Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонСобиқ қишлоқ ўқитувчиси мамлакат президенти этиб сайланди

Собиқ қишлоқ ўқитувчиси мамлакат президенти этиб сайланди

Перу сайлов комиссияси “Озод Перу” сўлрадикал партияси вакили Педро Кастило 6 июнда бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра мамлакат президенти этиб сайланганини расман маълум қилди. Комиссия қарорида қайд этилишича, давлатнинг янги раҳбари сайловчиларнинг 50,12% овозини олишга муваффақ бўлган.

Собиқ қишлоқ ўқитувчиси сайловолди дастурида ижтимоий ислоҳотлар ўтказиш, мамлакат бойликларини адолатли тақсимлаш, бунда аҳолининг камбағал қатлами манфаатларига алоҳида эътибор қаратилишини илгари сурган. Бу каби популистик чиқишлар асосий қисми қашшоқликда яшайдиган мамлакат аҳолиси учун жуда ёқиб тушди ва сайловчиларнинг 8,8 млн нафари собиқ ўқитувчи ҳокимият тепасига келишини ёқлаб овоз бердилар.

Янги президентнинг сайловдаги асосий рақиби, коррупция жиноятлари содир этгани учун 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган собиқ президент Алберто Фухиморининг қизи – “Халқ кучи” партиясидан номзод Кейко Фухимори эса сайлов натижаларига кўра 49,9% овоз тўплашга муваффақ бўлган. Унинг сайлов натижалари бўйча киритган шикояти иш бермади.

Қайд этиш керак, 2020 йил ноябр ойида Перу Конгресси порахўрликда айбланган президент Мартин Вискарруни лавозимидан четлатган эди. Шундан сўнг давлатни Мануэл Меринога ишониб топширилган. Бироқ, орадан бир неча ой ўтиб ҳукуматга қарши тинч митинглар вақтида икки нафар намойишчининг ҳалок бўлиши ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлади.

Яна Педрога қайтсак. У педагогик фаолиятини 1995 йилда  Пуня шаҳридаги 10465-сонли мактабда бошланғич синф муаллими сифатида бошлаган. Шунинг билан бирга, касаба фаолияти билан фаол равишда шуғулланган ва Перу Ягона маориф ходимлари касаба уюшмаси етакчиси лавозимига сайланган.

Педро маориф ходимлари касаба уюшмаси раҳбари сифатида 2017 йилда бошланган ўқитувчиларнинг умуммиллий иш ташлаши ҳаракатининг етакчиларидан бирига айланган. У кўчага бошлаб чиққан муаллимлар ҳукумат олдига иш ҳақларини оширишни, таълим тизимига бюджетдан кўпроқ маблағ ажратиш каби талабларни қўйган. Кўп ўтмай иш ташлашлар бутун жанубий Перуни қамраб олган.

Собиқ ўқитувчи тарафдорлари олдида қилган чиқишида сайловолди ваъдаларига содиқ қолишини, хусусан, «аралаш иқтисодиёт» яратиш, монополияга қарши курашишга бел боғлаганини, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида ислоҳотлар ўтказишини, юқори даромад учун солиқ жорий этишини, интернетдан фойдаланиш борасида ҳаммага имконият яратишини, ўлим жазосини тиклашини, ОАВ устидан назоратни кучайтиришини маълум қилган.

Таҳлилчилар Педро Кастилога ваъдаларини бажариш осон бўлмаслигини, мамлакат ўта жиддий муаммолар домида қолган бир пайтда уни ёрқин тараққиёт йўлига бошлаш ўта машаққатли жараён эканини таъкидламоқдалар.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img