Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТошкентда Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Тошкентда Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий маданият ва адабиёт кунлари” доирасида Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоиы ижоди – туркий дунё шеъриятининг фахри, жаҳон адабиётининг чўққиси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, олимлар ва маданият арбоблари иштирок этди.

Тадбир Озарбайжон ва Ўзбекистон Маданият вазирликлари, икки мамлакат ёзувчилар уюшмалари, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти, Алишер Навоий  номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирни университет ўзбек адабиёти ва фолклори тарихи кафедраси мудири, профессор Нурбой Жабборов очиб, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарлари ҳақида сўзлаб берди ва дедики, бу буюк шоирлар ўртасида 300 йиллик муддат бор. Шайх Низомий форс тилида “Хамса” ёзган бўлса-да, унинг асарларида туркий қадриятлар ва туркий руҳ устунлик қилади.

Университет проректори Зайнобиддин Абдурашидов икки мамлакат  ўртасидаги маданий ва адабий алоқаларнинг ривожи ҳақида сўзлаб, Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан Ўзбекистонда Низомий  Ганжавий “Хамса”сининг ўзбек тилидаги нашри, Алишер Навоий “Хамса”сининг Озарбайжонда таржимаси ва нашр этилиши икки мамлакат маданий ҳаётида катта воқеа, деди. Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосовга Низомий Ганжавий “Хамса”си таржимаси ва нашри учун, Боку давлат университети профессори Рамиз Асқарга Алишер Навоий  “Хамса”сининг озарбайжон тилига таржимаси ва нашри учун миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди адабиётимизнинг фахру ифтихори, жаҳон шеъриятининг энг гўзал намуналаридан бири эканини алоҳида таъкидлади. Дипломат Низомий  Ганжавий ва Алишер Навоий билан бошлаган адабий алоқаларимиз бугунги кунда муваффақиятли давом этаётганини қайд этди.

Самир Аббосовнинг таъкидлашича, буюк Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Ўзбекистонда илк бор нашр этилиб, катта қизиқиш уйғотди ва у бўлажак тадқиқотчилар учун ажойиб манбадир.

Озарбайжон Маданият вазирлиги бўлим бошлиғи Акиф Маарифли жаҳон адабиёти тарихига Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам буюк шоир ва файласуфлар бахш этганини таъкидлади. Улар орасида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ҳам бор. На озарбайжон, на ўзбек адабиётини бу даҳо шоирларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Низомий Яфаров Низомий Ганжавий ҳам, Алишер Навоий ҳам мусулмон уйғониш даврининг шоирлари эканини таъкидлади. Бу шоирлар араб фалсафасини ҳам, шунингдек, Абулқосим Фирдавсий бошлаган Шарқ  шеъриятини ҳам ҳеч айражмасдан ўрганганлар. Низомий Ганжавий “Хамса” қаҳрамонларининг мутлақо аксарияти Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидан олинган. Искандардан ташқари “Шоҳнома” қаҳрамонларидан ҳеч бири, Хусрав ҳам, Баҳром ҳам мусулмон эмас, оташпарастлардир. Низомий  Ганжавийнинг қудрати оташпарастларни, яъни Исломга сиғинмайдиганларни мусулмон сифатида тақдим этганлигидадир.

Боку давлат университети туркология кафедраси мудири, профессор Рамиз Асқарнинг айтишича, девон адабиётида Алишер Навоийдан буюк шоир йўқ. Алишер Навоий шу қадар буюки, у ҳам даҳо, ҳам мутафаккирдир. Истеъдодли Шарқ шоирлари икки-уч девон ёзганлар, Алишер Навоий йил фаслларига мослаб тўрт девон яратган. Ўша пайтдаги талабларга кўра, агар катта шоир бўлсангиз, девонни форс ёки араб тилида ёзишингиз керак эди. Шоир буни ҳам қилди. Навоий тўрт девонни туркий ва биттасини форс тилида ёзди. Маълумки, илк “Хамса”ни Низомий Ганжавий ёзган. Низомий Ганжавийдан кейин турли даврларда 100 га яқин “Хамса” ёзилган. Низомий  Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий  “Хамса”лари кўпроқ машҳурдир. Бу шоирлардан учтаси “Хамса” ни форсийда, Алишер Навоий эса – туркий тилда ёзган.

ОМФА Қўлёзмалар институти Низомий Ганжавий қўлёзмалари тадқиқи бўлимининг етакчи ходими, филология бўйича фалсафа доктори Каримулла Мамадзода “Низомий Ганжавий “Хамса”сининг ўзбек тилига таржимаси хусусида”, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Сайман Аруз “Низомий Ганжавий ва Навоий асарларининг қиёсий таҳлили”, Анқара Миллий кутубхонаси бўлим бошлиғи профессор Ниёзий Унвер “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий қўлёзмаларни ўрганиш масалалари”, Ўзбекистон Миллий университети профессори Нигина Шермуҳаммедова “Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сининг жаҳон фалсафаси ва адабиётида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилдилар.

Тадбир сўнгида, Озарбайжон Маданият Маркази томонидан Озарбайжон ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг ноёб қўлёзмаларининг электрон нусхалари Алишер Навоий  номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ҳадя қилинди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img