Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТинчлик эмас, уруш режаси

Тинчлик эмас, уруш режаси

Исроил 1 июл куни Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини ўз ҳудудига қўшиб олиш режасини амалга оширишни қолдирди. Бу тинчлик хавф остида қолдириши мумкинлиги борасидаги хавотирларни камайтирди. Ваҳоланки, яқингинада халқаро ҳамжамият ва қўшни давлатлар, хусусан, Иордания кескин баёнотлар бераётганди. Иордания подшоси Абдуллоҳ иккинчи 21 йиллик ҳукмронлиги даврида энг жиддий синовга дуч келиш хавфи остида қолди. У агар Исроил бу йўлдан қайтмаса, икки давлат ўртасида тузилган тинчлик битими бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Чунки “қилич қинидан чиққанидек”, сўз икки тил орасидан чиқиб кетганди.

Бир томондан, Исроил режасини амалга оширса, Абдуллоҳ иккинчи лавфсиз бўлиб қоларди. Иккинчидан, халқнинг подшоҳдан кўнгли совурди. Бахтли тасодиф туфайли Исроилнинг ўзида ҳам режага қаршилик кучайиб бормоқда эди. Бош вазир Бенямин Нетаняху 1967-йилда эгаллаб олинган Ғарбий Соҳилнинг 30 фоизини, жумладан, исроилликлар яшайдиган аҳоли пунктларини Исроил суверенитетига ўтказишга ваъда берган. У буни АҚШ Президенти Доналд Трамп таклиф қилган тинчлик режаси асосида амалга ошираётганини даъво қилади. Фаластинликлар эса Исроил ҳаракатини кескин қоралаб, халқаро ҳамжамиятни Исроилга қарши санкциялар қўллашга ва Фаластинни давлат сифатида тан олишга чақирмоқда.

Аммо юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик ва Европадаги лоббичилар боис санкция қўллаш имконсиздек туюлади. Шунга қарамай, Исроилнинг қўшма ҳукумати аъзолари, оддий аҳоли вакиллари ва ҳатто яҳудий пунктларида яшовчилар, шунингдек, собиқ генераллар ва хавфсизлик расмийлари Ғарбий Соҳилни қўшиб олишнинг сиёсий бадали ва узоқ муддатли хавфсизликка салбий таъсири оғир бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Шу боис Нетаняху ўз таклифини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди. Ҳозир Нетаняху таклиф қилаётган версиядан анча қисқартирилган режани кўряпмиз.

Нетаняху Трампнинг тинчлик режасидан ўзи хоҳлаган қисмларини олиб, қолганини қолдирмоқда. Амалга ошса ҳам, энди бу иш Қуддус атрофини ўраб турган Исроилнинг бир нечта аҳоли пунктлари устидан суверенитетни кенгайтириш билангина чекланиши ва ҳозирги босқичда Иордан водийсини истисно қилиши мумкин. Ўтган ой Иордания подшоси Абдуллоҳ Германиянинг “Дер Шпигел” журналига берган интервюсида, “агар Исроил ҳақиқатдан ҳам Ғарбий Соҳилни июл ойида қўшиб олса, бу Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги билан катта тўқнашувга олиб келади”, деб айтган. У жавоб чораси сифатида “барча имкониятларни” ўрганаётганини таъкидлаганди. Минг афсуски, Исроил ҳарбий соҳада шу қадар илгарилаб кетдики, барча араб давлатларининг бирлашган ҳарбийлари ҳам яҳудийлар қуролли кучлари қаршисида ожиз. Боз устига океан ортидаги “катта оғалар” воқеаларни кузатиб турмайди.

Иордания жавоб тариқасида 1994-йилда тузилган тинчлик шартномасини, хавфсизлик келишувларини, шунингдек, Исроил билан 10 миллиард долларлик табиий газ шартномасини бекор қилиш ёки Иорданиянинг элчисини Тел-Авивдан чақириб олиш каби чораларга қўл уриши мумкин. Шу боис Иордания аннексияни бекор қилиш учун дипломатик каналларни ишга солди. Халқаро босим ҳам ошиб борди. Германия Исроилнинг қўшиб олиш режасини “халқаро ҳуқуққа зид” деб атаб, унинг олдини олишни ўзи учун “устувор вазифа” деб билишини айтди. Бирлашган Араб Амирликларининг Вашингтондаги элчиси Юсуф ал-Отайбага кўра, Исроилнинг бу иши яҳудий давлатнинг араб дунёси ва БАА билан алоқаларни яхшилашга бўлган интилишларини йўққа чиқаради. Иордания ва бошқа араб давлатлари фикрича, аннексия Фаластиннинг алоҳида давлат бўлиш истиқболи учун очилган эшикларни бутунлай ёпиб, Фаластинда зўравонлик кучайишига олиб келиши мумкин.

Хўш, унда Исроил режаси энди чиппакка чиқадими? Бу оғриқли савол. Исроилнинг Ғарбий Соҳилни қисман қўшиб олиш режаси Европада кескин қаршиликка учради. Бу мустақил Фаластин давлати истиқболини йўққа чиқариши мумкинлиги айтилди. Бутун Европа бўйлаб мингдан ортиқ парламент вакиллари хос мактубга имзо чекишган, шу йўл билан ўз норозиликларини ифодалашган. Мактубда Исроилнинг бу режасидан “жиддий хавотир” изҳор этилади, бунинг оқибатларидан огоҳлантирилади. Британияда ҳам бу мактубга имзо чекканларнинг сони 240 кишидан ортган. Лондондаги Исроил элчилиги эса, бу хусусда изоҳ беришдан бош тортган. Мактуб қатор газеталарда чоп этилган.

Хавотирлар битилган Европа депутатларининг мактуби Европа давлатлари Ташқи ишлар вазирликларига юборилган. Унда, “Ғарбий Соҳилнинг бир томонлама аннексияси Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик истиқболини йўққа чиқариши мумкинлиги”дан огоҳлантирилади. “Бу халқаро муносабатларни белгилаб берувчи энг муҳим мезонларни савол остига қўйиши мумкин”лиги айтилади. Улар ҳам Исроил режасининг минтақа учун “ҳалокатли бўлиши эҳтимоли”дан огоҳлантиришган. Мактубнинг ўзи эса, Исроил парламентининг собиқ спикери ва Исроил-Фаластин можаросига икки давлатли ечим топиш тарафдори бўлган тўрт жамоат арбоби томонидан уюштирилган.

Унда айтилишича, президент Трампнинг режаси “амалда Фаластинга тегишли ҳудуд устидан Исроилнинг доимий назоратини таъминлаши, фаластинликларни суверенитетдан маҳрум қилиб, Ғарбий Соҳил салмоқли қисмининг бир томонлама аннексиясига йўл очиши мумкин”. Мактуб муаллифларининг огоҳлантиришларича, агар, “аннексия хамирдан қил суғургандек осон кечса, ҳудудий даъвода бўлган бошқа давлатлар учун ёмон намуна бўлиб хизмат қилади. Уларни ҳам “халқаро қонунчиликнинг асос тамойилларини писанд қилмасликка ундайди”. Аммо мактубда, аннексияга қўл урган тақдирда, Исроилга қарши санкциялар қўллаш борасида очиқча сўз бормайди. Исроилнинг Вашингтондаги элчиси эса, ўтган ҳафта бу каби хавотирларни босиб чиққандек бўлган.

Исроил АҚШ президенти Дональд Трамп бўлажак Фаластин давлати учун кўзда тутган ҳудудларни қўшиб олмаслиги, келаси йиллари у ерларда яҳудий манзилгоҳлари барпо этмаслик аҳдида қатъий қолишини айтган. Ҳам Исроил ва ҳам АҚШ бу режага “икки давлатли ечим”нинг амалий ифодаси ўлароқ баҳо беришган. Фаластинликлар Трампнинг бу режасига ошкора қарши чиқишган ва АҚШ билан дипломатик алоқаларни бойкот қилишган. 1967 йилги Яқин Шарқ урушидан буён Ғарбий Соҳил Исроилнинг ишғоли остида. Орада кечган вақт давомида ҳудудда 130 дан ортиқ яҳудий манзилгоҳи барпо этилган, ҳозирга келиб, уларда жаъми 600 мингга яқин яҳудий яшайди. Айни вақтда ҳудудда 2 миллиондан ошиқ араб аҳоли ҳам истиқомат қилади. Халқаро қонунчиликка мувофиқ, бу яҳудий манзилгоҳлари ноқонуний, деб кўриб келинади. Аммо Исроил ва Трамп маъмурияти остидаги АҚШ буни рад этиб келади.

Исроил томони Фаластин ҳудудини расман қўшиб олишга ошиғич киришгани бежиз эмас. Негаки, АҚШда жорий йил 3 ноябрда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Овоз бериш жараёнида Исроил манфаатларини фаол қўллаб келаётган Д.Трамп мағлуб бўлса, аннекция жараёни ҳам тўхташи аниқ. Зеро, демократлар номзоди Жо Байден аннекция режасини очиқ танқид қилиб, бу ҳаракат Исроил–Фаластин зиддиятини музокаралар орқали ҳал этиш йўлини ёпажагини билдирган. Умуман, демократик партияга мансуб сенаторлар орасида Исроил режасига қарши бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Бундан аввалроқ 18 нафар сенатор Исроил ҳукумати раҳбарига Ғарбий соҳилни бир томонлама қўшиб олиш режасидан воз кечиш борасида мактуб йўллаган эди. Шу боис ҳам Исроилнинг АҚШдаги элчиси Рон Дермер Вашингтондаги қудратли арбоблар орасидан имкон қадар кўпроқ тарафдор йиғишга зўр бериб ҳаракат қилмоқда.

Жорий йил 28 январь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластин–Исроил зиддиятини бартараф этиш бўйича ўз таклифини эълон қилди. «Аср келишуви» дея муболағали ном билан аталган ташаббусга кўра, Қуддус яхлит ҳолда Исроил пойтахти деб тан олиниши керак. Мазкур битимда фаластинликлардан Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини Исроил юрисдикциясида деб тан олиш ҳам талаб этилган. “Аср келишуви” икки томонлама зиддиятнинг асосий қурбони Фаластин иштирокисиз қабул қилинган. Трампнинг куёви, дипломатия борасида тажрибасиз Жаред Кушнер бошчилигида ишлаб чиқилган тинчлик режасидан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича етакчи сиёсий кучлар – БМТ, Евроиттифоқ ва Россия ҳам хабардор қилинмаган.

Исроилнинг собиқ ташқи ишлар вазири, 1993 йилда ташкил этилган тарихий Осло музокаралари ташкилотчиси Йосси Бейлин ҳам “аср келишуви”ни кескин танқид қилди. “Бу – тинчлик эмас, уруш режасидир. Мазкур ташаббус муаммони ҳал этмайди, балки янада оғир оқибатларга олиб келади. Мени ҳаммасидан ҳам дунё ҳамжамиятининг муносабати таажжубга солмоқда. Ушбу режани маъқуллаётганлар, аслида, минтақада тинчлик ҳукм суришига қарши бўлганлардир”, – деди Исроилнинг собиқ юқори мартабали амалдори.

Таҳлилчиларга кўра, аннексия жараёни ўзи шундоқ ҳам беқарор минтақани яна қайноқ уруш ўчоғига айлантиради. Аммо халқаро ҳамжамиятнинг кескин қаршилигига қарамай, Исроил ҳозирча ўта қалтис режадан воз кечганича йўқ. Хабарларга қараганда, айни пайтда мамлакат ташқи разведкаси – “Моссад” раҳбарияти араб мамлакатларидаги қарши кайфиятни сусайтириш учун ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказишга уринмоқда.

Аммо Фаластин кимга суянишни билмайди. Араб давлатлари Лигаси йиғилишини чақиргани ҳам шу алдовларидан биридир. Ҳолбуки, бу Лига сўнгги пайтларда уялибгина қоралаш ва паст овозда қаршилик билдиришдан нарига ўтмаяпти. Фаластин режими Халқаро қонун, Хавфсизлик Кенгаши, БМТ, Россия, Хитой, Европа Иттифоқига кеча ҳам суянган, бугун ҳам суянмоқда. Бироқ уларга суяниш на бир режани бекор қилсин, на бирор душманни тийсин. Аксинча, Исроилни қоралашдан нарига ўтолмайдиган халқаро ҳамжамият бу сафар ҳам Яқин Шарқдаги вазият кескинлашишини томошабин бўлиб кузатиб турадиган кўринади.
Абдували САЙБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img