Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонРамазон ойининг улуғ фазилатларидан бири унинг саховат ойи эканида

Рамазон ойининг улуғ фазилатларидан бири унинг саховат ойи эканида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин! Бутун дунё мўмин-мусулмонлари Рамазон Ҳайитини катта шодиёна ва хурсандчилик ила кутиб олди. Юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ушбу ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият билан қарши олди.

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, барчамизни Рамазон ойининг фарз рўзасини адо этишликка етказди. Бу йил мамлакатимизнинг масжидларида таровеҳ намозлари ўқилди, 1380дан ортиқ жомеларда хатми Қуръон тиловатлари янграб турди. Мўмин-мусулмонлар ҳар оқшом масжидларимизни тўлдириб, карантин талабларига риоя қилган ҳолда ибодатда бўлдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 185-оятида шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. Ушбу ояти карима Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзал ва устунлигини ҳамда бу ойда бажарилган ҳусни ибодатлар ва солиҳ амаллар учун юксак ажр-савоблар битилишидан далолат беради. Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади. Шу боисдан ушбу муаззам ойда мўмин кишилар ота-онаси, қариндошлари, қўни-қўшнилар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиб, уларга такаллуфлар кўрсатиб, яхшиликлар қилишга, эҳсонлар улашишга эришдилар. Муҳтожларга эса кўмак кўрсатилиб, кўнгиллари шод қилинди. Бу ҳайру амаллар бизнинг Учқўрғон туманида, Қайқиобод қишлоғида ҳам бажарилди. Зеро, Рамазон ойининг улуғ фазилатларидан бири унинг саховат ойи эканида ҳамдир. Хайр-саховат, меҳр-мурувват жонажон юртимизда халқимиз томонидан асрлар оша амал қилиб келинган азалий қадрият саналади. Юксак саховатга эга бўлган улуғ зотлар, уларнинг тарихда қолган эзгу ишлари ва эъзозли номлари бугун ҳам замондошларимиз, хусусан, ёшларимиз учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолмоқда.

Мухтасар айтганда, бу йилги Рамазоннинг фазлидан юртимиз янада файзли, мусулмонлар солиҳ амалларни бажариб, қалб роҳатида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир”, деганлар. Мўмин-мусулмонлар Ҳайит байрамини яқинлари даврасида ўтказадилар. Айниқса, ота-оналарга янада хушмуомалада бўлишиб, хурсандчиликлар улашишади. Уларнинг дуоларини олишади.
Шунингдек, муҳтожлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, болаларга шодлик улашиш, уларнинг қалбларига хурсандчилик киритиш катта савоб амаллардан бири. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Мусулмон киши ҳайитга янги кийимларини кийиши, хушбўйликлар суртиши мустаҳаб. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Зотан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара-чопон кияр эдилар”, деган.

Юртимизда коронавирус билан хасталанганлар сони ортиб боряпти. Бу эса карантин талабларига оғишмай риоя қилишимизни англатади. Рамазон ҳайити байрамида ҳам бунга қатъий амал қилишимиз, бир-биримизни асраб-авайлашимиз керак бўлади. Зеро, динимиз ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка чақиради. Дуоларимизда эса мазкур касаллик тезроқ бартараф бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан сўрайлик.

Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бундай шароитда халқимиз маънавияти, анъаналарини асраб-авайлаш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш муҳим вазифаларимиздан бири бўлмоғи лозим. Ушбу вазифа уламолар, имом-домлалар, диний соҳа вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Каҳф” сураси, 46-оятида шундай марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир”. Ҳақиқатан ҳам фарзанд — ҳаётимизнинг қувончи. Уларга чиройли тарбия бериш янада улуғ ва савобли ишдир. Бу иш ортидан ота-онага раҳматлар келиб туради. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг пухта билим эгаллашлари, фойдали касб-ҳунар билан машғул бўлишлари учун замонавий имкониятлар яратиляпти. Қолаверса, мавжуд тизим асосида ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳаётда муносиб ўринларини эгаллашларига кўмаклашилмоқда. Зеро, муқаддас динимизда ҳам илм эгаллаш ҳар бир мусулмон учун фарз қилинган. Илм инсонни ҳамиша азиз ва мукаррам, даражаси баланд, обрў-эътиборга эга бўлишига ёрдам беради. Демак, биз имом-хатиблар жума мавъизаларида, аҳоли билан учрашувларда ёшлар маънавияти, маърифатини юксалтириш, уларга Ватанга садоқат туйғуларини сингдириш борасида имкон қадар янада кўпроқ содда маърузалар қилишимиз зарур бўлади. Умуман олганда, ёшларимиз муборак динимизнинг инсонпарварлик таълимотлари, беназир маънавий дурдоналаримиздан баҳраманд бўлишса, уларни ҳеч ким чалғитолмайди.

Барчамизни Рамазон ҳайитига эсон-омон етказган, юртимизни тинчлик-хотиржамликда сақлаётган Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин. Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Зуҳриддин ТУРДИМАТОВ,
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги
“Нурмуҳаммад бува” жомеъ масжиди имом хатиби

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img