Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТил – миллатнинг жони ва қони

Тил – миллатнинг жони ва қони

“Ишонч” газетасининг 2021 йил 27 апрел сонида забардаст адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг шу номди мақоласи эълон қилинди. Мақолада 30 йилдан буён журъат этиб якуний хулосага келолмаётганимиз – давлат тили билан боғлиқ оғриқли масалалар кўтарилган. Яқинда Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Давлат тили тўғрисида”ги қонун депутатлар томонидан қабул қилинмагани мақола ёзилишига туртки бўлган бўлса, ажаб эмас. Жамоатчилик эса ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлардан англашилича, депутатлар – халқ вакилларининг бу ишидан ҳафсаласи пир бўлган. Мақоланинг айрим қисмлари қуйида эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

… 1978 йили янги Конституция қабул қилиниши арафасида совет раҳбарияти СССР Конституциясида, шунингдек, барча иттифоқдош республикалар конституцияларида рус тилини давлат тили деб белгилашга қарор қилди. Бу – Озарбайжон, Арманистон ва Грузияда миллий тилларнинг давлат тили мақомини бекор қилиш дегани ҳам эди.
Унга жавобан, 1978 йил 14 апрелда ўн минглаб одамлар Тбилиси кўчаларига чиқди. Она тилини ҳимоя қилиш бўйича оммавий ҳаракатлар туфайли Грузия ССРда гуржи тили давлат тили мақомини сақлаб қолди. Шундан буён 14 апрел Грузияда расмий байрам сифатида нишонланади.

Зуҳриддин Исомиддинов

Ўша йили Озарбайжонда ҳам талабалар республика раҳбариятининг эълон этилмаган розилигига таяниб, Мирза Фатали Охундов ҳайкали олдида давлат тилини ҳимоя қилиш учун уюштирилган митингга тўпланишди. СССР раҳбарияти вазиятни кескинлаштирмасликка қарор қилди ва тил сиёсати борасидаги машъум режасидан воз кечди. Озар тилининг давлат тили мақоми сақлаб қолинди.

Шундай қилиб, гуржи ва арман тили давлат тили бўлганига бу йил 84 йил, озар тили шундай мақомга эришганига эса 65 йил тўлади. Улар СССР исканжасида туриб ҳам она тилининг мақомини асло бой бермаган. Чунки бу юртларда тили ва миллати ори учун курашадиган, мансаб-мартабасини она халқи манфаатидан устун кўрмаган одамлар раҳбар бўлишган эди…

Кейинги йилларда она тилимиз мавқеини юксалтириш, уни чинакам давлат тилига айлантириш учун кураш кучайди. Ҳукумат таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти очилди, йирик ташкилот ва идораларда раҳбарнинг тил масалалари бўйича маслаҳатчилари иш бошлади.

Бироқ она тилимизни давлат тилига айлантириш осон кечмаяпти. Япония, Туркия, Германиядаги даражада тил муҳитини ярата олишимизга ҳали анча бор. Кўпчилик эса идорадаги иш юритиш қоғозларини ўзбекчалаштирсак, масала ҳал бўлади, деган хаёлда (ҳолбуки, уни ҳам тўла жорий эта олганимизча йўқ).
Аслида, давлат тили – илм-фан, техника ва технология, тиббиёт ва банк ишини, барча ишлаб чиқариш жараёнларини шу тилда амалга ошириш (масалан, машина, мебел, дори-дармон, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни ўзбек тилида ёзилган технология асосида тайёрлаш) демакдир. Ана бунга эришмасак, давлат тили тўғрисидаги қонун қоғозда қолаверади, амалда рус тили тахтдан тушмайди.

… Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинганига ўттиз йил тўлибди ҳамки, рус тили от устида. Ўзбек тили давлат тили экани ҳақида қонун борлигини эса юз андиша, юз эҳтиёткорлик, минг ҳадик билан бир-биримизга уялтирган, алланималарни далиллаган бўламиз, холос. Аммо ана шу қонунни такомиллаштириш, қолаверса, «давлат тилини ривожлантириш» учун юз нафарча ходим турли катта-кичик корхонаю ташкилотга “маслаҳатчи” қилиб ишга олинганини айтмасак, асосли бир қадам ташландими ўзи?..

Менинг билганим шуки, уйида бола-чақаси билан ўрисча гаплашадиган 18 нафар “ўзбек”нинг ижтимоий тармоқлардаги хархашаси тинчимай туриб, бир саховатпеша оғамиз Ўзбекистонда рус тили мавқеини кескин кўтариш учун 5 миллион доллар (50 миллиард сўм) иона қилди. Бу Россиядан кетиб келадиган, рус тилини «янада чуқур» ўргатадиган рус муаллимларининг насибаси-да. Аммо бирон-бир ўзбек бойваччаси ўз она тили равнақи учун ақалли бирон сўм атаганини эшитмадим.

… Биз «Тафаккур мустақил бўлмагунича чин мустақил бўлолмаймиз», деган гапни яхши кўрамиз, буни бир-биримизга айтиб чарчамаймиз. Дуруст, аммо тафаккур… тил орқали бўлади-ку? Давлат идоралари, давлат тили қонунини рўёбга чиқариши керак бўлган муассасаларнинг ўзи рус тилида иш юритса, ўзбек тафаккури қандай мустақил бўла олади, шуни тушунолмайман.

Тил учун кураш – мустақиллик учун курашнинг ибтидосидир. Тил мустақил бўлмагунча, амалда давлат тилига айланмагунча мамлакатнинг мустақиллиги ҳақидаги гап фақат декларация, яна-да тўғрироғи, декорация бўлиб қолаверади. Туркия раҳбари Эрдоғон, мамлакатни, аввало, тил, кейин эса армия ҳимоя қилади, деганида ҳар томонлама ҳақ эди.

… Афсус, бизда тил масалаларини эл эмас, Эломон акалар ҳал қилади. Улар эса она тилимиз кирза чарм сирилган бўйинтуруқдан қутулмай турибоқ, ялтироқ амиркон бўйинтуруғини тавсия қилишаётир. Чунончи, “городок”, “массив”, “квартал” каби рус тили орқали кириб келган сўзлар истеъмолдан чиқяпти, энди “шаҳристон”, “даҳа”, “маҳалла” каби ўз атамаларимиз майдонга чиқармикин деб хурсанд бўлувдик, йўқ, чучварани хом санаб қўйибмиз – “сити”, “авеню” бўп кетти бу ёғи…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img