Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТурк элчиси Навоий ижодини юксак баҳолади

Турк элчиси Навоий ижодини юксак баҳолади

Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Алишер Навоий дунё шарқшунослари нигоҳида” мавзуида халқаро онлайн илмий-амалий анжумани ташкил этилди. Унда алломанинг адабий мероси кўплаб мамлакатларнинг олимлари, тадқиқотчилари, шарқшунослари, ўқитувчи ва талабалари томонидан атрофлича таҳлил этилди. Жумладан, Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр жаноблари мазкур халқаро илмий-амалий конференсиясида ўз нутқи билан иштирок этди. Меҳмет Сурайё Эр жаноблари ўз сўзида икки давлат ўртасида барча соҳалар қатори адабий алоқалар хам тоборо ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбек тили ва унинг ривожига улкан ҳисса қўшган Алишер Навоий ижодига хам юксак бахо берди.

  … Ўзбек тили Мовароуннаҳрнинг юрагида гуллаб-яшнаган Турк дунёсининг асосий бойликларидан биридир. Бу қадимий заминда пайдо бўлиб, юксалган муштарак тамаддунимиз ҳазиналарини  авлоддан авлодга етказилишини таъминлаган Ўзбек тили; маданият, адабиёт, илму ирфон тили сифатида Турк ва Ислом оламида алоҳида ўринга эга. Ўрта асрлар зулмати аро, икки марта ренессанс дейиш мумкин бўлган тамаддун ҳамласи билан бутун жаҳонни ҳам диний, ҳам дунёвий билимлар билан мунаввар қилган олиму уламонинг, ҳокиму ҳукамонинг, шоиру шуаронинг лисонидир бу тил. Шубҳасиз ки, бу тилни энг гўзал тарзда қўллаган, сўзларни наққошдек саралаб, беназир мисралар битган шоирларимизнинг бошида  Алишер Навоий турадилар. Асарлари фақатгина Туркистонда эмас, Озарбайжонда ҳам, Анадолуда ҳам катта завқ ва ҳайрат билан мутолаа қилинган Алишер Навоийни Усмоний шоирлари ўзларининг устози деб эъзозлаганлар, шеърларига ўн бешинчи асрдан бери турли назиралар битганлар. “Навоий тили” деб аталган чиғатой тили асосида ривожланган  ўзбек тили бугун ҳам унда яратилган асарлари билан бутун жозибасини намоён этиб келмоқда.

Муштарак қадриятимиз – туркий тилнинг ифода қудратига, бойлигига ва гўзаллигига юз йиллар олдин эътиборимизни қаратган туркий тилнинг буюк устози Алишер Навоий Ҳазратларининг бугун ҳисларимизни акс эттирган, дилларимизни ёритган, йўлларимизга маёқ бўлган мана бу сўзларини эсламаслик мумкин эмас: “Туркий тил ҳақида фикр юритар эканман, она тилимнинг теранликларини ўйласам, кўзларимга ўн саккиз минг оламдан ортиқ бир олам намоён бўлди” деган эдилар…
Бугун бу ерда йиғилишимизнинг сабаби бўлган бу муҳим анжуман иншооллоҳ туркий тилда, туркий шеъриятда байроқ тортиб, бутун турк мамлакатларини якқалам этганлигини таъкидлаган (“Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”) туркий адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий Ҳазратларининг руҳларини яна бир марта шод этади деб ўйлайман. Бу анжуманнинг ва бунга ўхшаш тадбирларнинг муштарак бойликларимизни асрашда давом этишимизга, хусусан, ёш авлоднинг ўзбек тилига бўлган меҳрининг дунё миқёсида ортишига ҳисса қўшишига ишонаман. Йигирма биринчи асрнинг узоқни кўрувчи лидерлари орасидан ўрин олган Президентимиз жаноб Эрдўғон ва Ўзбекистон Президенти жаноб Мирзиёевнинг қисқа оралиқлар билан умумий тилимизнинг буюк усталари борасида қабул қилган муҳим қарорлари икки давлат арбобининг Турк дунёсининг муштарак меросига катта аҳамият берганликларини яна бир марта яққол кўрсатиб турибди.
Бу доирада туркий адабиётнинг қутб юлдузи Алишер Навоий ҳақида мана шундай мукаммал илмий конференциянинг ташкил этилишига сабабчи бўлган, ҳисса қўшган барчага яна бир бор чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Турк дунёсининг умумий қадриятларига бағишланадиган яна қанча тадбирларда сиз қийматли иштирокчилар билан яна учрашишни истардим…

Дарҳақиқат, тадбирда сўзга чиққанлар қайд этганидек, кейинги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санаси ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонланаяпти. Навоийнинг асарлари мунтазам нашр этилиб, бу соҳада кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий ва мумтоз адабиётимизни кенг ўрганиш, тарғиб этиш бўйича янги имкониятларни яратмоқда. Анжуман иштироклари Алишер Навоий асарларидаги инсонийлик ғояларини бугунги кундаги ахамияти хусусида хам батафсил фикр-мулохаза алмашдилар.

Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img