Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонРоссияда бўлиб ўтган намойишларда иштирокчилар "Путин ўғри!" деб хитоб қилди

Россияда бўлиб ўтган намойишларда иштирокчилар “Путин ўғри!” деб хитоб қилди

Бугун – 23 январ куни Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Хабаровск, Самара, Томск, Екатеринбург каби 20 дан ортиқ йирик шаҳарларида мамлакатни 20 йилдан буён қаттиққўллик билан бошқариб келаётган Владимир Путинга қарши ҳамда мухолифатчи Алексей Навалнийнинг озод этилиши талаб қилинган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. “Reuters”га кўра Москвадаги намойишда камида 10 000 киши иштирок этган.

Ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот ходимлари бир неча кундан буён одамларни рухсат этилмаган намойишда иштирок этмаслик, унга вояга етмаганларни жалб этмаслик хусусида огоҳлантириб келди. Иштирокчиларга нисбатан жамоат осойишталигини бузиш айби билан жиноят иши қўзғатилиши билан таҳдид қилинди. Шундай бўлса-да, Кремлнинг ширин ваъдаларидан чарчаган, порахўрликка тоқати бўлмаган, қашшоқлик ботқоғига ботиб бораётган аҳоли намойишларга чиқди. Айрим жойларда уларга қарши полиция ва миллий гвардия ходимлари шафқатсизлик билан уч ишлатди. Соат 16 ҳолатига кўра мамлакат бўйлаб 1000 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган. Бир қатор ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа операторлари фаолияти тўхтатиб қўйилган.

Норозилик иштирокчиларидан айримлари очиқ-ойдин “Биз Путиндан чарчадик”, “Путин ўғри”, “Биз ўзгариш истаймиз” ва “Бугун энг яхши кун” деб баралла хитоб қилдилар. Ҳукумат гарчи бугунги норозилик намойишларни Ғарб махсус хизматларининг иғвогарликлари, хориж жосусларининг иши деб атаган бўлса-да, бугун кузатилган воқеалар Россияда вазият нақадар мураккаб бўлиб бораётганини кўрсатмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img