Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонСаломатлик – бебаҳо бойлик

Саломатлик – бебаҳо бойлик

Умуман олганда, ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз.
Шавкат Мирзиёев

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча эзгу ишлар негизида соғлом авлодни вояга етказиш мужассам. Фарзанднинг соғлиғи онанинг соғлиғи билан боғлиқ. Агар она соғлом бўлса, фарзанди ҳам соғлом дунёга келади. Бу эса жамиятдаги долзарб мавзулардан бири бўлиб ҳисобланади.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар ўзларини бутунлай жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. АҚШда ўтказилган тадқиқотларда қамалганларнинг ярмидан кўпи она меҳрига тўймаган ёшлар экани маълум бўлган.

Буюк бобо-калонимиз Соҳибқирон Амир Темур шундай дейди. “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, тўй тушурдим”. Ҳар бир ота-она балоғатга етган ўғлини уйлантириб, қизини турмушга узатади ва Яратгандан солиҳ фарзанд ато этишини тилайди. Зеро, соғлом, баркамол ва солиҳ фарзандгина ўз ота-онаси, халқи, Ватанинг бахт-саодати йўлида хизматга шай, жонфидо бўла олади. Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси Бош муҳарири билан суҳбатида аҳоли саломатлиги масаласига яна бир тўхталганлари бежиз эмас, деб ўйлайман. Чунки коронавирус пандемияси инсон саломатлиги ҳаётимизда қанчалик муҳим эканлигини кўрсатди. Шу боис фуқороларимиз соғлиғини сақлаш масалаларига бўлган эътибор янада кучайтирилганидан беҳад мамнунмиз.

Яна бир эътиборли жиҳати, пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилмоқда. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилаётгани, шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилаётгани эътиборга молик.

Инсон саломатлигини белгиловчи омиллар орасида тиббиёт айни пайтда қандай ўрин тутади?
Кўплар ўз саломатлигини тиббий омил билан боғлайди. Шу сабабли, тиббиёт асосан касалликларни даволашга ихтисослашиб, саломатликнинг бошқа омиллари, хусусан, соғлом турмуш тарзига кам эътибор қарата бошлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саломатликни белгиловчи омилларни қуйидагича таснифлайди: инсон саломатлигининг 10-15 фоизи экология, 10-15 фоизи генетика, 10-12 фоизи тиббиёт тизими даражаси, қолган 55-60 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ. Бундан кўриниб турибдики, биз агар турмуш тарзини қанчалик тўғри юрита олсак — тўғри овқатлансак, жисмоний фаол, зарарли одатлардан холи, кун тартибимизни тўғри ташкил қила билсак, шунчалик соғлом бўламиз. Алломалардан бири “Минг хил касаллик бор, аммо саломатлик биттадир” деган гапни айтган.

Инсон саломатлиги унинг тиббий маданияти ва малакасига нечоғлик боғлиқ?
Тиббий маданият дейилганда, аввало, инсоннинг бу борадаги тушунчалари, соғлом бўлишига қаратилган хатти-ҳаракати, турмушдаги одатлари тушунилади. Ҳар биримизнинг ўз саломатлигимизга масъуллигимиз биринчи даражали омил саналади. Тиббий маданиятли инсон шифокорга тез-тез мурожаат қилиб туради. Шифокор тавсияларига тўлиқ амал қилиш, эмлашга чақирганда ҳеч қандай монеликсиз бориш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларнинг тўйдан олдинги тиббий кўрикдан тўлиқ ўтиши ҳам тиббий маданият сирасига киради. Ҳар қандай касалликни даволашда номедикаментоз, яъни турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган даволаш усули ҳам муҳим саналади. Турмуш тарзимиз — бу тиббий маданиятимизнинг қанчалик даражада эканлигини очиқ-ойдин кўрсатувчи ўзига хос кўзгу.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори штат бирлиги ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилмоқда. Мамлакатимизда хусусий тиббий клиникалар очишга кенг имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, жойларда гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаяпти. Шунинг учун давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди.

Президентимиз суҳбатда эсга олган яна бир муаммо ҳақида тўхталмоқчиман. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Нега? Сабаби шундаки, одамларимиз ўз соғлиғига эътиборсиз. Фақат йиқилиб қолгандагина шифокор қабулига боради. Ахир, ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керакку. Айниқса, коронавирус пандемияси бутун ер юзида, жумладан, юртимизда ҳам давом этаётган ҳозирги пайтда тиббий маданиятнинг аҳамияти беқиёсдир.

Аслида, ҳар қандай жамият соғлом ва баркамол, Ватанига садоқатли, имон-эътиқодли фарзандлари билан фахрланади, уларга суянади. Шундай фазилатларга эга авлодни тарбиялаб вояга етказган халқ келажакка катта ишонч билан қарайди. Энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, тиббий маданиятни юксалтиришга йўналтирилган бу каби эзгу ишлар 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йилида ҳам давом эттирилиб, оилалар қувончига қувонч қўшаверади.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img