Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонСамарқанд замин сайқалига айланажак

Самарқанд замин сайқалига айланажак

Президент Шавкат Мирзиёев 15-16 апрел кунлари Самарқанд вилоятида бўлиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, уй-жой ва коммунал хўжалиги масалалари комплекси таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари айни кунларда туман ва шаҳарларда бўлиб, йил давомида амалга ошириладиган ишларни режалаштирмоқда.

Қайд этилишича, шу йилнинг ўзида Самарқанд вилоятида 6 минг 654 хонадонли 150 дан ортиқ кўп қаватли уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилади. Масалан, давлат ипотека дастури доирасида 3 минг 444 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, шунингдек, Паст Дарғом, Ургут, Пахтачи, Оқдарё ва Булунғур туманларида ипотека кредит бериш тизими асосида 500 та якка тартибда уй-жой қурилади. Тадбиркорлар томонидан 2 минг 710 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилади. 

Самарқанд шаҳрининг вокзалорти ҳудудида келгуси йилдан бошлаб, босқичма-босқич 3 мингга яқин эски, бир қаватли уйлар ўрнида 28 минг 500 хонадонли 474 та кўп қаватли уй қурилиши бошланади. Аммо йил якунигача Қорасув массивида 3 минг 500 та хонадонли 29 та 16 ва 25 қаватли уйлар қурилиши ташкил этилади.

“915 та қишлоқ ва маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жами 1 триллион 805 миллиард сўмлик ишлар бажарилади. 692 миллиард сўм маблағ ҳисобига 856 та маҳалла ва қишлоқнинг 1 минг 188 километр узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинади ва таъмирланади. Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробар кўпдир. 280 километр тупроқ йўлларга шағал ётқизилади, 760 километр йўллар асфальт-бетон қопламали йўлларга ўтказилади.

Эътиборлиси, йил давомида 35 та кўприк қайта қурилади ва таъмирланади. Хусусан, Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида янги тоннел, М-39 автомагистралидаги (Эшкак эшиш канали олдида) монолит усулидаги янги йўл ўтказгич, Зарафшон дарёси устида Самарқанд шаҳрининг Ширин массиви билан боғловчи янги кўприк қурилади ва Бўстансарой кўчасида Сиёб канали устидан ўтган кўприк реконструкция қилинади”, – дейди бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов.

Жорий йилда 210 та маҳалла ва қишлоқларда республика бюджетидан ажратилган 269 миллиард сўм маблағ ҳисобига 658 километр ичимлик сув тармоқлари тортилади ва 91 та сув иншоотлари қурилади. Натижада 214 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 270 минг нафар аҳоли ёки 57 минг оиланинг ичимлик сув таъминоти яхшиланади ҳамда таъминланиш даражаси 58 фоиздан 63 фоизга етказилади.

Инвестиция дастурига киритилган 130 та объектда республика бюджетидан ажратиладиган 1,5 триллион сўмлик маблағлар ҳисобига қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли ва ўз муддатида бажарилиши таъминланади.  Транспорт қатнови бормаган 61 та маҳаллага тўлиқ транспорт ҳаракатланиши йўлга қўйилади, 11 та янги ички автобус йўналишлари очилади ва 366 та янги автобус ва микроавтобус олиб келиниб, йўналишларга қўйилади.

Мухтасар қилиб айтганда, вилоятда, айниқса, Самарқанд шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари бошланади. Буларнинг барчаси аҳолини рози қилиш, турмуш сифатини яхшилаш ва муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш учундир.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img