Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонСобиқ президент номусга тегишда айбланмоқда

Собиқ президент номусга тегишда айбланмоқда

Боливия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Эво Моралесга янги айблов эълон қилди. Терроризме ва уни молиялаштирганликда айбланган 60 ёшли собиқ давлат раҳбари эндиликда номусга тегиш ва одам савдоси жиноятларини содир этганликда гумонланмоқда. Бу борада прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг 20 август куни мамлакатда чоп этиладиган “ElPais” нашрида эълон қилинган мақолада айтилишича, Эво Моралесга нисбатан янги жиноят иши қўзғатилишига унинг 19 ёшли қиз билан тушган суратлари ОАВда намойиш этилгани сабаб бўлган. Тахминларга кўра, собиқ давлат раҳбари бу қиз билан у ҳали 14 ёшидаёқ учрашиб юрган.

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, қизнинг Боливия раҳбари билан учрашиб юришида унинг ота-онасининг ўрнига ойдинлик киритиш масаласи ҳам ўрганилмоқда. Чунки, қонунчиликка кўра, Лотин Америкасида вояга етмаганлар бундай хатти-ҳаракатларни ота-оналарининг розилигисиз амалга оширишлари мумкин эмас.

Айни пайтда қизнинг қаерда экани номаълум. Бироқ Боливия Адлия вазири ўринбосари Гидо Мелгаранинг таъкидлашича, қиз ҳозирда Аргентинада яшамоқда.

Агар Моралеснинг номусга тегиш билан боғлиқ жинояти исботланса, у олти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади, одам савдоси билан шуғуллангани учун эса умрининг 15 йилини панжара ортида ўтказади.

Қайд этиш керак, Эво Моралес 2006-2019 йилларда Боливия президенти сифатида фаолият кўрсатган. Қишлоқ оиласида туғилган ушбу сиёсатчи мамлакат тарихида туб аҳолидан сайланган илк давлат раҳбари ҳисобланади. У мамлакатда бошланган оммавий норозилик намойишлари ортидан ўтган йили истеъфога чиқишга мажбур бўлган.

Оммавий тартибсизликлар 2019 йилнинг 20 октябрида бўлиб ўтган президентлик сайлови натижалари эълон қилинганидан сўнг бошланиб кетган. Унга кўра, биринчи турда Эво Моралес ғалаба қозонган. Унинг рақиби, собиқ президент Карлос Меса буни тан олмади ва ҳукуматни сайлов натижаларини сохталаштиришда айблади. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб норозилик юришлари бошланиб кетди.

Моралес мансабидан кетгач, унга нисбатан бир қатор айбловлар илгари сурилди. ОАВ хабарларига кўра, қувғиндаги собиқ давлат раҳбари айни пайтда Аргентинада умргузаронлик қилмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img