Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТунис иқтисодиёти ўлиб бормоқда

Тунис иқтисодиёти ўлиб бормоқда

Коронавирус пандемияси туфайли Тунис меҳнат бозорида жиддий инқироз юзага келди, мамлакат иқтисодиётидаги мураккаб аҳвол эса кун сайин кескинлашиб бормоқда.

Мамлакатдаги йирик касаба уюшмаларидан бири — Саноатчилар, савдогарлар ва ҳунармандлар иттифоқи (UTICA)нинг раҳбари Башир Буждайнинг маълум қилишича, коронавирус пандемияси даврида шу пайтгача Тунисда 165 мингта иш ўрни йўқотилди. Унинг айтишича, ҳаммадан кўпроқ кичик ўрта ўрта микрокорхоналар зарар кўрмоқда. Бундай корхоналарнинг ҳар учинчиси касодга учраш арафасида турибди. Аввалроқ, БМТ коронавирус Тунисда 400 мингтагача иш ўрнини йўққа чиқариши мумкинлигини билдирган эди.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият у қадар ташвишли эмас. 11 миллион аҳолига эга бўлган Тунисда 27 минг киши коронавирус инфекцияси билан зарарланган бўлса, улардан 400 нафари ушбу хасталикдан вафот этган. Тўғрисини айтганда, Африка шимолидаги ушбу давлат қўшниларига нисбатан COVID-19 пандемиясининг биринчи тўлқини билан муваффақиятли краша олди.

Айни пайтда Тунисда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини кузатилмоқда. Бир ҳафтада 7 минг нафарга яқин одам COVID-19 билан зарарланмоқда. Аҳоли касаллик таралишининг олди олиниши учун кескин чоралар жорий этилишини истамаяпти. Улар кескин карантин чоралари шусиз ҳам иқтисодларини абгор қилиб қўйганини айтмоқдалар.

Жорий йилнинг иккинчи чорагида мамлакатда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 21,6 фоизга тушиб кетди. Бунинг ортидан ижтимоий муаммолар яққол бўй кўрсата бошлади ва камбаҳал жанубий ҳудудлар аҳолиси ҳукуматга қарши намойишлар ўтказа бошлади. Жумладан, қашшоқлик даражаси юқори бўлган ва иш ўринлари етишмайдиган Татауин шаҳри намойишлар марказига айланиб қолди.

Тунис сайёҳлик саноати ҳам бутун дунёда бўлгани каби айни пайтда қийин кунларни бошдан кечирмоқда. Саёҳликдан келадиган даромад 60 фоизга тушиб кетган. Меҳмонхона ва курортлар ёпиляпти, кўпчиликда ижара тўлови учун пул йўқ.

Мамлакатда ҳукм сураётган иқтисодий танглик сиёсий муҳитга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Бугунги кунда парламент ва президент ўртасида, партиялараро бирмунча кескинлик юзага келган. Бир мунча муддат илгари истеъфога чиқарилган ҳукумат ўрнига янги келган сиёсатчилар ҳозирча халқ рози бўладиган бирон иш қилганича йўқ.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img