Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТоқаев сиёсий ислоҳотларнинг учинчи пакетини эълон қилди

Тоқаев сиёсий ислоҳотларнинг учинчи пакетини эълон қилди

2019 йилнинг 9 июнидаги сайловда умумхалқ овоз бериш якунлари бўйича ўз лавозимини ижро этишга киришар экан, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, ҳам биринчи президент – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг вақт синовидан ўтган давлат сиёсатининг меросхўрлигини сақлаб қолиш, ҳам мамлакатда “эшитувчи давлат” концепцияси доирасида демократик институтларни ва самарали коммуникация механизмларини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш йўналишини эълон қилди.

Сиёсий ислоҳотларнинг биринчи пакети 2019 йилнинг 20 декабрида Ижтимоий ишонч Миллий мажлисида тақдим этилган. Барча қарорлар амалиётда бажарилиб бўлинган. Сиёсий партиялар тузиш учун рўйхатдан ўтиш тўсиғи икки маротаба пасайтирилган (20 минггача аъзо). Сайловларда иштирок этадиган партиялар рўйхатида ёшлар ва аёлларнинг улушини 30 фоиз этиб белгилаш тажрибаси жорий этилди. Парламент мухолифати тушунчаси қонунан расмийлаштирилди. Жиноий кодекснинг 130 моддаси (“туҳмат”)ни декриминализация қилиш ва 174 модда (“ижтимоий нифоқ солиш”) ни гуманизацияси илгари сурилди. Митинглар тўғрисидаги янги қонун қабул қилинди, у тинч намойишлар ташкилотчиларига бўлган талабни тизимлаштирди ва соддалаштирди. Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилишга йўналтирилган фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг иккинчи Факультатив протоколига қўшилди.

Сиёсий ислоҳотларнинг иккинчи пакети 2020 йилнинг 1 сентябрида Президентнинг Қозоғистон халқига йўллаган Мурожаатида эълон қилинди. Унда Давлат раҳбари 2021 йилдан бошлаб қишлоқ ҳокимларининг бевосита сайловига босқичма-босқич ўтиш ҳақида эълон қилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор ажратилди. Шу мақсадларда Давлат раҳбари қийноқларга, одам савдосига қарши кураш, фуқароларни, айниқса, болаларни кибербуллингдан ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигига ишора қилди. Хабарлар бериш процедурасига тааллуқли болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг Факультатив протоколига қўшилиш вазифаси қўйилди.
Қозоғистон давлат раҳбари сиёсий ислоҳотларнинг Учинчи пакетини янги сайланган парламент Мажлисининг 2021 йил 15 январдаги биринчи йиғилишида тақдим этди.

Президентнинг янги ташаббуслари Қозоғистон сиёсий тизими институционал ривожи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Жумладан, уларга қуйидагилар таклиф этилди:

  1. Мажлис сайловларида парламентга ўтиш учун тўсиқларни 7 фоиздан 5 фоизга тушириш.
    Ушбу нормага мувофиқ, сиёсий рақобат кучаяди, кўплаб партиялар ўзининг Парламентга ўтиш имкониятини ошириб олади. У шунингдек, давлат сиёсатини ишлаб чиқишда аҳолининг имкони борича кўпроқ қатлами фикрини инобатга олишга имкон беради.
  2. Барча даражадаги сайловларда «ҳаммага қарши» графасини киритиш.
    Барча даражадаги сайловларда бундай графанинг жорий этилиши сайловчига муқобил позицияни изҳор этиш учун қонуний воситани беради.
  3. Кейинчалик, қишлоқ ҳокимлари сайловидан кейин, туман ҳокимларини тўғридан-тўғри сайлаш тизимига ўтиш.
  4. Онлайн-петициялар институтини қонунан расмийлаштириш.
    Бундай восита, онлайн-петиция каби “эшитувчи давлат” концепциясини кенгроқ ва аниқроқ амалга оширишга, қарорлар қабул қилишга фуқаролик жамиятини жалб этишга ёрдам беради.
  5. Омбудсман тўғрисидаги қонунни қабул қилиш. Қозоғистон давлат раҳбари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштиришни давом эттириш муҳимлигини таъкидламоқда.
  6. Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил аппаратини мустаҳкамлаш, унинг минтақавий ваколатхоналарини яратиш.
    Бундай чора унинг ишини реал мазмун ва реал ваколатлар билан тўлдиришга имкон беради.
  7. Ёшларни ривожлантириш индексини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
    2020 йилда Қозоғистон ҳукумати томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чоралар қабул қилинган. Ёшлар сиёсати ва волонтёрлик фаолияти соҳасида янги миллий лойиҳа ва қонунлар ишлаб чиқилмоқда. Энди ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича маҳаллий органлар иши ушбу ўлчамлар асосида баҳоланади.
  8. Хайрия фаолиятини рағбатлантириш чораларини тайёрлаш.
    Хайрия ташкилотларини ривожлантириш ва оёққа туришининг дастлабки йилларида имтиёзли кредитлар тақдим этиш бўйича ҳукуматга комплекс чора тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
  9. Жамоат назорати тизимини янада такомиллаштириш.

Фуқаролик жамиятининг Жамоат Кенгашлари ва бошқа институтларининг давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини текшириша олиши борасидаги имкониятларини оширишга йўналтирилган қонунни қабул қилишга эришиш.

Шундай қилиб, Қозоғистон президентининг янги ташаббуслари — бу бошланган сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва ривожлантирилишидир. Уларнинг амалга оширилиши Қозоғистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи органи фаолиятини мустаҳкамлаш, мамлакатни янада демократлаштириш ишига хизмат қилади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img