Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТоғли Қорбоғдаги жанглар ахборот майдонида ҳам шиддат билан давом этмоқда

Тоғли Қорбоғдаги жанглар ахборот майдонида ҳам шиддат билан давом этмоқда

Шу кунларда давом этаётган Озарбайжон-Арманистон ўртасидаги зиддият нафақат жанг, балки ахборот майдонида ҳам шиддат билан кечмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар давомида кун сайин катта йўқотишларга учраётган Арманистон ҳеч бўлмаса, ахборот урушида қли баланд келиши учун бор чораларни ишга солмоқда. Бунга инглиз тилида эфирга узатилувчи RT телеканали бош муҳаррири Марго Симонян жамоасига Россия оммавий ахборот воситаларида Озарбайжонга қарши ташвиқот олиб бориш учун 700 миллион рубл ўтказиб берилганини мисол сифатида келтириш мумкин.

Манбаларга кўра, Марго Симонян мазкур маблағ эвазига телеграм-каналларда, интернет сайтларида, телеканалларда Тоғли Қорабоғдаги реал воқеликни бузиб кўрсатишга, Озарбажонни обрўсизлантиришга, Тоғли Қорабоғдаги урушда озарбайжонларни айбдор қилиб кўрсатишга, ҳарбий ҳаракатлар давомида озар қўшини катта талофатга учраётгани ҳақидаги сохта маълумотларни тарқатишга сарфланади. Шунингдек, ушбу маблағ эвазига Кавказдаги жараён ҳақида объектив фикр билдирадиган мустақил экспертларнинг ток-шоуларга чиқишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Таҳлилчилар, Арманистоннинг ахборот майдонидаги юқоридаги каби тизгинсиз ҳаракатлари охир-оқибат, Ереваннинг ўзининг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига янада путур етказишини таъкидламоқдалар. Чунки, Озарбайжон қўшини босқин остидаги Тоғли Қорабоғнинг шаҳар, қишлоқларини бирма-бир озод этаётганини ҳамма кўриб турибди ва арман ҳарбийларининг душманга қақшатқич зарбалар бераётгани ҳақидаги сохта баёнотларига ҳам қизиқиш тобора сусайиб боряпти.

Арманистоннинг ахборот майдонидаги иғвогарликларидан асосий мақсад, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиш, халқар ҳамжамиятни, биринчи галда, Россияни ўзига оғдириб олиш ва уруш майдонига Москвани ҳам бошлаб келишдир. Арманистон жангларда тобора йўқотишларга учрар экан, мағлубият, Тоғли Қорабоғ қўлдан бой берилишини англаб етар экан, Ереван ўт очишни тўхтатиш, музокара столига ўтириш тарафдори эканини билдиришга ҳам зўр бермоқда. Бундан мақсад, жаҳон аҳлига арманлар урушни тўхтатиш тарафдори, озарбайжонлар эса бунинг акси эканини кўрсатишдир.

Қайд этиш керак, Ереваннинг Москвани урушга жалб этиш ҳақидаги ҳаракатлари самара бераётгани йўқ. Россия ишончли ва қалин ҳамкори Озарбайжон билан зиддиятга боришни истамайди. Кремлнинг Пашинядан эса ўпка-гинаси анчагина. Яна бир жиҳат борки, Россиянинг сиёсий, ҳарбий раҳбарияти Ереван билан шу кунларда доимий алоқада бўлиб тургани, Москва арманларга ён босаётганини анлатмайди ва худди шундай мулоқотлар расмий Боку билан ҳам ўтказилмоқда. Бугун Кремлнинг таклифига биноан Москвада Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокара ўтказилади. Президент В.Путин эса ярадорларни олиб кетиш, асирларни алмашиш учун томонларни вақтинча ўт очишни тўхтатиб туришга чақирди. Рақиб мамлакатлар Ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарларининг Москвада бўлиб ўтган учрашувидан бирон янгилик кутмаса ҳам бўлади. Чунки, Боку Тоғли Қорабоғ масаласи музокара йўли билан ҳал этилмаслигини, бу восита фақатгина Ереваннинг фойдасига хизмат қилаётганини қайта-қайта таъкидламоқда ва аслида ҳам шундай.

Айни пайтда Арманистон ҳукумати мамлакат ахборот майдонини назоратга олишга ҳам жиддий киришган. Арманистон ҳарбийларининг Тоғли Қорабоғдаги жангларда талофат бераётгани, озар аскарлари томонидан ҳудуддаги шаҳар, қишлоқлар озод этилаётгани ҳақидаги хабарлар берилишига чеклов ўрнатилган. Бундай маълумотларни тарқатаётганлар хоин, душман фойдасига ишлаётган жосус сифатида таъқиб қилинмоқда.

Пашинян бошчилигидаги ҳукумат эса жангларда душманга қақшатқич зарбалар берилаётгани, Озарбайжон армиясининг кун сайин тинкаси қуриб бораётгани ҳақидаги хабарларни тарқатишга зўр бермоқда. Жумладан, 7 октябр куни Бош вазир Никола Пашинян тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси армияси ишлатган тактик усул — сохта чекиниш туфайли озарбайжонларнинг йирик қўшини “қопқон”га тушиб қолгани ва уларга ялпи зарба берилаёганини маълум қилиб, мазкур операция эҳтимол Кавказдаги урушга нўқта қўйиши мумкин, чунки, Озарбайжон бу операция оқибатида Қуролли кучларидан деярли жуда бўлади, деди. Бундан ташқари, унинг айтишича, Тоғли Қорабоғ Республикаси душманнинг яна куч тўплашига йўл қўймаслик учун жанг майдонини Озарбайжон ҳудудида кўчиради. Афсуски, орадан ўтган икки кун Бош вазир ёлғон маълумот тарқатганини, “қопқон” ҳақидаги унинг гаплари ўйдирма эканини, аксинча бу вақт орасида арман қўшинлар ҳам жонли кучларидан, ҳам техникаларидан ажралиб қолганини кўрсатди.

Хуллас, Тоғли Қорабоғдаги жанглар ахборот майдонида ҳам шиддат билан бормоқда. Аччиқ ҳақиқат шундаки, “жабрдийда” Арманистоннинг бу фронтдаги қўли баланд келяпти…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img