Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонШифокор етишмаётган бир пайтда вазирлик нега яна штатларни қисқартирмоқчи?

Шифокор етишмаётган бир пайтда вазирлик нега яна штатларни қисқартирмоқчи?

Ўзбекистонда малакали шифокорлар, чекка ҳудудларда оддий шифокорлар етишмаслиги бор ҳақиқат. Бу муаммо соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига маълум маънода тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Тиббиётнинг бирламчи бўғинида тиббий ёрдам тўғри ташкил этилмаслиги, касалликларнинг эрта аниқланмаслиги беморларнинг марказий шифохоналарга мурожаат қилишларига сабаб бўлади.

Шу боисдан давлат раҳбарининг кейинги йилларда қабул қилинган соҳага доир ҳужжатларида ихтисослашган малакали тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш вазифаси қўйилди”, – дейди депутат.

Халқ вакилига кўра: “Аммо давлат раҳбарининг топшириқлари ҳар доим ҳам бекаму кўст ижро этилмоқда, деб айта олмаймиз. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кўп тармоқли туман марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ шифокорлик пунктларининг тиббиёт ва бошқа ходимлари учун ишлаб чиқилган штат меъёрлари юқорида кўрсатилган вазифаларни тўлиқ бажаришга имкон бермайди.

Мисол учун, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда тор доирадаги мутахассислар сони кескин қисқартирилган рўйхатда болалар невропатологи, болалар отоларингологи, болалар эндокринологи, болалар офтальмологи, болалар ортопед-травматологи каби бир қатор мутахассислар кўрсатилмаган, педиатр учун муассасага 1,0 иш ўрни ажратилган.

Демак, педиатр 6 соат ишлайди ва соат 14:00 дан сўнг поликлиникада педиатр шифокор қабули бўлмайди. Педиатр меҳнат таътилида ёки касаллик варақасида бўлган вақтда ҳам шу ҳолат бўлади.

Амалдаги тартибга кўра чақалоқларда эмлаш ишларини хавфсиз амалга ошириш учун, албатта, невропатолог кўриги зарур. Бола ривожланишининг назорати тўғри олиб борилиши учун ҳам маълум муддатларда тор доирадаги мутахассислар кўриги талаб қилинади. Таклиф қилинган штатлар жадвалига кўра, бу ишни амалга оширишнинг умуман иложи йўқ. Худди, шунингдек,  муассасага 1,0 иш ўрнига хирург ва акушер-гинеколог штатлари ажратилиши белгиланган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, мамлакатимизда олиб борилаётган хатлов натижасида аниқланган беморлар марказий поликлиника тор доирадаги мутахассислари томонидан ҳисобга олиниб, даволаш ишлари олиб борилиши лозим. Амалдаги тартибга кўра барча ҳомиладорлар ҳомиладорликнинг 1-триместрида кордиолог, эндокринолог, офтальмолог, невропатолог кўригидан ўтишлари керак. Таклиф қилинган штатлар жадвали асосида бу вазифаларни амалга оширишнинг имкони йўқ.

Шунингдек, оилавий поликлиникалар учун муассасага 1,0 иш ўрнида акушер-гинеколог штати таклиф қилинмоқда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Қизлар ва фертил ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида марказий  ҳамда оилавий поликлиникалар, қишлоқ шифокорлик пунктларида “аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этиш кўзда тутилган.

Оилавий поликлиникага 40-50 минг аҳоли бириктирилган бўлса, унинг тенг ярми аёллардан иборат, албатта. Акушер-гинеколог зиммасига фақат ҳомиладорлар назорати эмас, балки барча ёшдаги қизлар ва аёллардаги гинекологик касалликларни аниқлаш ва даволаш юклатилгани ҳисобга олинса, бу меъёрни поликлиника тизимидан мутлақо бехабар одам таклиф қилгани маълум бўлади.

Мутасаддилардан изоҳ сўралганда, бу ўринлар барибир вакант, шунинг учун қисқартирилади, деган жавобни олдик. Соғлиқни сақлаш тизими вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, жорий этилган бундай мутахассис ўринлари сонини қисқартиришни шундай юзаки жавоб билан изоҳлаш мумкинми?..”

Мақсуда Ворисова муаммони ҳал этиш юзасидан қуйидаги таклифларни билдирган:

Амбулатор-поликлиника тизимидаги барча муассасаларни бириктирилган аҳоли сонига қараб категорияларга ажратиш;

Ҳар бир тиббий муассаса категориясига мувофиқ давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини аниқлаш;

Аҳоли эҳтиёжидан, тиббиёт муассасасининг марказдан узоқлиги, аҳоли сони инобатга олинган ҳолда муассасада ташкил этилиши мумкин бўлган пулли тиббий хизмат турларини аниқлаш;

Штатлар жадвалини муассасанинг категориясига мувофиқ шакллантириш;

Штат бирликларини муассаса низомида кўрсатилган тиббий ёрдам ҳажми ва таркиби, амалдаги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида қайта кўриб чиқиш;

Штатлар жадвалини тузишда тизимда фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар иштирокини таъминлаш.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img