Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТўртга бўлинган бир қўшинга баракалла!

Тўртга бўлинган бир қўшинга баракалла!

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Миллий тикланиш” ДП фракцияси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 12-моддасига берилган таклифга 123 нафар депутатдан 48 таси қарши чиқди, 5 таси бетараф бўлди, 12 таси овоз бермади. 58 нафар тарафдор депутатнинг овози камлик қилиб, таклиф қабул қилинмади.

Қонун лойиҳаси моддасининг маъқулланган ёки маъқулланмаганлиги, эҳтимол, кўп нарсани англатмас. Бироқ англатади ҳам! 123 нафар депутат орасида 48 нафар қарши чиққан, 5 нафар бетараф ва 12 нафар овоз бермаган депутатлар борлиги, афсуски, кўп нарсани англатади.

Тўртга бўлинган бир қўшинга баракалла! Гап тилимиз ҳақида кетаётган эди-ку. “Миллатчи”лар унинг мавқеини бир озгина кўтармоқчи эдилар, холос. Ўзимизнинг бўларимиз бўлган экан, она тилимиз ҳақидаги шеърларни қўлини кўксига қўйиб, кўзида ёш билан ҳаяжонга тўлиб айтаётган фарзандларимизни ўйламаймизми? Уларнинг биздан кўп умидлари бор эди…

Албатта, ҳар кимнинг ўз майли. Қайси тугмани босишни ўзингиз ҳал қилишга ҳар жиҳатдан ҳақлисиз. Фақат, бир илтимос: шу аснода тўртга бўлинган бир қўшинга ўз тақдирини ишонган халқ ҳам борлигини бир лаҳза ёдга олинг. Шундаям юрагингиз катталашиб, фикрингиз теранлашмаса, менга қараб туриб, номаъқул одам экансан, деяверинг!

Дарвоқе, Олий Бош Қўмондон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳарбий соҳада қўлланилаётган атамалар ўрнини ўз сўзларимиз билан алмаштириш кераклиги, миллий армия сафларида хизмат қилаётган ўғлонлар қалбида миллий руҳ, миллий ғурур, журъат ва жасоратни қарор топтиришда бу жуда муҳим эканлигини таъкидлаган эди.

Энди сизга нима дей, Олий Бош Қўмондон буйруғи моҳиятини англай олмаётган тўртга бўлинган бир қўшин: ўзингиз маъқул кўргандек, “Бегом марш!” дейман-да… 

 Ҳеч бир ҳавойиликсиз айтаманки, шахсан мен ўз онамни ҳам, ўз она тилимни ҳам ўзим ҳимоя қила оламан. Якка отнинг чанги чиқмас, дейсизми? Унутмангки, мен чанг кўтармоқчи ҳам эмасман. Шунчаки, она тилимни онамни яхши кўргандек яхши кўраман, холос.

Мен сизни ўзингиз истаган тугмани босганингиз учун айбламаётганимдек, сиз ҳам мени она тилим ва онамни яхши кўрганим учун айбламассиз. Худо хайрингизни берсин… 

Шодмон СУЛАЙМОН

P.S. Дарвоқе, бу борадаги мулоҳазаларимни ўтган йили матбуот ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Баҳс манзилга элтса, қанийди” сарлавҳали мақоламда билдирган эдим. Афсуски, ўша баҳсга ўзим ҳам аралашиб қолдим. Фитрат ва Файзулла Хўжаевлар бир пайтлар яшаган хонадонлар олдидан кўп ўтаман-да. Ўзимни қарздордек ҳис қилавераман…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img