Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонСобиқ жосусга Бош вазир ҳурмат кўрсатди

Собиқ жосусга Бош вазир ҳурмат кўрсатди

Бугун соат 03.30 да Тел-Авивдаги Бен-Гурион номидаги аэропортга бортида Жонатан Поллард бўлган учоқ келиб қўнди. Америка жосуслик хизматининг собиқ зобити, АҚШ ҳарбий-денгиз жосуслик хизматининг собиқ таҳлилчиси Исроил фойдасига айғоқчилик қилганликда айбланиб, 1987 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Унинг Исроил давлат олдидаги хизматлари шунчалик катта эканки, вақт бемаҳал бўлишига қарамасдан собиқ жосусни аэропортда Бош вазир Бенямин Нетаняху шахсан ўзи кутиб олди.

Умрининг 30 йилини қамоқда ўтказган Жонатан Поллард 2015 йилда муддатидан аввал қамоқдан озод этилган, бироқ унга АҚШ Адлия вазирлиги томонидан мамлакатни 5 йил давомида тарк этмаслик тақиқи қўйилган эди.

Жонатан 1984 йилда АҚШ Марказий разведка бошқармасига ишга ўтмоқчи бўлади, бироқ полиграф тестдан ўтолмайди. Ўша йили у Исроил жосуслик хизматлари билан алоқа ўрнатиб, аввалига беғараз, кейинчалик эса пул ва қимматликлар эвазига махфий маълумотларни Тел-Авивга етказиб туради. У 1985 йилда Вашингтондаги Исроил элчисихонасидан бошпана олишга уринаётган пайтда қўлга олинган. Бу шов-шувли воқеа ортидан АҚШ-Исроил муносабатлари бирмунча совуқлашади.

Шимолий Каролина қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Жонатан 1995 йилда Исроил фуқаролигини олади. Нетаняху бир неча маротаба АҚШ ҳукуматига Поллардни муддатидан аввал озод этишни сўраб мурожаат қилган, лекин Вашингтон унинг барча илтимосларини инобатсиз қолдирган эди. Қўшма Штатлар фуқаролигидан воз кечиб Исроил фуқаролигини олган Жонатан Поллард Тел-Авивга рафиқаси Эстер билан хусусий учоқда учиб келди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img