Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТалофат сабабчилари қамоққа олинмоқда

Талофат сабабчилари қамоққа олинмоқда

Туркия Бош прокуратураси 117 кишининг ўлимига сабаб бўлган Измир зилзиласи оқибатларига алоқадор бўлган 22 кишини қамоққа олиш ҳақида ордер берди. Истамбул техника университети ва Мармара тадқиқотлар маркази мутахассисларининг берган хулосаларига кўра ўтган йилнинг 30 октябрида Измирда кузатилган ер қимирлаши вайронакор тус олишига инсон омили ҳам сабаб бўлган. Экспертлар гуруҳи ҳодиса жойидан олинган бино бўлакларини ўрганиш асносида шундай хулосага келган.

Жумладан, уйларнинг қулаб тушишига сифати паст қурилиш материалларидан фойдаланилгани, лойиҳалаш ва муҳандислик ишларида хатоликларга йўл қўйилгани аниқланган. Ушбу ҳолатларга йўл қўйган мутасаддилар рўйхати шакллантирилиб, прокуратурага тақдим этилган. Истанбул техника университети экспертлари эса тадқиқотни яқин кунларда ниҳоясига етказмоқда. Ҳозирда гумондор сифатида етти киши қамоққа олинган, уч киши шаҳардан чиқмаслик шарти билан терговга жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 30 октябрида Эгей денгизида кучи 6,6 балга тенг бўлган ер қимирлаши кузатилган эди. Зилзила Туркия ва Греция ҳудудларида кўпроқ сезилган. Табиий офат натижасида 117 нафар туркиялик ҳалок бўлган, минглаб одам турли даражада жароҳатланган. Ер қимирлашидан энг йирик зарарни Измир кўрган. Шаҳарда қарийб 230 та кўп қаватли уй тўлиқ вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган. Бундан ташқари, 251 та бино-иншоотга енгил, 1834 тасига эса қисман зарар етган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img