистоннинг икки университетини фахрий профессор унвонига сазовор бўлди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга, хусусан, таълим ва илм-фандаги ҳамкорликни кенгайтиришга, туркийшунослик илми равнақига қўшган ҳиссаси ҳамда соҳадаги ислоҳотларни доимий қўллаб-қувватлагани учун Тошкент давлат Шарқшунослик университети фаҳрий професор унвонига муносиб кўрилди. Унвон гувоҳномаси элчи жанобларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа бошқармаси бошлиғи иштирок этган тадбирда университет ректори Гулчеҳра Рихсиева томонидан тақдим этилди.

Таълим ва илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаҳрий профессори унвони билан тақдирланди. Унвон гувоҳномаси университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов томонидан топширилди.

Элчи Меҳмет Сурайё Эр жаноблари 2019-йил 15 январда Ўзбекистонга элчи этиб тайинланганидан буён, бу қисқа икки йиллик муддатда Ўзбекистоннинг таълим ва илм-фан соҳаларига қўшган катта ҳиссаси, икки мамлакат ўртасида академик ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга кўрсатган ҳизматлари юқори баҳоланиб келмоқда.

Элчи Меҳмет Сурайё Эрнинг ташаббускорлиги натижасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг Туркия олий таълим муассасалари билан алоқалари янги босқичга кўтарилди, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Истанбул маданият университети, Мармара университети каби нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илк бор қўшма магистрлик дастури йўлга қўйилди. Бу эса Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизимидаги ҳамкорликнинг янги саҳифасидир. Шунингдек, элчи жанобларининг бу қисқа муддатда ўзбек тилини мукаммал ўзлаштиргани Ўзбекистонга нисбатан юксак эҳтиром ўлароқ баҳоланиб, унинг барча чиқишларидаги нутқи Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида кенг равишда ёритилиб келди.

Бундан ташқари, элчи Меҳмет Сурайё Эр жанобларининг бу ютуқлари Туркияда ҳам эътирофга сазовор бўлди. Хусусан, Мичиган штати Университетининг Туркийшунослик йўналиши профессори Тимур Косаоғлу ва Туркия парламенти раиси Мустафо Шентўп элчи Меҳмет Сурайё Эр жанобларининг ушбу ютуқларини юқори баҳоладилар ва ижтимоий тармоқларда уни табрикладилар.
Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img