Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонСувайиш каналидаги муаммо ҳал этиш арафасида

Сувайиш каналидаги муаммо ҳал этиш арафасида

Сувайиш канали Тайван кемасозлик компанияси —“Evergreen Marine”га қарашли “Ever Given” юк кемаси билан тўсиб қўйилганига бир неча кундан ошди. Узунлиги 400 метр ва эни 59 метр бўлган баҳайбат кема саёзликка чўкиб, тумшуғи билан қирғоққа қадалиб қолган. Панама байроғи остида сузаётган юк кемасининг Қизил ва Ўрта Ер денгизларини боғловчи сув йўлида муаммога учраши ушбу йўналишда ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтаб қолишига олиб келди. Миср ҳукуматининг маълум қилишича, муаммони ҳал этишга бир неча ҳафта вақт кетиши мумкин.

“Ever Given”га НИМА БЎЛДИ?

Осиё ва Европани боғловчи энг муҳим сув йўлида “Ever Given” юк кемасининг тиқилиб қолишига ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган. Бу ҳақда Сувайиш каналини бошқариш маъмурияти (SCA) маълум қилди. Кучли бўрон бутун минтақани қоплаб олган ва денгизда йирик тўлқинлар пайдо бўлишига сабаб бўлган. Натижада айрим денгиз бандаргоҳлари, масалан, Суриядаги Тартус ва Латакия портлари вақтинча ёпиб қўйилган бўлса, кучли чанг-тўзон Миср қирғоқларига ёпирилган.

“Evergreen Marine” компаниясининг Хитойдан Нидерландияга йўл олган “Ever Given” юк кемаси Сувайиш каналининг 101 километрида оқимга кўндаланг тарзда тўхтаб қолган. Ҳодиса 23 март, Гринвич вақти билан соат 18:30 да юз берган. Айни пайтгача кемани саёзликдан чиқариш борасидаги уринишлар наф бермади. Бу борада АҚШ Мисрга ўз ёрдамини таклиф этган. Қоҳира бунинг учун Вашингтонга миннатдорчилик билдириб, таклифни қабул қилган. Шунга кўра америкалик ҳарбийлар Сувайиш каналига етиб келиб, муаммони ҳал этишда мисрликларга ёрдам кўрсатишга киришди. Саъй-ҳаракатлар натижасида баҳайбат контейнер ташувчини бироз жойидан силжитишга муваффақ бўлинган. Бу натижа қутқарувчиларга умид бағишлаб, яқин кунларда муаммо ҳал этилишини маълум қилдилар.

Канал тўсиб қолиниши натижасида айни пайтда ҳудудда 230 та турли мақсадлардаги кема тўхтаб қолган. Табиийки, мазкур ҳолат жаҳон савдосига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, дунё иқтисодиёти мазкур муаммо туфайли соатига 400 млн доллар зарар кўрмоқда.

Айрим юк ташувчи компаниялар Сувайиш каналидаги муаммо ҳали-бери ҳал этилмаслигига ишониб, кемаларига Африкани айланиб ўтиш ҳақида кўрсатма бердилар. Бу ҳолда Яхши Умид бурнини айланиб ўтадиган кемалар ортиқча 5 минг денгиз милини босиб ўтишга тўғри келса, юкни етказиб бериш муддати камида бир ҳафтага чўзилади. Бундан ташқари, Яқин Шарқдан Европага нефт олиб кетаётган танкерлар қўшимча 300 минг доллар сарфлашларига тўғри келади. Шунингдек, мазкур муаммо туфайли контейнер етишмаслиги юзага келиб, юкларни жўнатиш айрим қомпанияларда тўхтаб қолиши мумкин.

ТРАНЗИТ ҲАЖМИ

Узунлиги 193 километр бўлган Сувайиш каналидан ҳар куни 50 га яқин юк кемаси сузиб ўтади. Улар орқали жаҳон контейнерлар ҳажмининг 30 фоизи ташилади ва юклар жаҳон савдосининг 12 фоизини ташкил этади. Ҳаракат икки томонлама амалга оширилади: шарқий йўналиш бўйлаб қарийб 4,5 млрд долларлик, ғарбий йўналиш бўйлаб эса 5,5 млрд долларлик моллар ташилади.

НАРХЛАР ЎСМОҚДА

“Bloomberg”га кўра, Сувайиш каналидаги тирбандлик туфайли денгиз орқали ташув хизматлари нархи кўтарилиб кетган. Хусусан, Яқин Шарқдан Хитойга нефт олиб борувчи танкерлар учун ҳар кунига 1371 доллар тўланган бўлса, бу нарх ошишда давом этмоқда. Хитойдан Европага битта 40 футлик контейнерда юк ташиш эса қарийб 8 минг долларни ташкил этиб, бу нарх одатдагидан 4 баробар ошиқдир. Энг йирик танкерлар тоифасидан бўлган “Suezmax” нефт ташувчилари учун мижозлар бир кун учун 17 минг доллар тўлашга мажбур бўлмоқда.

Каналда ҳаракатланиш тўхтаб қолгани жаҳон бозоридаги нефт нархига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Ҳодисанинг эртаси куни, 24 мартдаёқ Brent маркали нефтнинг бир баррели Лондоннинг ICE биржасида 62,7 долларни ташкил этган бўлса, 26 мартга келиб 64,36 долларга етган.

Сувайиш канали ўз тарихида бир неча марта фаолиятини тўхтатган. Жумладан, Сувайиш инқирози даврида (1956–1957) сув йўли қисман вайрон этилган ва кемалар қатнови тўхтатилган. 1967-1975 йиллардаги араб-исроил уруши даврида ҳам канал ёпиб қўйилган. 2017 йилда эса Япониянинг контейнер ташувчи OOCL, 2018 йилда эса “Al Muraykh” кемалари саёзликда туриб қолган, бироқ ҳалокатлар бир неча соат ичида бартараф этилган эди. Шундай ҳодисалардан бири, 2004 йилда қайд этилган бўлиб, “Tropic Brilliance” танкерини саёзликдан чиқариш учун икки кун вақт кетган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img