Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркия Африка давлатлари билан алоқаларни ривожлантирмоқда

Туркия Африка давлатлари билан алоқаларни ривожлантирмоқда

Бугунги кунда қардош Туркия Республикаси ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат юритмоқда. Хусусан, Анқара Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдўғон Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркия-Африка III иқтисодий бизнес-форуми иштирокчиларига қилган мурожаатида ҳам таъкидлаб ўтди.

Туркия етакчиси ўз нутқида ўтган яқин кунларда Африканинг яна учта давлати билан музокаралар ўтказиб келганини маълум қилди. Президентнинг айтишича, унинг Африка қитъасига ташрифи мустамлака кайфиятидан ҳамон қутулолмаган айрим доираларга ёқмаган. Бунда биринчи навбатда, Анқаранинг халқаро майдонди таъсири ва ўрни ошиб бораётгани уларнинг ғашини келтирмоқда.

Бироқ Туркия ким билан алоқа ўрнатиш, ким билан ҳамкорлик қилиш борасида ташқи маслаҳатга муҳтож эмас. У мустақил давлат сифатида ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилишга ҳақли. Айни шу жиҳатдан Туркия Африка мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатъий қарорга келган ва бу борада кўплаб йирик лойиҳа ва инвестицияларни амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу йўналишда салмоқли қадамлар ташлангани Анқаранинг фикрига собитлигидан далолат бермоқда. Жумладан, Туркиянинг Африка давлатларига киритган инвестицияси 6 млрд доллардан ошиб кетди ва томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.

Миллат етакчиси Режеп Таййип Эрдўғон бу ҳақда тўхталиб ўтаркан, «Туркия ва Африка минтақаси давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми 2020 йил якунига кўра 25,3 млрд долларни ташкил этди. Бизнинг мақсадимиз – ушбу рақамни 50 млрд долларга, кейинги йилда эса 75 млрд долларга етказишдир», – деди.

Шуниси эътиборлики, коронавирус пандемияси даврида Туркия бошқа мамлакатларга беғараз ёрдам кўрсатган кам сонли давлатлардан бири бўлди. Жумладан, Анқара пандемия даврида биргина Африка қитъасидаги 44 та давлатга тиббий юклар етказиб берди. Жиддий инқироз даврида тақдир ҳукмида қолган ушбу мамлакатларга коронавирусни даволашда қўлланиладиган зарур дори-дармонлар, тиббиёт жиҳозлари беғараз тақдим этилгани вазият ҳалокатли тус олишининг олдини олди.

Режеп Таййип Эрдўғон жаноблари коронавирусга қарши дунё миқёсида олиб борилаётган эмлаш ишлари хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Жумҳурбошига кўра, инсоният жиддий бир кулфат билан юзма-юз турган бир пайтда, масалага моддий манфаат жиҳатдан ёндашиш тўғри иш эмас.

Қайд этиш керак, Туркия-Африка III иқтисодий бизнес-форуми Туркия Савдо вазирлиги ва Африка иттифоқи томонидан ташкил этилган бўлиб, Истанбу шаҳрида икки кун давом этди.

Форум ишида дунёнинг 41 мамлакатидан қарийб 250 нафар делегат иштирок этди. Анжуманнинг юқори мартабали меҳмонлари сифатида Жанубий Судан вице-президенти Жейм Ван Игга ҳамда турли мамлакатлардан ташриф буюрган 29 нафар вазир ҳамда 4 та минтақавий ташкилотларнинг раҳбарларини санаб ўтиш мумкин.

Анжуман ишида Туркия ва Африка мамлакатлари ўртасида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама этилди. Шуниси диққатга сазоворки, Анқаранинг Африка давлатлари билан иқтисодий алоқаларида кейинги 8 йил давомида кескин ўсиш кузатилди. Мисол учун, 2003 йилда томонлар ўртасидаги савдо айланмаси 5,4 млрд долларни ташкил этган бўлса, пандемия шароитига қарамасдан 2020 якунига кўра ушбу кўрсаткич 25 млрд доллардан ортиқни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия-Африка иқтисодий форумининг илк анжуманлари 2016 ва 2018 йилларда ўтказилган.
Дилшод Исломов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img