Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонРанги қора, қалби тоза африкаликлар нишонда

Ранги қора, қалби тоза африкаликлар нишонда

21 август куни Триполидаги халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Ливия ҳукумати сулҳ бошлангани ҳақида эълон қилди. Ўз навбатида Ливиянинг шарқи ва жанубидаги катта ҳудудни назорат қиладиган генерал Халифа Ҳафтар билан иттифоқчи бўлган кучлар ҳам ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишини маълум қилди. Сарраж ва Ҳафтарнинг бу сафар биргаликда ташаббус кўрсатиши полковник Қаддофий ўлимидан кейин бошланган фуқаролик уруши якунланишига умид беради. Ушбу ташаббус БМТ ва ушбу низода Халифа Ҳафтар томонида турган Миср томонидан қўллаб-қувватланди. Агар ҳақиқатда, тинчлик ўрнатилса, ўтган йиллар мобайнида жабр чеккан, уйсиз қолган ливияликлар бағрига шамол теккан бўларди.

БМТ душман томонларнинг инқироздан тинч йўл билан чиқишга уринишини олқишлади. Аммо, таҳлилчиларнинг фикрича, бундан аввалги узоқ муддатли сулҳ тузишга уринишларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган, мамлакатдаги сиёсий етакчиларда икки коалиция таркибида жанг қилувчи кўп сонли қуролли гуруҳларга босим ўтказиш учун ишончли ричаглар мавжуд эмас. Бу ўринда Ливия масаласида НАТО сафида ҳам бўлиниш бор. Июль ойида Франция Туркияни Ливияга қурол сотиш бўйича тақиқни бузишда айблаб, Ўрта ер денгизидаги «Денгиз қўриқчиси» (Sea Guardian) ҳарбий-денгиз амалиётидаги иштирокини тўхтатганди. Аввалроқ Франция турк ҳарбий кемаси француз кемасини нишонга олганидан ғазабдалигини билдирганди.

Амалда июнь ойидан буён Ливияда ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаяпти, аммо ўзаро рақиб бўлган сиёсий кучлар томонидан мувофиқлаштирилган бу сулҳ амалда боши берк кўчага кириб қолган вазиятнинг янги босқичидир. Бу сулҳ қарийб ўн йилдан буён давом этаётган кўп сонли можаролар қурбони бўлган тинч аҳолига бироз умид бағишлайди. Ўтган йилларда томонлар кўп марта бир томонлама ўт очишни тўхтатган, лекин жуда камдан кам ҳолларда тинчлик узоқ вақт давом этган. Ҳозирги сулҳ нефть экспорти тўхтаб қолиши, кичик гуруҳлар ўртасидаги ихтилофлар ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари томонидан дипломатик босим ўтказилиши шароитида эълон қилинди. Шу билан бирга, навбатдаги эҳтимолий уруш икки томонга ҳам қимматга тушиши мумкин ва шу туфайли улар асосий мақсадни – бутун мамлакат устидан ҳокимият ўрнатишни унутиб туришга қарор қилган. Барча манфаатдор томонлар бундан хабардор, шунинг учун улар ўзини ва бир-бирларини бу йўл яхшироқ бўлишига ишонтирдилар.

Маълумки, 2019 йил 4 апрель куни Ливия миллий армияси қўмондони, 75 ёшли фельдмаршал Халифа Ҳафтар мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлига олишга қарор қилди ва «террорчилардан озод қилиш» мақсадида армияси билан пойтахт Триполига юриш бошлади. Генерал фикрича, Триполини ислом байроғи остида ҳаракат қилаётган террорчилар эгаллаб олган. Ливия бош вазири, Триполидаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари Фаёз ас Сарраж Ҳафтар армиясини тўхтатиш учун барча ҳукумат кучларини оёққа турғазди.

Тан олиш керакки, фуқаролар уруши ва 2011 йилда президент Муаммар Қаддофий ўлдирилганидан кейин Ливияда ҳеч бир томон ҳокимиятни марказлаштира олмади. Мамлакат уч қисмга бўлинганича қолмоқда. Аслида мамлакат халқи қабилалардан ташкил топгани учун анъанавий равишда уч қисмга бўлинган. Булар Триполитания (ғарби), Киренаика (шарқи) ва Феццан (жануб). 2011 йилнинг октябрида Қаддофийнинг мухолифлари ўтиш даври миллий кенгаши ташкил қилишганди. 2012 йилнинг августида ҳокимият овоз бериш якунларига кўра сайланган Умуммиллий конгрессга топширилади. 2014 йил ёзида эса Умуммиллий конгресс ўрнига Вакиллар палатаси ҳокимиятга келади. Парламент аъзолари қуролли гуруҳлар назоратида бўлган Триполини тарк этишади ва мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Тобрукка бориб жойлашади.Уларга маршал Ҳафтар кучлари таянч вазифасини ўтаётганди. Бир ярим йил вақт ўтиб Ливияда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган қонуний ҳукумат юзага келади. 2015 йилнинг декабрида Марокашнинг Схират шаҳрида БМТ иштирокида келишув тузилади. Келишув ҳужжатларига кўра, мамлакатда вақтинчаликка Миллий бирлик ҳукумати шакллантирилади, президентлик кенгаши (9 кишидан иборат) тузилади. «Триполидаги ҳукумат»ни бош вазир Фаёз ас Сарраж бошқара бошлайди. Миллий бирлик ҳукумати халқаро доираларда тан олинган ҳукуматдир, лекин уни парламент тасдиқламаган.

Сиёсий инқироз ҳудуддаги нефтни керакли миқдорда қазиб олишга имкон бермайди, мамлакатда энергия ва озиқ-овқат билан таъминлаш аҳволи оғир. Минглаб ливияликлар ноқонуний муҳожирлар сифатида Ўрта Ер денгизини кечиб ўтиб, Европага етиб олишга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса минглаб инсонларнинг денгизда ғарқ бўлишига, мамлакатда одам савдосининг кучайишига, улкан ҳудудларни террорчи тўдалар маконига айлантиришга сабаб бўлаяпти. Ливиянинг алоҳида ҳудудларида йирик қуролли гуруҳлар назорат ўрнатган. Жумладан, ИШИД, «Ал-Қоида» ва бошқа радикал гуруҳлар. Бу гуруҳлар кучли марказий ҳокимият йўқлигидан фойдаланиб, аҳоли яшовчи ҳудудларни ҳам қўлга олган. Ҳаммага маълумки, Яқин Шарқ ва шимолий Африка мамлакатларидаги ҳукумат ваакуми (бўшлиқ) натижасида, ҳудуд террорчилар билан тўла бошлади. “Ислом Давлати” байроғи остига ўн минглаб жангарилар йиғилган. Улар орасида Ироқдаги давлат тўнтарилиши оқибатида ишсиз қолган ҳарбийлар, Ливия фуқаролари, Сурия мухолифатчилари ва бошқалар бор.

 Ливия Ўрта Ер денгизи қирғоғидаги Шимолий Африка давлати, Мағрибнинг энг шарқий қисми. 1 759 541 км² майдонга эга, ҳудудининг 90 фоизини чўллар эгаллаган. Ливия — майдони бўйича Африканинг тўртинчи ва дунёнинг 16 мамлакати. 6.5 миллионли аҳолининг 1.7 милиони пойтахт Триполида истиқомат қилади. Ливия узоқ йиллар мустамлакачилик асорати остида яшади. 1951 йили полшоҳ Идрис 1 бошқаруви остида мустақилликка эришди.  1969 йили подшоҳ полковник Муаммар Каддафий бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан ташкил этилган давлат тўнтариши туфайли ҳокимиятдан ағдарилди. Шундан кейин мамлакатга 42 йиллик барқарорлик кириб келди. 2011 йили араб баҳори туфайли Ливияда ҳам аксилҳукумат намойишлар бошланди ва бу чиқишларни бостириш ортидан Ғарб давлатларининг ҳарбий ҳаво ҳужумлари бошланди, натижада Каддафий ўлдирилди. Шундан кейин Ливия давлатчилиги буткул тикланмади, барқарор ҳукумат шаклланмади, сиёсий беқарорликнинг юқори даражаси сақланиб қолаётган эди.Турли исломий гуруҳлар ва халқаро тан олинган ҳукумат ўртасида фуқаролар уруши давом этмоқда.  

2017 йилдан эътиборан Ҳафтар бошчилигидаги қўшинлар мамлакатжанубидаги нефть қазилмаларига бой бўлган ҳудудлар устидан назорат ўрнатган, бу ресурслар унинг позициясини мустаҳкамлаган. Нефть ҳавзалари Умуммиллий конгресс билан яқин алоқаларда бўлган гуруҳлардан йирик нефть ҳавзалари тортиб олинган. Бу хизматлари учун парламент раҳбари Акила Салоҳ – Ҳафтарнинг муҳим иттифоқчиси унга фельдмаршал унвонини берган. Кейинги йилларда фельдмаршал Халифа Ҳафтар номи Россиянинг Яқин Шарқда таъсири кенгайиши ҳақидаги материалларда тез-тез тилга олинадиган бўлди. Аммо Москва Ливиядаги ҳар икки томон билан бирдек алоқада эканлигини айтиб келади. 2016 йилда фельдмаршалнинг элчиси Абдулбосит ал-Бадри, парламент раҳбари Акила Салоҳ ҳамда Ҳафтарнинг ўзи Россияга юқори мартабали амалдорлар билан учрашувлар ўтказиш учун келади. 2017 йилнинг 11 январида Ҳафтар русларнинг Ливия сувларида турган «Адмирал Кузнецов» авиаташувчисига келган ҳамда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан видеоконференция ўтказганди. Ўша йилнинг августида ливиялик фельдмаршал Москвага ташриф буюриб, Шойгу билан «халқаро террорчилик гуруҳларига қарши курашиш» масаласида музокаралар ўтказган.

Ғарб Россиянинг Ҳафтар ёрдамида 2011 йил воқеаларидан кейин «йўқотилган» Ливиядаги таъсирини кенгайтиришидан хавфсирайди. Икки томонда ҳам бир-бирига таклиф қилиш учун нимадир бор. Ҳафтар ва унинг армиясига қурол-яроғ керак (БМТ эмбаргоси туфайли бу мамлакатга қурол етказиш тақиқланган), расмий Москва эса Ўрта Ер денгизи қирғоқларида ишончли иттифоқчиси бўлишидан манфаатдор. Шойгу ўз чиқишларида Сурия, Ироқ ва Ливия «ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги»ни билдирганди. Мудофаа вазири шунингдек, Россия хориждаги ҳарбий базаларини кенгайтиришда давом эттиришига шаъма қилган. Ҳафтар ва ҳамроҳларининг Москвага ташрифидан кейин Ғарб давлатлари Россия ўз ҳарбий кемаларини Бенгази портига, Европадан 700 км масофага жойлаштириши мумкинлигини фаол муҳокама қилишни бошлаганди. Ливиянинг қирғоқ чизиғи — 1770 км. бўлиб, Ўрта Ер денгизидаги Африка мамлакатлари орасида энг каттаси ҳисобланади.Бу омил албатта, Ўрта ер денгизида назорат ўрнатишга ҳаракат қилаётган Москвани қизиқтирмай қолмайди. 2012 йилда Бенгазида Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумдан кейин америкаликларнинг Ливиядаги роли чекланди ва шу туфайли Европа бу давлатдаги инқирозли ҳолат қаршисида ёлғиз қолди. Французлар ва италияликлар ҳам Ливияда кучли таъсирга эга. Франция Қаддофийнинг ағдарилишидан кейин Ливияда бошланган зиддиятни ҳал этишда Европа вакилига айланди. Франция Ливияда ҳокимиятни қўлга олиб, ўзаро курашувчи гуруҳларни бирлаштирувчи кучли сиёсий етакчи бўлишидан манфаатдор. Кейинги пайтларда Туркия ҳам нефть ресурслари боис Ливия можаросига аралашиб, ўз ҳарбий базаларирни қуришга киришди.

Ливиядаги парокандалик қўшни давлатларга ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаган, ҳудуддаги гуруҳлар фаолияти масалан, 2013 йилда қўшни давлат Малига кўчган ва Франция бу вазиятга аралашишга мажбур бўлган. Ҳатто бундан бир неча кун олдин Малида ҳарбий давлат тўнтариши юз берди. Ливия атрофидаги кўплаб давлатлар – Тунис, Чад, Нигерда муаммолар шундоқ ҳам етарли ва ливиялик жангарилар улар учун ортиқча бош оғриқ. Тўғри, Ливия – минтақадаги муаммоларнинг ягона манбаи эмас, аммо муаммоларнинг энг йиригидир.

Хуллас, “қора қитъа”да барқарорлик орзулари хомҳаёлга айланадиган кўринади. Қора кучлар ранги қора, аммо қалби тоза Африка халқларининг тинч яшашига имкон бермайдиган кўринади. Катта авлод яхши билади, ХХ асрнинг 60-йиллари том маънода Африка йили бўлган эди. Мустақилликка эришган Африка мамлакатлари халқлари келажагига катта умид билан боқишган, бироқ Африканинг қатор мамлакатларда фуқаролар уруши бошланиб кетгани боис давлатлар иқтисоди катта зарар кўрганди. Бир қатор Африка мамлакатлари мустақил тараққиёт йўлини танлаган бўлишига қарамай, қашшоқлигича қолаверди. Бунга ҳукумат раҳбарларининг тараққиёт йўлини ўз вақтида ишлаб чиқмагани сабаб бўлди. Боз устига давлатчилик қурилиши ўта мураккаб кечди. Ярим асрдан ошибдики, Африкада хотиржамлик йўқ. Африка Иттифоқига 55 давлат аъзо. Аммо учинчи кучлар Африка иттифоқининг жипслашувига, ягона иқтисодий ва сиёсий маконни яратишларига йўл бермаяпти. Ахир улар бирлашса, мустамлакачиларнинг ҳукмронлигига барҳам бериладида. Бежизга истилочилар “бўлиб ташла, ҳукмронлик қиласан” шиорини илгари суришмаган. Четдан қилинган тажовузкорона ҳаракатлар оқибатида ислоҳотлар ўрнига бутун давлат тузуми, одамлар турмуши сурбетлик билан бузиб ташланди. Оқибатда демократия ва ривожланиш ўрнига – уруш, қашшоқлик ва миллионлаб қочқинлар пайдо бўлди.
Абдували Сойибназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img