Шоҳ ва табиб

Ҳукмронлиги йилларида Юлий Цезар атрофида садоқатли сафдошлар ва маслакдошларни тўплай олган. Бироқ улар орасида жаҳонгирнинг буткул ишонадиган бир кишиси бўлиб, у шахсий табиби эди. Табиб Цезарнинг соғлиғи ҳақида қайғурар, лозим бўлганида ўзининг рецепти асосида керакли дори-дармонларни тайёрлаб берарди.

Шоҳ ва табиб қадрдон дўст бўлган. Цезар унга тўлиқ ишонишидан ташқари, тоби қочиб қолган пайтларда фақат унинг қўлидан дори ичарди.

Эрамиздан аввалги 78 йилда Цезар оғир бетоб бўлиб қолади. Табибни чақириб, дардига дармон тайёрлаб беришни буюради. Шу куни кечқурун унга номаълум кимса ёзган хатни келтиришади. Хатда: «О, буюк Цезар ўзингнинг яқин дўстингдан қўрқ, табибдан эҳтиёт бўл. У сени заҳарлаш пайида юрибди!», – деб ёзилган эди.

Кўп ўтмай, Цезарнинг ҳузурига табиб кириб келади. Шоҳ унга хатни бериб, ўқишни буюради. Табиб хатни ўқишга тушган дамда, Цезар идишдаги дорини охирги томчисигача ичади.

Хатни ўқиб чиққан табиб дағ-дағ қалтираганча сўрайди:

– Хўжам, бу хатни ўқиганингиздан сўнг ҳам, нега дорини охирги томчисигача ичдингиз? – деб сўрайди.

Донишманд шоҳ бу саволга:

– Энг яқин дўстимнинг садоқатидан шубҳаланганимдан кўра, ўлганим афзал, – деб жавоб беради.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img