Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонШинжон: ким ҳақ, ким ноҳақ?

Шинжон: ким ҳақ, ким ноҳақ?

Шу кунларда Хитойга қарши босимлар кучайиб кетди. Бири Шинжон, иккинчиси Тайван масаласида. Айтиш жоизки, расмий Тайбэй Пекин билан сиёсий олишувда гўёки муваффақиятга эришди. Тайванга АҚШ давлат котибининг ўринбосари Кейт Крач ташриф буюрди. Олдинроқ оролга Америка соғлиқни сақлаш вазири келган эди. Бу эса Вашингтоннинг “бир Хитой” принципини ва 1979 йилдаги ХХР билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги аҳдномаларни бузаётганлигини англатади. Ўз норозилигини билдираётган Хитой оролнинг хавфсизлик ҳудудига ўзининг жанговор самолётларини жўнатди.

Ўз навбатида Тайван расмийлари жаҳон ҳамжамиятини оролни ҳужумдан ҳимоя қилиш учун коалиция тузишга чақирди. Агар Хитой Тайванга кирса уруш бўладими ёки йўқ, бу қоронғу. Аммо кескинлик ошган. Агар илгари АҚШ Хитойнинг жиғига тегмасликка уриниб, “қизил чизиқ”ни босиб ўтмасликка ҳаракат қилган бўлса, Трамп даврида кескин ҳаракатлар кўзга ташланмоқда. Guardian газетасининг ёзишича, Вашингтон Тайванга қуролларнинг еттита тизимини, жумладан, миналар, қанотли ракеталар, дронларни сотмоқчи. Тайван армияси яхши ўқитилган, асосан Америка ҳарбий техникаси билан қуроллантирилган. Бироқ Хитойда қўшинлари сонида улкан устунлик, шунингдек, замонавий қуроллар бор. Америка расмийларидан бирининг айтишича, тенглик йўқ. Бу хавфли. Орол ихтиёрига шунинг учун дронлар бериш, “ақлли” денгиз миналари ва сувости кемаларига қарши воситалар бериш кўзда тутилмоқда. Бу қарор эса оролга ҳаво ва денгиздан киришни қийинлаштиради.

Хуллас, Вашингтон Тайван қиёфасида Осиё-Тинч океани ҳавзасида Хитойга қарши балансни сақлаб қолмоқчи. Яқинда Роналд Рейган даврига оид ҳужжатлар ошкор этилгани бунинг яққол исботидир. 1982 йилга мансуб ҳужжатлардан маълум бўлишича, Тайванга шу қадар катта миқдорда қуроллар келтирилиши керакки, бу ХХР томонидан бўлиши эҳтимоли кўзда тутилган ҳужумни қайтаришга имкон берсин. Аммо бу Вашингтоннинг Тайван учун жангга юрак ютиб киришини англатмайди.

Яна бир босим Шинжон масаласи. Йигирмадан зиёд ташкилот ва геноцид бўйича 16 эксперт БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини Хитойнинг Шинжон-уйғур автоном районида туркий халқларга қарши кампаниясини текширишга, ҳуқуқбузарликни тўхтатиш учун стратегия ишлаб чиқишга чақирмоқда. Улар Пекин олиб бораётган сиёсатни геноцид дея таърифлайди. Очиқ мактубни Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси, Геноцидсиз дунё, Хавф остида қолган халқлар жамияти каби ўнлаб ташкилотлар ва мутахассислар имзолаган. Унда ёзилишича, Хитой ҳукумати диний ва сиёсий экстремизмга қарши кураш баҳонасида уйғурлар ва бошқа озчиликдаги гуруҳларга қарши “систематик” тазйиқ ўтказмоқда. Жумладан, бир миллиондан 1,8 миллионгача одам меҳнат лагерларида сақланаётгани, сиёсий индоктринация, одам ўғирлаш, маданий мерос йўқ қилиниши, мажбурий меҳнат ва туғилишни мажбуран чеклаш.

Халқаро ҳамжамиятдан даъво қилинаётган жиноятларга жавобан “дипломатик, гуманитар ва бошқа воситаларни” қўллаш сўралмоқда. Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси номли ташкилот вакили Питер Ирвиннинг айтишича, уйғурлар масаласида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши текширув комиссиясини тузиши учун етарлича маълумотлар мавжуд. Ҳозирда БМТнинг 8 та шундай комиссияси иш юритмоқда. Улардан бири Ливиядаги аҳволни ўрганиш учун ўтган ой тузилган. Шинжондаги аҳволни ўрганиш учун комиссия тузиш таклифига Хитойнинг қаршилиши сабаб кўз юмилмоқда.

Пекин Шинжонда инсон ҳуқуқлари оёқ ости бўлаётганини рад этади. “Таълим марказлари орқали ўзгариш қилиш” кампаниясини олиб бораяпмиз холос, дейди расмийлар. Улар лагерларни экстремизм ва терроризм ғояларига дучор бўлганлар учун тузилган “касб-ҳунар марказлари” деб атайди, одамлар у ерда зарур кўникмаларни эгаллаётганини қайд этади. Хитой Ғарб танқидини неоколониализм дея рад этса-да, геноцидни бартараф этиш билан шуғулланувчи фаолларнинг бу мактубига кўз юмиш қийин. Мактубнинг аҳамияти шундаки, уни имзолаганларнинг аксарият қисми олимлар ва шафқатсиз жиноятларнинг олдини олиш масаласини ўрганувчи муассасалар.

Хитой Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Шинжонда 12 миллион уйғур яшайди. Вазирлик сўзловчиси Ван Венбин ҳудудда қонунлар бузилаётганини “миш-миш ва туҳмат”, деб атади. Венбин айбловларни Хитой ички ишларига аралашув дея қораламоқда. “Дунё бўйлаб дўстларимиз уйдирма ва ёлғонларга ишониб ўтирмасдан, Шинжонга келиб вазиятни ўз кўзлари билан кўришсин”, – дейди.

БМТ ўтмишда “чекловсиз” текширув ўтказиш учун Шинжонга киришни сўраган. Ички ишларга аралашмаслик шарти билангина БМТ расмийларига рухсат берамиз, дея жавоб қилган Хитой мутасаддилари. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет регионга сафар уюштириш тўғрисида Хитой билан музокара кетаётганини айтмоқда. Шу билан бирга Хитой ҳукумати Шинжон-Уйғур районида мусулмонларга нисбатан юритаётган ўз сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди. АҚШ уйғурларнинг мажбурий меҳнати туфайли етиштирилган Хитой маҳсулотлари импортига чеклов киритиши ортидан Хитойнинг ушбу баёноти янграмоқда.

Ғарб давлатлари Шинжондаги бир миллиондан кўп мусулмон ташланган зиддиятли лагерларни ва уйғурларга нисбатан юритилаётган Хитой сиёсатини танқид қилишади. АҚШ Шинжондаги лагерларни ҳатто концентрацион лагерларга ўхшатган. Лекин Хитой уларни қайта тарбиялаш ёки касб-ҳунар марказлари, деб атайди. Пекин чиқарган сўнгги ҳужжатларга кўра, миллионлаб ишчилар бу марказларда касб-ҳунар ўрганиб, фойда кўришган. Касб-ҳунар ўргатадиган айни марказлар камбағалликка қарши кураш ҳамда ишсизликни бартараф этиш учун муҳим.

Хитой эълон қилган ҳисоботда айтилишича, “Шинжонда янги давр учун зарур билимли, малакали ва инновацион ишчи кучлари яратилди”. Одамлар Хитой тили (Мандарин тили), касб-ҳунар ва шаҳар ҳаёти учун зарур малакани олишган. Хитой ҳужжатига биноан, эндиликда қишлоқликлар ҳам давлат ёрдами билан ўз тижоратларини бошлашмоқда ва завод-фабрикаларда ишлай бошлашган. Аммо ушбу лагерларда бўлиб чиққан мусулмон уйғур ва қозоқларнинг айтишича, у ерлар мактаб эмас, турмани эслатади. Одамлар уйғур ёки қозоқ тилида гапириши, Исломий фарзларни бажариши мумкин эмас. Аёлларнинг сочлари кесиб ташланади ва рўмоллари ечиб олинади. Эркакларнинг эса соқоли қиртишланади ва хонадошлар бир-бири билан ҳам гаплашиши ҳам чекланади. Ёшлар лагердан сўнг бир неча ойлаб мажбуран завод-фабрикаларда ишлатилади. АҚШ айнан шу учун ҳам Шинжонда ишлаб чиқарилган пахта ва памилдори маҳсулотлари импортига тўсиқ қўймоқда. Хитой мажбурий меҳнат йўқлигини таъкидлади. “Мажбурий меҳнат деган гап йўқ жойдан тўқиб чиқарилган уйдирма. Америка ва баъзи Ғарблик ташкилот ҳамда шахслар ўйлаб топишмоқда” – деди Хитой Ташқи ишлар вазири сўзловчиси Ван Венбин.

Хитой ҳукумати зўр бериб ишонтиришга уринаётган “касбга ўргатиш марказ”ларидан бири.

“Баъзи америкаликлар ўзини гўё Шинжондаги миллий озчиликларга ғамғўрлик қилгандек кўрсатади, аммо уларнинг тақиқлари бу минтақа тараққиётига зарар етказади”. “АҚШ сиёсий манипуляцияни тўхтатиши керак” – деган Хитой ТИВ сўзловчиси. Пекин вакилларининг айтишича, АҚШ уйғурлар масаласини баҳона қилиб, аслида Хитой манфаатларига зарба бермоқчи. Хитойнинг айтишича, уйғурларнинг ҳам тили, маданияти ва дини қонунан ҳимоя қилинади. БМТ ва Европа Иттифоқи вакиллари Шинжонга бориб, уйғурларнинг аҳволини ўз кўзлари билан кўриш ниятида. Пекиннинг айтишича, ЕИ вакиллари Шинжонга бориши мумкин, лекин олдиндан айблов хулосаси чиқариб олиб, кейин текширув ўтказишларига Хитой қарши. Айни пайтда, БМТ вакиллари кўра, улар Хитой ҳукумати билан уйғурлар масаласини мубоҳаса этишни тўхтатишмайди.

Уйғур мусулмонлари масаласи бугун Хитой ва Ғарб ўртасидаги муҳим баҳс мавзусига айланган. Сўнгги пайтларда АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо можаролари ва иқтисодий зиддиятлар ҳам кучаймоқда. Коронавирус борасида юзага келган ҳолат ҳам вазиятни янада таранглаштирди. Дунёнинг икки энг йирик иқтисоди ва улкан қудратлар ўртасидаги тортишувларда эса бугун уйғур мусулмонлари масаласи тобора катта аҳамият касб этиб бормоқда.

Хориждаги уйғурлар ва айрим давлатлар Хитойни уйғурларнинг маданий маркази Қашғарнинг маданий қиёфасини ўзгартиришда ҳам айблашади. Икки минг йилликдан ошиқ давр мобайнида Осиё, Европа ва Яқин Шарқни боғлаган савдо йўллари ўтган Қашғар – Хитойнинг ғарбий чегараларидаги катта ҳудуд. Аҳолиси тахминан 5-6 миллион. Шинжон мухториятининг бир қисми. Бу минтақани уйғурлар ва бошқа туркий халқлар Шарқий Туркистон деб билади. Қашғар шаҳри – очиқ қадимий обида, деб келинган.

Тарихнинг қай палласида бўлмасин, дейди олимлар, қонли урушлар ва нотинч замонларга қарамай, Қашғар ўзига хослигини сақлаб қолган. Меъморчилик услуби, илон изини акс эттирувчи кўчалари, оддий тупроқдан бунёд этилган чидамли иншоотлари билан кўзни қамаштириб келган. Бозорлари нафақат Осиё, балки бутун дунёдаги энг бой ва ранг-баранг савдо марказлари сифатида танилган. Хитой ҳукумати 11 йил олдин Қашғарни қайта қура бошлади. Эски, яроқсиз бинолар бузилади, ўрнига замонавий мажмуалар қурилади; кўчалар ва бутун инфраструктура янгиланади, дея эълон қилинди. Хитой ҳукумати, Шинжон маъмурияти ва Қашғар раҳбариятига кўра, ғарбий минтақанинг бошқа ҳудудлари сингари бугун бу ер ҳам обод ва кўркам. Аҳолининг талабини қондирадиган даражада ривожланган ва ривожланишда давом этмоқда. Тараққиёт янги иш ўринлари ҳам яратди, тирикчилик осонлашди. Норози тарафлар фикрича, бугун Қашғар файзини йўқотган. Кўплаб тарихий обидалар энди йўқ. Уларнинг ўрнига баланд қаватли уйлар ва бизнес иморатлар қад кўтарган.

Қашғар кўчаларида…

Афғонистон, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистонга қўшни бу ҳудуд аслида Осиёнинг марказий нуқтаси. Қашғар бир тарафдан уйғур маданият бешиги, Буюк Ипак йўли ўтган ҳудуд, иккинчи томондан эса мисли кўрилмаган кўламдаги модернизация лойиҳаси марказидир. Унинг таҳлилномаси яқинда Уйғур Инсон ҳуқуқлар лойиҳаси номли ноҳукумат ташкилот томонидан чоп этилди. 2009-йилда Хитой ҳукумати Қашғар ва бутун минтақа янгича кўринишга киради, дея бонг ура бошлаганида бу шаҳарнинг 80-85 фоизи бузиб ташланиши тасаввур қилинмаган эди. Халқаро ҳамжамият, хусусан ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи, Глобал Мерос Тизими ва бошқа ташкилотлар ва сиёсий органлар қарорни қоралаб, жаҳон тарихи билан боғлиқ иншоотларга тегманг, дея чақирган.

Пекин бунга жавобан Қашғар ва ғарбдаги бошқа шаҳарлар илғор технологик ўчоқларга айланади, деб чиқди. Биринчидан, Шинжонда хавфсизлик ва барқарорлик таъминланади, яъни минтақада терроризм ва экстремизм таҳдиди бартараф этилади, деди расмийлар. Иккинчидан, деди улар, бугунги иқтисодий ва ижтимоий талабларга мос шаҳар вужудга келади. Нозори уйғурлар бундай сиёсат ва қадамлар билан Хитой ҳукумати аслида уларнинг ҳаёти устидан назоратни янада кучайтирди, демоқда. Ҳозир ҳар кўчада сканерлар, камералар, очиқ ва махфий кузатув системалари ишлаб турибди. Олдинги анъанавий кўчалар ўрнида кенг, дарахтсиз, ҳар кимсанинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кўрса бўладиган йўллар.

Июн ойидан АҚШда уйғурларни Хитой зулмидан ҳимоя қилувчи қонун кучга кирди. Унга кўра, уйғурларни эзишда бевосита қўли бор амалдорларга санкция қўйилади ва Хитой билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик чекланади.
Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img