Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТурк халқи буюк ғалаба қозонган куни

Турк халқи буюк ғалаба қозонган куни

30 август куни Туркияда юнон босқинчилари устидан эришилган ғалаба катта тантана, ғурур ва ифтихор рамзи сифатида нишонланади. Кеча мамлакатда ушбу ғалабанинг 98 йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Президент Режеп Таййип Эрдоған жаноблари Туркия халқини буюк ғалаба билан табриклаб, бугунги кунда мамлакат олдида турган энг муҳим вазифалар ҳақида гапирди. Қайд этиш керак, байрам тантаналари коронавирус пандемияси туфайли аҳоли иштирокисиз ўтказилди.

Жумҳурбоши Режеп Таййип Эрдоған расмийлар ҳамроҳлигида Анқарадаги Ота Турк мавзолейига ташриф буюрди. Буюк турк ўғлонининг қабри гулчамбарларга бурканди. Шу ернинг ўзида Думлупунар мавзеида қозонилган тархий ғалаба шарафига расмий тадбир ўтказилди.

Қайд этиш керак, Мустафо Камол Ота Турк қўмондонлигидаги халоскорлик юриши 1922 йил 26 августда бошланиб, 30 август куни босқинчиларнинг тўлиқ тор-мор этилиши билан якунланган ва ушбу жанг қаҳрамонликнинг энг юқори намуналаридан бири сифатида тарих саҳифаларига муҳрланган.

Биринчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг кўп ўтмай, 1919 йилда Антанта мамлакатлари Мудросс сулҳини баҳона қилиб Анодолуга қўшин ташлайди.

Турк халқининг келажаги хавф остида қолади. Истилога нисбатан Туркияда миллий-озодлик ҳаракати бошланади. 1920 йилда Туркияда Буюк Миллат мажлиси очилганидан сўнг босқинчи-давлатлар томонидан Ота Турк ва унинг сафдошларига нисбатан янада босим кучаяди.

Айниқса, 1921 йилда юнон аскарлари Пўлатли туманигача ҳаракат қилган ғарбий фронта фаоллик ошади. Туркия аҳолиси босқинчиларга қақшатқич зарба беришга ҳозирлик кўра бошлайди. Айни шу жойда буюк турк миллатининг иродаси, қатъияти ва матонати намоён бўлади. Европалик олчоқлар томонидан яккалаб қўйилган, четдан замонавий қурол-аслаҳа сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган турклар оғир ва мураккаб шароитда мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб Ватанни босқинчилардан шараф билан ҳимоя қилдилар.

Қонли жанглар Сакаря ҳудудида бошланиб, 22 кун давом этди ва юнон қўшинининг ҳужуми тўхтатилди.

Юнонларни турк заминидан буткул ҳайдаб чиқариш учун яна икки йил керак бўлди ва бу вазифа шараф билан адо этилди. 1922 йил 26 август куни Мустафо Камол Ота Турк йирик миқёсдаги ҳужумга ўтиш бошланганини маълум қилди. 30 август куни у Зафартепа ҳудудидаги қўшинга раҳбарлик қилиш учун етиб келади. Шундай қилиб, Туркия тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган Думлупунар жанги бошланади.

Жанг давомида юнон аскарлари қуршаб олиниб, яксон этилади. Босқинчи юнон аскарларининг қолган-қутгани омон қолиш учун тирқираб қочади.

Думлупунар ғалабасидан сўнг Мустафо Камол Ота Турк армияга янги буйруқ беради: «Сизнинг асосий нишонингиз – бу Ўрта Ер денгизи. Олға!».

Шундан сўнг, 27 август куни Афонхисар, 30 августда – Кютахя, 1 сентябрда – Гедиз, 3 сентябр куни – Эмет ва Тавшанли озод этилади.

9 сентябр куни эса турк армияси Измирни юнон босқинчиларидан озод қилади. Шу тарзда Олий бош қўмондон – Мустафо Камол Ота Туркнинг буйруғи шараф билан бажарилади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img