Бош саҳифаДолзарбШавкат Мирзиёев: Эртадан бошлаб барча ҳокимликларда фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт

Шавкат Мирзиёев: Эртадан бошлаб барча ҳокимликларда фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт

Тўрт йил олдин валюта айрибошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалалари бўйича ҳар ойда ўртача 100 мингта мурожаат тушган. Бу соҳаларда замонавий дунёга умуман тўғри келмайдиган муаммолар ҳал этилгани натижасида уларга оид мурожаатлар бутунлай тўхтаган. Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартибларининг енгиллаштирилгани ортидан 100 мингга яқин оилани йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим топилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу рақамлар келтирилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби хабар берди.

Йиғилишга раислик қилган давлат раҳбари биринчи галда, одамларимизни мурожаат қилишга энг кўп мажбур қилаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни маҳалланинг ўзида бартараф этиш асосий вазифа бўлиши керакдигини, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини ҳал қилишга ажратиши лозимлигини таъкидлади.

Таъкидландики, кўпчилик вилоят ҳокимларининг қабул куни ҳар ойнинг тўртинчи шанбаси, яъни бир ойда бир марта қилиб белгиланган. Эртадан бошлаб, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт. Шунингдек, аҳоли тўғридан-тўғри туну-кун мурожаат қилиши учун бир ҳафта муддатда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг виртуал қабулхоналари ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифалари ташкил этилади. Булар – Президент топшириғи.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, вазирлик ва идоралар ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечимлар топиши шарт. Ҳар бир вазир бир ҳафта муддатда тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаши шарт. Мисол учун, тиббиёт соҳасидаги мурожаатларнинг қарийб ярмини ташкил этаётган ордер тартибини бекор қилиб, очиқ ва шаффоф тизимни йўлга қўйсак, камида 10 мингта шикоят камаяди.
Энди, мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада юритилиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат идораларининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича очиқ рейтингини шакллантиради.

Жорий йил 1 октябрига қадар барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Ягона онлайн платформа яратилади. Ушбу платформа орқали вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлаш фаолияти мониторинг қилиниб, ҳар ойда Сенатга ва Ҳукуматга таҳлилий маълумот киритиб борилади.

Шунингдек, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича вазирлик, идора ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботини Сенатда ҳар чоракда, маҳаллий ҳокимликлар ҳисоботини эса маҳаллий Кенгашларда ҳар ойда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img