Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТИЛ ВА ТАФАККУР ёхуд имло қоидалари бузилишининг тилимизга таъсири хусусида

ТИЛ ВА ТАФАККУР ёхуд имло қоидалари бузилишининг тилимизга таъсири хусусида

Тил вужуд бўлса, сўз унинг либосидир. Айтаётган, ёзаётган сўзларимиз бехатолиги ана шу либос кўркамлигидан. Шу маънода имло қоидаларининг тилимиз софлигини таъминлашда ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Зулхумор ХОЛМАНОВА билан суҳбатимиз такомиллашиб бораётган давлат тили ва имло қоидалари хусусида бўлди.

— Аввало, бугун мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг нуфузини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада юксалтиришга эътибор сезиларли даражада ошди. Бундан биз, тилшунослар ҳам жуда мамнунмиз. Бундай хайрли ишларда Президентимизнинг 2019 йили 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим омил бўлмоқда. Ушбу мўътабар ҳужжатда алоҳида таъкидланганидек, истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган меҳр-оқибат тилига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 21 октябрь санасининг “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил этилиши ва давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятининг изчил йўлга қўйилиши ўзбек тилини барча даражада амалда қўллашга эътиборнинг кучайганидан яққол далолатдир.

Буни, жумладан, барча ташқи ёзувлар, шунингдек, лавҳалар, эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама маҳсулотларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши юзасидан жиддий ишлар бошланганида ҳам кўриш мумкин. Жойларда давлат тилидаги реклама воситалари, пешлавҳалар тобора кўпаймоқда. Мавжудларини давлат тили талабларига мослаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Айни пайтда давлат тилини амалиётга татбиқ этиш механизмлари такомиллаштирилаётир. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини янада яхшилашга хизмат қилади, шубҳасиз.

— Оддий сўзлашувдан то кўчалардаги пешлавҳалару, реклама, эълонларгача — барчасида киши таъбини хира қиладиган ғализ жумлалар, хатоларга дуч келамиз. Бунга чек қўйиш учун яна қандай чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайсиз?

— Дунё миқёсида айрим тиллар истеъмолдан чиқиб бормоқда, она тилини асрашдек глобал муаммо юзага келяпти. Халқимизда миллий тилга муносабат ўзгармоқда. Асрлар бўйи сайқалланган миллий-маданий қадриятларимиз, анъаналаримиз қаторида она тилимизни ҳам бор кўрку таровати билан авлодларга етказишга масъулмиз. Бу борада аждодлардан ибрат олишимиз, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ютуқларидан унумли фойдаланишимиз керак. Шу боис, аввало, кўчалардаги реклама ва эълонлар матнини талаб даражасида тўғри шакллантиришимиз даркор. Шу маънода қадимий, мумтоз манбалар орқали ҳозирга қадар етиб келган туркий сўзларни тиклаш, кенг оммалаштириш лозим. Номлар, реклама ва эълонлар матнининг тегишли мутахассислар, атамашунослик комиссияси назоратидан ўтказилишиниг йўлга қўйилгани яхши иш бўлди.

Умумтаълим жараёнида саводхонликка, она тили ва адабиёт таълимига, тилдан фойдаланиш кўникма, малакаларини ҳосил қилишга алоҳида эътибор қаратишга киришилди. Ўзбек тилини ўқитиш тизимини миллий педагогика негизида, хориж тажрибаси асосида янгилаш, замон талабларига мос адабиётлар синфини яратиш, инновацион технологияларни қўллаш долзарб масалалар сифатида белгиланди. Зеро, ўқувчиларда лингвистик, нутқий, касбий, коммуникатив, ахборотни қабул қилиш, ўз-ўзини ривожлантириш уқувини шакллантириш жуда муҳим. Ўзбек тилида билимни баҳолаш, таҳрир, таржима, тил ўргатиш дастурларини яратиш, “Ўзбек тилининг миллий корпуси”, кўп жилдли “Ўзбек шевалари луғати”, “Туркий архаизмлар луғати”ни тузиш устувор вазифалардан биридир. Давлат тилида турли босқичлар ва даражалардаги синовларни жорий этиш, ишга қабул қилишда давлат тилини билиш, саводхонлик даражасини текширувчи тизимни ишлаб чиқиш борасида изчил ишлар бошланганини жамоатчилик катта хайрихоҳлик билан кутиб олди.

— Табиийки, давлат тилининг такомиллашуви имло қоидаларига риоя қилинишига ҳам бориб тақалади. Бугунги кунда имло қоидаларига оид қандай муаммолар бор, деб ўйлайсиз?

— Ўзбек тили тарихи қадим, ўз тараққиёт босқичларига эга мулоқот воситасидир. Бу тилнинг ўзига хос хусусиятлари, муайян тизимга эгалиги, қонун-қоидалари дунёнинг ривожланган тиллари қаторидан ўрин олишига асос бўла олади. Айни тилда яратилган катта ҳажмдаги тарихий, маданий, адабий ёдгорликлар унинг кенг имкониятларидан ёрқин далолатдир.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини оширишдаги муҳим вазифалардан бири имло қоидаларини такомиллаштиришдан иборат. Ҳозирда халқимиз икки хил алифбодан фойдаланмоқда. Аввало, икки хил ёзувнинг амалда бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. 1993 йилда қабул қилинган лотин ёзувининг тўлиқ жорий этилиши борасида муайян сабаблар бор, албатта. Муаммо ҳар икки ёзувга тегишли имло қоидаларига амал қилинмаётгани натижасида юзага келмоқда. Матбуотда кирилл ёзувидаги матнларда февраль, факультет, альбом сўзларида “ь” юмшатиш белгисини тушириб қолдириш, йил, санани билдирувчи рақамлардан кейин – (чизиқча) қўйиш (2016-йил), изофали бирикмаларни орттирилган “й” ундоши билан ёзиш (таржимайи ҳол) кўп учрайди. Лотин ёзувидаги матнларда кирилл алифбосидаги е, ё, ю, я – йо-лашган унлилар имлосида хатолар учрайди. Масалан, таркибида шундай товушлар келган исмлар қисқартирилганда икки ҳарф билан ёзиш ҳолатлари кузатилади: Ё. Ҳакимов – Yo. Hakimov; Ю. Иброҳимова – Yu.Ibrohimova. Имло қоидаларида (1995) е,ё, ю,я – “йо”лашган унлилар имлосига оид изоҳлар берилган, аммо бу ҳарфларнинг бош шакли ҳақида аниқ фикр айтилмаган. Лотин алифбосида “йо”лашган унлилар тушунчаси ўз қийматини йўқотади. Шу боис Yorqin, Yulduz сўзларидаги иккинчи товушни ифодалашга ҳожат йўқ: Y. Hakimov Y.Ibrohimova.

Кирилл ёзувидаги матн 1956 йил 4 апрелда, лотин ёзувидаги матн 1995 йил 24 августда қабул қилинган имло қоидаларига асосан ифода этилиши лозим.

Асосий вазифалардан бири имло қоидаларига аниқлик киритиш ва уни илова тарзида қабул қилишдан иборат. Имло луғатларида икки хил қайд этилаётган арабча cўзлар имлоси билан боғлиқ фожиа-фожеа, дарвеш-дарвиш, олийжаноб-олижаноб каби сўзларнинг ёзилиш шаклини қатъийлаштириш, унли билан тугаган сўзларга III шахс эгалик қўшимчасини қўшишни меъёрлаштириш зарур (араб тилида عайн ва ундош билан тугаган сўзларга и (манбаи, мураббийи) و (у) билан тугаган сўзларга -си –мавзуси каби).

Умумтаълим, олий таълим босқичи учун мўлжалланган “Ҳозирги ўзбек адабий тили” дарсликларининг орфографияга оид қисмларида ёзилиши муаммо бўлган сўзларнинг тўғри ифодалаш имло қоидаларини ўзлаштиришга, саводхонлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Талаба, ўқувчиларда имло луғатларидан фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилиш, тилшуносликка, адабиётшуносликка оид дарсларда имло луғатларига мунтазам равишда мурожаат қилиш бу борадаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Ўзбек тили таълимида замонавий методлардан фойдаланиш, янги педтехнологияларни қўллаш асосида имло қоидаларига қатъий амал қилиш ҳам муҳим масалалардандир.

— Диктант, баён, иншо, эссе. Таълим жараёнида уларни қўлланишига қай даражада эътибор бериляпти?

— Етук мутахассис-кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини оширишда замонавий воситалар, усуллар, тараққий этган мамлакатлар тажрибасини оммалаштириш билан бирга, миллий педагогиканинг даврга мос, таълим мақсадларига мувофиқ келувчи тажрибаларидан ҳам фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Негаки, миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, ўз мамлакати билан фахрланиш туйғусини шакллантириш, бой миллий маданий-тарихий анъаналарга ва халқимизнинг интеллектуал меросига ҳурмат уйғотиш таълим жараёнининг бош мақсадидир.

Жадид боболаримиз ёзма нутқнинг инсон тафаккурини ўстиришга хизмат қилишини яхши англашган. Шунинг учун мақолалари ҳамда дарсликларида ёзма нутқ кўникмаларини шакллантиришга жиддий аҳамият беришган. Ўқувчиларга бериладиган матнлар, иншоларнинг мазмуни, содда-мураккаблигига алоҳида эътибор қаратишган. Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қуйидаги сўзлари ҳам буни исботлаб турибди: “… мушкул иборатлик узун иншолар, албатта, бола зеҳнини очмай, балки фикрини(нг) йўқ бўлишиға сабаб бўлур. Билжумла мамолики исломиянинг мактаблариндаги болалар учун енгил суратда иншо тайёрланубдурки, ибтидоийя, рушдийя, эътидодийя мактаб талабаларини(нг) ҳар бириға мувофиқ суратда иншо таълим бериладур”.

Дарҳақиқат, иншо ёзма нутқни, фикрни ўстириш, тафаккурни ривожлантиришда муҳим воситадир. Инсон қайси касбни эгаллаганидан қатъи назар, юксак тафаккур соҳиби бўлсагина, янгилик ярата олади. Ёзма нутқ малакасини шакллантириш, оғзаки нутқни такомиллаштириш фақат соҳа доирасидаги муаммо эмас, балки умумтаълим жараёнидаги заруратдир. Негаки, ёзма ва оғзаки нутқнинг меъёрий даражада шаклланиши фикрлаш тезлигини оширишга, ўқувчи тафаккур доирасини кенгайтиришга ёрдам беради. Ёзув бевосита қўл билан амалга ошириладиган жараён бўлиб, қўл ҳаракатининг мия ярим шарларига алоқадорлиги психологик таҳлилларда қайд этилган.

Ёзма ишларга эътибор фақат миллий педагогик тажрибада эмас, хориж таълими ва баҳолаш тизимида ҳам кузатилади. Масалан, кенг ёйилган тил ўқитиш дастурлари ҳисобланган IELTS, TOEFL тизимларида 60 дақиқалик умумий мавзуда эссе ёки иншо ёзиш, 50 дақиқа мобайнида ўқиганлари ҳамда эшитганлари бўйича саволларга жавоб тарзида ёки ўзи билган мавзуни далиллар, маълумотларга таянган ҳолда ёзма тарзда асослаб бериш талаблари келтирилган.

Ахборот асрида мактублар ўрнини узуқ-юлуқ СМСлар эгаллади. СМСлар фақат хабар етказади, инсон туйғуларини ифода эта олмайди. Кўнгил туйғулари қалбларда қолиб музтар бўлмаслиги учун, эзгуликка ўргатиш, инсоний фазилатларни тарбиялаш учун, албатта, мактуб ёзишни билиш керак. Она тили, адабиёт дарсларида иншо, баён, диктантлар билан бир қаторда мактуб кўринишидаги ёзма ишларни ҳам шакллантириш лозим. “Отамга мактуб”, “Онамга мактуб”, “Дўстимга мактуб”, “Ўзга сайёраликларга мактуб”, “Алишер Навоийга мактуб”, “Фарҳодга мактуб”, “Ширинга мактуб”, “Устозимга мактуб” каби ёзма ишлар ўқувчининг кўнгил дарёларини мавжланлантириш билан бирга фикрлашга ундайди, тасаввур оламини кенгайтиради. Тил бойлигини оширади.

— Демак, бундан кўриниб турибдики, тилимиз ривожида мантиқ ва саводхонликнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Улар ўртасидаги узвий боғлиқликни изоҳлаб берсангиз.

— Саводхонлик шахснинг фазилати, маънавияти, масъулиятидан далолатдир. Саводхонликка амал қилмаслик шунчаки имло қоидаларини бузиш эмас, балки мантиқий номувофиқликларга, фикрнинг нотўғри ифода этилишига олиб келади.

Бир йиғилишда касбдошимиз “Гижжани даволаймиз!” деган эълонга эътиборимизни қаратди. Ахир гижжа даволанмайди, гижжадан халос этилади.

Давлат тили тенгсиз бойлигимиздир, номус-оримиздир. Миллий тил халқимизни ҳамжиҳатликда тараққиёт сари бошлайди. Халқни янада жипслашишга, миллий қадриятларни асраб-авайлашга ундайди. Тил бор экан – миллат барқарор!

Ҳидоят ЖЎРАЕВА,
“Дори-Дармон” АК Бошқаруви раисининг
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя
этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img