Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонСиздан яхши ном қолди, устоз

Сиздан яхши ном қолди, устоз

Устоз Шермирза Мирзаевни эслаб


Кўпдан бери Сиз ҳақингизда ёзишга чоғланаман-у, аммо оқ қоғозга кўнглимдагини ҳадеганда тушира олмайман. Гўёки тепамда кузатиб тургандай бўлаверасиз. Салобатингиз босаверади. Сиймоингиз кўз олдимда намоён бўлаверади. Сиз билан бирга ишлаган пайтларим кайта-кайта ёдимга тушаверади.

…Ўтган ҳаётим давомида кўплаб яхши инсонлар билан бирга ишладим. Уларнинг панду насиҳатларига қулоқ тутдим. Маслаҳатларига амал қилдим, ҳаётий тажрибаларидан сабоқ олдим. Қувончларига шерик бўлдим, шодлигимни бирга баҳам кўрдим. Қийналган пайтларимда уларнинг меҳр-муҳаббатини дилдан ҳис этдим.

Яхши одамларнинг инсоний фазилатлари ҳақида сўз очиш одамга завқ бағишлайди. Агар улар сенинг энг яқин қадрдонларингдан бўлса дилинг яйрайди. Устоз, қаранг-а, умрни бежизга оқар дарёга қиёсланмас экан. Эсласам, харбий хизматни тамомлаб, Сиз билан бирга иш бошлаганимга ҳам қирқ йилдан ошибди. Сиз барчамизга баробар меҳрибон эдингиз. Айниқса, биз шогирдларингиз ютукларидан бениҳоя қувониб, ҳаммамизга ҳамиша эзгуликларни тилардингиз. Ҳаётда матонатли, сабр-бардошли бўлишликни, ўз вактида ташкилотчилик, ўз ўрнида ташаббускорлик кўрсатиш борасида насиҳатлар қилардингиз. Биз Сиздан ростгўйликни, ҳалолликни, меҳнатсеварликни, яна кўпгина инсоний фазилатларни ўрганганмиз.

Қаҳрамонимиз 1941 йили Учқўрғон тумани Қайқи қишлоғида падари бузрукворлари Мирзааҳмад ота, волидаи мухтарамалари Сорабу она хонадонида таваллуд топди. Унинг ёшлиги ҳам бошқа тенгқурлари қатори бешафқат уруш йилларига тўғри келди. Ҳаёт кечиришнинг ўзи бўлмасди. Оиладаги беш фарзанднинг тўртинчиси бўлмиш Шермирза ака қатор қийинчиликларга қарамай билим олишга қизиқди. Ўқиб изланишга бўлган бетиним ҳаракат уни Фарғона Давлат педагогика институти физика-математика факультетига чорлади. Бу орада ҳарбий хизматни ҳам ўтади.

Институтни имтиёзли битирган Устоз илк меҳнат фаолиятини тумандаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида бошлади. Қисқа муддат ичида билимдонлиги, ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги билан бошқалар назарига тушди. Ўша пайтдаги халқ таълими бўлими мудири Нозимжон Тожиахмедов эндигина йигирма олти ёшга кирган ёш мутахассисни 75-сонли саккиз йиллик таълим мактабига (ҳозирги кундаги 45-сонли умумий ўрта таълим мактаби) директор этиб тайинлади.

“Ходимларга бир пайтнинг ўзида ҳам меҳрибон, ҳам талабчан бўлган Шермирза ака жамоанинг Камолиддин Қосимов, Эргашбой Алихонов, Маҳмуджон Нишонов, Маъруфжон Маҳмудов, Рислиғой Мамажонова, Каримахон Сайдуллаева, Мақсудахон Сатторова, Фозилжон Эрматов, Абдуллажон Турсунов, Аҳмаджон Отахонов сингари фидокорлари билан таълим-тарбия сифатини тобора яхшилашда, ўқувчи ёшларга пухта билим бериш йулида, турли кўрик-танловлару, фанлар олимпиадаларида яхшигина натижаларга эришди. Колаверса, ўз фаолияти давомида мактабнинг ўқув-моддий техника базасини мустаҳкамлаш борасида тинмай изланди. Унинг раҳбарлиги даврида ўз ичига замонавий ўқув бинолари, намунавий меҳнат таълими хоналари ва тўла жиҳозланган спорт залини бириктирган янги мажмуани қурилишига эришилди”, – дея фахрланиб хотирлайди ўшанда Устоз билан бирга ишлаган меҳнат фахрийси Аҳмаджон Усмонов.

Бугунги кунда канчадан-қанча шогирдлар мактаб ҳовлисининг қоқ марказида ўзини кўз-кўз килиб турган сарвиқор чинор мисол Устознинг ишларини муваффакият билан давом эттиришяпти.

“Акангиз билан яшаб ўтган ҳаётимиз учун яратганга беҳисоб ҳамду-санолар бўлсин, – дея гап бошладилар Устознинг умр йўлдошлари, елкадош маслакдошу ҳамкасабалари, муҳтарама хожи онамиз Муқаддасхон опа, – карийб эллик уч йил бирга умргузаронлик килдик, айтишадику, сув келса симириб, тош келса кемириб, бири-биримизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб яшадик. Ҳаёт фарзандларимиз Тоҳиржон, Зокиржон, Нодиржон, Умидахон ва Муҳайёхон, колаверса, ўн беш нафар невараю олти нафар чевара деган улуғ неъматни инъом этди, хабарингиз бор, фарзандларимизнинг барчаси олий маълумотли, уйли-жойли, ҳаётда ўз ўринларини топишган. Эътиборлиси, тўнғич фарзандимиз Прага университетини битиргач, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида, Халкаро Биотехнология марказида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг катор лойиҳалари координатори бўлиб фаолият юритган, ҳозирги кунда Тошкентда яшаб, нуфузли идораларнинг бирида фаолиятини давом эттирмокда. Қизларим ва ҳамма келинларим бизнинг изимиздан бориб, ёш авлодга таълим-тарбия бериб келишмоқда. Қувонарлиси, қобилият томири бардавом бўларкан, набираларимиздан Шоҳидахон ва Гулҳаёхон хам Наманган Давлат университетида таҳсил олишмоқда. Қаранг, домла билан ҳаётимиз давомида сан-манга бормабмиз, умрларини охиригача бир-биримизни сизлаб ўтибмиз, болаларга ҳар қанча талабчан бўлсаларда, ҳеч качон уришмасдилар, уларнинг камоли йўлида ҳеч нарсани аямасдилар”.

Дарвоқе, Устоз нафақат таълим-тарбия соҳасида, балки деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик соҳасида ҳам барака топган инсон эдилар. Ўз даврининг машҳур боғбони, акалари Нурмуҳаммад отанинг тавсиялари билан мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини моҳирона етиштириб, парвариш қилдилар. Жумладан, тут кўчатлари билан пиллачилик ривожига салмоқли ҳиссасини қўшди. Мевали дарахтлар мўл-кўл ҳосил бермоқда.
Ўрни келганда алоҳида таъкидлашим лозимки, маҳалланинг ибратли, ҳамма ҳавас қилгудек Сизлардек жуфтлигига халоллик, поклик ва хафсала билан қилинган меҳнатингиз самараси туфайли муборак Ҳаж сафарига бориш насиб килди, ҳожи ота, ҳожи она бўлдингиз.
Устоз! Бугун ҳаёт бўлганингизда муборак 80 ёшни ҳам қоралаб қўйган бўлардингиз. Начора, армонли дунё экан, нима ҳам деймиз… Байрамларда, тўй-маросимларда, қўйингки, кундалик ҳаётда Сизнинг ўрнингиз жуда-жуда билинади. Ҳаёт тўхтамайди, давом этади. Бир нарса қалбларимизга бироз бўлса-да таскин беради. Сиздан яхши ном, эзгу амаллар, савобли ишлар, умр дафтарида ибратли битиклар муҳрланиб қолди. Зеро, умрлари зиёда бўлсин Хожия Онамиз, фарзандларингиз, невараларингизу чевараларингиз қаторида Сиз билган ва Сизни билган хар биримизнинг қалбимизда келгуси умрингиз давом этяпти.
Охиратингиз обод бўлсин, Устоз!
Адашали БЕКМИРЗАЕВ
меҳнат фахрийси,
халқ таълими аълочиси

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img