Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонШушада «Хари-булбул» фестивали

Шушада «Хари-булбул» фестивали

Озарбайжоннинг маданият пойтахти Шушанинг Жидирюз текислигида «Хари-булбул» мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль Шуша арман ишғолидан озод этилганидан кейин биринчи марта ўтказилмоқда. 

Фестивал мавзуси сифатида «Озарбайжон мусиқасида мультикультурализм» номи танлаб олинди. Унинг очилиш маросимида фахрий меҳмонлар сифатида Озарбайжоннинг деярли барча таниқли маданият намоёндалари, айниқса, асли шушалик бўлган арбоблар иштирок этди. Озарбайжон Республикасининг Президенти Илҳом Алиев, биринчи хоним Меҳрибон Алиева, уларнинг қизлари – Лайло ва Арзу Алиева “Хари-булбул” фестивалининг очилиш маросимига ташриф буюрдилар. 

Давлат раҳбари ўз чиқишида озарбайжон халқи мамлакат тарихидаги ушбу муҳим санани 30 йил кутганини таъкидлади. «Узоқ йиллик танаффусдан кейин бу йил ўтказилаётган “Хари-булбул” мусиқа фестивали бизнинг шаҳидларимиз хотирасига бағишланган. Бугун биз қаҳрамон жангчиларимиз, озарбайжон халқи олдида қарздормиз», — деди президент Илҳом Алиев. Давлат раҳбарининг нутқидан кейин ёш хонанда Кянан Баширли ижросида Баёти широз муғоми янгради. 

Тадбирни хизмат кўрсатган артист Олег Амирбеков ва Лайло Алиева олиб боришди. Концертда Озарбайжон ижрочилари, таниқли мусиқачилар, шунингдек, Озарбайжоннинг мусиқали жамоалари иштирок этишди. Озарбайжоннинг Россиядаги элчиси, Республиканинг собиқ Маданият вазири Полад Булбул ўғли ўз чиқиши билан тадбирни якунлади. У  сўзини ўзи ёзган “Озарбайжон – менинг оловли юртим” композициясини ижро этди, мусиқасини Хоним Исмоил қизи басталаган. Шунингдек, унинг ижросида “Менинг Озарбайжоним” қўшиғи янгради.

Томошабинларга аварча, татарча, татча, яҳудийча, грузинча қўшиқ ва рақслар тақдим этилди. Ижрочиларнинг ҳар бири Озарбайжон давлат академик филармониясининг Озарбайжон давлат рақс ансамбли мусиқачилари ва раққосалари ҳамроҳлигида ижро этди. Чиқишлар ўртасида Булбул, Саид Шушинский, Хон Шушинский, Рашид Бейбутов, Шовкат Алекперов каби афсонавий озарбайжон қўшиқчиларининг қўшиқларидан ташкил топган видеороликлар тақдим этилди. Бу роликларнинг ҳар бири турли йилларда Шушада тасвирга олинган. Тадбир катта салют билан якун топди. 

Шуша рамзи саналган Хари булбул гули шарафига аталган мусиқа фестивали биринчи марта 1988 йилнинг майида Шушанинг Жидирюз яланглигида ташкил этилган. Охирги марта 1991 йилда ўтказилган фестивал орадан 30 йил ўтиб, 2021 йили Қорабоққа қайтиб келди ва энди ҳар йили баҳорнинг сўнгги ойида ўтказилади. 

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img