Бош саҳифаДолзарб«Толибон» нега ўлим жазосини тикламоқчи?

«Толибон» нега ўлим жазосини тикламоқчи?

Афғонистонда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олган «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали мулозимларидан бири мулла Нуриддин Туробий янги ҳукумат мамлакатда ҳаракатнинг аввалги бошқаруви даврида жорий этилган ўлим жазоси ва шаръий жазоларни тиклаш ниятида эканини маълум қилди. Унга кўра, мазкур чора мамлакатда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Жумладан у “The Associated Press” ахборот агентлиги мухбири билан бўлган суҳбатда: «Қўлни кесиш жазоси хавсизликни таъминлаш учун зарур», — деган.

Туробий суҳбат жараёнида бошқа давлатлар томонидан жангариларнинг халойиқ кўз ўнгида шафқатсиз жазоларни ижро этиш борасидаги танқидларини рад этган. Мисол учун, 1990-йилларда Кобулдаги майдонларда, масжидлар ҳовлисида, стадионда фуқаролар ҳаракат жангарилари томонидан қатл этилган. «Қонунлар қанақа бўлишини бизга ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз ислом ва Қуръон таълимоти асосида иш тутамиз», — деган бу борада Туробий.

1996 — 2001 йиллар давомида толиблар тан жазоларини кенг қўллаган. Жумладан, қотиллик қилганлар қатл этилган, ўғриларнинг қўли, йўлларда қароқчилик содир этганларнинг қўл ва оёқлари кесилган. Эрига хиёнат қилган хотинлар тошбўрон қилинган. Шунинг билан бирга, сеҳр-жоду билан шуғулланганлар, исломга қарши иш тутганлар, зино билан машғул бўлганлар қаттиқ жазоланган. Бу турдаги жиноятларни содир этганлар одатда дорга осилган, отилган, тошбўрон қилинган ёки калтакланган. Камдан-кам ҳолларда айбдорнинг яқинлари унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун товон тўлашга мажбур бўлишган.

Айбдорларга ҳукм шариат уламолари томонидан чиқарилган. Маҳкама жараёни ёпиқ эшиклар ортида олиб борилган ва тергов тафсилотлари жамоатчиликка ошкор этилмаган. Шу боисдан кўплаб ҳукмлар бўйича шубҳалар мавжуд.

Толибларга кўра, жазонинг халойиқ кўз ўнгида ижро этилиши, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳолини тарбиялашга хизмат қилади. Шу боисдан бундай тадбирларда болаларнинг иштироки ҳам таъминланган.

Нуриддин Туробийнинг айтишича, радикал ҳаракатнинг ўтган даврдаги сиёсатидан фарқли ўлароқ, энди айбдорларга нисбатан ҳукмлар таркибида аёллар бўлиши ҳам кўзда тутилган ҳакамлар кенгаши томонидан чиқарилади. «Толибон» вакили шунинг билан бирга, омма олдида жазони ижро этиш масаласи ҳали очиқ қолаётганини маълум қилган.

Яқинда эса жангарилар одам савдоси жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган тўрт кишини қатл этган. Хабарларга кўра, жиноятчилар Ҳирот шаҳридаги майдонлардан бирида кўтарма кранга ўрнатилган дорга осилган.

«Толибон»нинг аввалги ҳукмронлиги даврида Адлия вазири лавозимига тайинланган Нуриддин Туробий айни пайтда қамоқхоналар раҳбари амалида фаолият кўрсатмоқда. У мамлакатда радикал амалиётларни жорий этиши билан тилга тушган. Мисол учун, мусиқа эшитишни таъқиқлаш, эркакларни саллада юриши ва соқол қўйишини мажбурий тусга айлантириш ташаббуси билан чиққан ҳам айнан Торобий бўлади. Шу боисдан у БМТнинг санкциялар рўйхатига киритилган.

«Толибон» мулозимининг юқоридаги баёнотларига биринчи бўлиб Қўшма Штатлар муносабат билдирди. Хусусан, Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайс толибларнинг бундай ҳаракатлари инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузилиши сифатида баҳоланишини маълум қилди. Шунинг билан бирга, Вашингтон бундай сиёсати учун толиблар жавобгарликка тортилиши лозимлигини таъкидлаган.

Экспертларга кўра, «Толибон» ҳукуматининг ўрта асрларга хос жазо чораларини тиклаши, хотин-қизлар ва инсон ҳуқуқларининг кескин чеклаши мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига олиб келиши мумкин.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img