Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонСафранбўлининг тарихий ҳашаматли уйлари

Сафранбўлининг тарихий ҳашаматли уйлари

Туркиянинг Карабук вилоятида жойлашган Сафранбўлу уйлари – юз йиллар давомида шаклланган Турк шаҳарсозлик маданиятининг бугунги кунга қадар сақланиб қолган энг ноёб намуналаридан бири ҳисобланади. Турк шаҳарсозлигининг энг муҳим меъморий бойликларидан бири сифатида тилга олинадиган бу уйлар дастлаб, ХVII-XVIII асрларда қурилган.

Ҳозирда мавжуд 2000 га яқин уйнинг 800 таси қонун билан давлат муҳофазасига олинган. Сафранбўлунинг тарихий уйлари 1994 йилда ЮНEСКО томонидан Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Усмонлилар даврида Сафранбўлу уйларининг оҳакларининг тухум оқидан қилингани ва шу сабаб зилзилабардошлиги айтилади. Сафранбўлу уйларининг барчаси оқ рангда ва бу уйлар бир-бирини тўсиб қўймаган ҳолда қурилган. Уйлар Сафранбўлунинг икки қисмида жойлашган бўлиб, улар қишда фойдаланилган ва «Шаҳар» деб номланган қисм ва ёзги турар жой сифатида фойдаланилган «Боғлар» деб аталадиган қисмдан иборат.

Шаҳар маъмурий марказ жойлашган Кале, савдо маркази жойлашган бозор, турар жойлар жойлашган Акчасу, Гумуш, Мусалла, Калеалтı ва Табакҳане туманларидан иборат. Шаҳар ўртасидаги майдон томон олиб борувчи йўл ва кўчалар бутунлай тош билан қопланган. Уйларнинг ҳовлилари ва майдонлар ҳам тош билан қопланган. Мавжуд тош қоплама услуби намликни камайтиради, тошқинларга чидамли ва дарахт илдизларига етарли миқдорда сув етиб боришини таъминлайди.

Уйлар бир-бирига яқин жойлашган ва уларни тор кўчалар ажратиб туради. Аҳолининг узумзорлари эса бир неча юз метр баландликда, ҳаво оқимлари учун очиқ ва кенгроқ ерларда жойлашган. Деярли ҳар бир оиланинг қишки ва ёзги уйлари бўлиб, маҳаллий аҳоли қишда шаҳардаги уйларида яшайди ва ёзда ҳаво исиши билан ёзги уйларига кўчиб ўтишади.  Барча уйлар ўзидан кўра марказроқда жойлашган йирик бинолар, масжид ва ёдгорликларга қаратиб қурилган. Қайси уйга қараманг, унинг гўзаллигини бошқа бир уй ёки бино тўсиб қолмайди.

Сафранбўлу уйларининг катталиги ва шаклини белгиловчи учта асосий омилни айтиб ўтиш мумкин. Булар, кўп болали катта оила, ёмғирли иқлим, шунингдек, оиланинг маданий ва моддий фаровонлиги.  Одатда, оилада эр ва хотиннинг икки ёки уч фарзанди бор. Ўғил турмуш қурса, унга алоҳида уй олинмайди, балки келинни ўша уйга олиб келинади. Оила аъзолари, жумладан амакилар, аммалар, холалар ва неваралар бир уйда бирга, аҳил яшайдилар. Аксарият хонадонларда, уй бекаларига уй ишларида ёрдам бериш учун асраб олинган қизлар бўлади. Асраб олинган қиз оила аъзоси сифатида кўрилади.

Дин ва урф-одатлар сабабли уйлар ташқи томонга ёпиқ ҳолда қурилади. Шунинг учун уйнинг ички қисми ва боғлар баланд деворлар билан ажратилиб қурилади. Деразаларга панжара ўрнатилганлиги сабабли аёллар бегона одамларга кўринмайди. Баъзан бир уйда ҳам, эркаклар ва аёллар алоҳида яшашади. Сафранбўлуда саломхона ва ҳарам деб иккига бўлинган уйлар ҳам учраб туради.

Хонадонга тегишли ҳайвонлар уйнинг биринчи қаватидаги молхоналарда боқилади. Ёмғирли иқлим туфайли ички маконга бўлган эҳтиёж ҳам юқори. Оиланинг озиқ-овқатлари ва уй ҳайвонларининг ем-хашаклари, шунингдек қиш учун ғамланган ўтинлар уйнинг тегишли қисмларида сақланади. Шуларнинг барчаси эътиборга олинган ҳолда Сафранбўлууйлари катта ҳажмларда қурилади.

  Уйларда иситиш тизими печкалар ёрдамида амалга оширилади. Девор қаватлари орасига совуқ қайтарувчи материаллар қўлланилсада, ёғоч уйларда иссиқликни сақлаб қолиш бир мунча қийин. Шунинг учун, асосий қоида бўш жойни эмас, балки одамларни иситишдир. Печка, яқин ўтмишдан бери ишлатила бошланган. Ёритиш воситаси эса керосин чироқ ҳисобланган. Сўнгги пайтларда эса, катта ўлчамли ва ёрқин лампалар ишлатилмоқда. Баъзи уйларда эса совутиш ва ёнғинга қарши восита сифатида қурилган ҳовузлар ҳам мавжуд.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img