Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонШУША – ОЗАРБАЙЖОННИНГ МАДАНИЯТ ПОЙТАХТИ

ШУША – ОЗАРБАЙЖОННИНГ МАДАНИЯТ ПОЙТАХТИ

Тарихий ҳақиқат қарор топди. 2020 йилнинг ноябрига келиб, Олий Бош қўмондон Илҳом Алиев бошчилигидаги шонли Озарбайжон армияси тарихий ерларини озод қилиб, қайтариб олди. Афсуски, нафақат турар жойлар, маданият ёдгорликлари – мусулмонлар ва насронийларнинг муқаддас қадамжолари, тарихий архитектура ёдгорликлари ҳам вайрон қилинган эди. 

Урушдан кейинги тарихий ерлар — бу мисоли иккинчи Хиросима. Аммо озар халқи ўлкани замонавий обод шаҳар ва қишлоқларга айлантиради, диний қадамжолар, музейлар, кутубхона ва бошқа маданий муассасалар қурилади, қайта тикланади, бетакрор боғлар пайдо бўлади, сайёҳларни ўзига чорлайди. Бунинг учун барча имкониятлари етарли, энг муҳими, халқнинг жонажон ерига қайтиш истаги бор. Шу жумладан, Озарбайжоннинг маданият пойтахти Шуша шаҳри ҳам озод қилинди.  1992 йилнинг 7-8 май кунлари 250 йиллик тарихга эга, Қорабоғ ўлкасида Жаванширлар сулоласи авлоди Панох Али Хон томонидан асос солинган шаҳар арманлар томонидан ишғол қилинди ва деярли ер юзидан супуриб ташланди. Босқин туфайли Шуша туманидаги 23 минг 156 нафар озарбайжонлик ўзининг яшаш жойларидан ҳайдалди, бу билан Қорабоғда этник тозалаш ниҳоясига етди. Ўлкада бирор озарбайжонлик қолмади.

Таъкидлаш керакки, жўғрофий жиҳатдан қулай Қорабоғ хонлигининг марказида жойлашган шаҳарнинг тарихий тақдири жуда қийин ва фожиали кечган. Узоқ йиллар мобайнида, хусусан, 1751 йилдан то 1797 йилларгача шаҳар форсийлар Магомед Хасан хон Кажар, Фатали хон Афшар ва Оға Магомед шох Кажарнинг вайронакор ҳужумига учраган, аммо таслим бўлмаган.   Бир вақтлар Шушада Озарбайжоннинг катта миқдорлаги моддий-маданий ёдгорликлари жамланган эди. 1977 йилда расман тарихий-архитектура қўриқхонаси деб эълон қилинган Шуша бугун буткул вайрон этилган. Шаҳарнинг асл қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгартирилган, бебаҳо архитектура ёдгорликлари эса Арманистондаги қурилиш ишларида фойдаланилди. 2000 йиллик тарихга эга қадимий озарбайжон ёдгорликлари ҳам йўқ қилинди. 

Дунёнинг бошқа бирон мамлакатида қабристонлар бузилаётган, таҳқирланаётган, ибодатхоналар олиб ташланаётган, музейлар ёқилаётган, таланаётган, ҳайкаллар ўққа тутилаётган ҳолатларни учратиш қийин. Бу шармандали ва уятли ишлар қанчалар ғалати кўринмасин, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида рўй берди. Ваҳоланки, 1954 йил 14 майдаги Гаага конвенцияси, 1977 йил 16 ноябрдаги Париж конвенцияси тарихий ёдгорликларни асраб-авайлашни кўзда тутади. Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларида бошқа номаъқулчиликлар ҳам содир этилди. 

АҚШ Давлат департаментининг “Маълумотнома: 2001 йил 30 мартдан Қорабоғ можароси тарихи” номли ҳужжатдан кўчирма: «..1992 йилнинг майида арман ва қорабоғ қўшинлари Шуша (озарбайжонликлар яшайдиган минтақанинг тарихий пойтахти) ва Лочинни босиб олди, бу йўл орқали  Қорабоғ билан Арманистон ўртасидаги жўғрофий алоқани таъминлаб олди». Шуша шаҳрини эгаллаш режаси Франциянинг Лион шаҳри ва Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида фаолият кўрсатадиган арман террорчи ташкилотларининг муаммал тайёрланган сценарийси натижасидир. Бу тахмин арман ёзувчиси Зория Балаяннинг 1994 йил Франциянинг “Антенн-Ш” телеканалига берган интервьюсида ўз тасдиғини топган. 1994 йилнинг 14 апрелида айни Балаян ўзининг «Le Progress» газетасига берган бошқа интервьюсида шундай деган: «…Шушага оид биринчи режа 2 май куни Теҳронда ишлаб чиқилган. 3 май куни Шуша тез орада бизники бўлишини билдик».

Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги арманлар жамоаларининг мажлислар залида режиссёр Ахмад Багир Ёдигори Шушанинг ишғол этилиши ва 114 нафар озарбайжонликлар тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмини намойиш этади. 114 нафар асирга олинган озарбайжонликлар ўша пайтда ваҳшийларча қатл этилган. Теҳронда мазкур фильмни намойиш этиш таъқиқланган эди. «Кейхан» газетасига кўра, 18 дақиқали кадрлар Россия элчихонаси ходимига пулланган. Ёдигорининг сўзларига қараганда, арман жангариларининг ҳимоясиз кишиларни маҳв этиши уни даҳшатга солган. Қайд этиш керакки, орадан кўп ўтмай 37 ёшли режиссёр Ахмад Багир Ёдигори қўпорувчилик (режалаштирилган автоҳалокат) натижасида ҳалок бўлган.

Арман қуролли кучларининг Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлари давомида мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 876 дан зиёд аҳоли пункти, 7000 га яқин саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа корхоналар, 153 мингдан ортиқ уй-жойлар, 4366 ижтимоий-маданий объектлар, 616 та ўрта мактаб, 242 та мактабгача таълим муассасаси, 397 та касалхона, 10 та поликлиника, 10 туғруқхона, 76 та аптека, 4 та санатория, 10 та масжид вайрон этилди, ёқилди, таланди. Шуша ҳам бундан ҳоли эмас. Жаҳонда ҳар бир тоши, ҳар бир кўчаси мусиқа билан    қоришиб кетган шаҳарлар камдан кам топилади. Биз бу борада Австрия пойтахти Венани, Италиянинг Неаполь шаҳрини тилга оламиз. Озарбайжоннинг Шуша шаҳрини ҳам мана шу икки шаҳар қаторига қўшиш мумкин.

Абдувоҳид Очилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img